Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:27

Москвада муҳожирлар миллатчиларга қаршилик кўрсатди


Москвада ҳибсга олинганларнинг катта қисми миллатчилар ҳужумига учрган меҳнат муҳожирларидир.
Москвада ҳибсга олинганларнинг катта қисми миллатчилар ҳужумига учрган меҳнат муҳожирларидир.

Москвада миллатчи гуруҳлар ўтказаётган “ноқонуний муҳожирларни аниқлаш” рейдларидан бири оммавий муштлашув ва отишма билан якунланди. ФМС жабрланган муҳожирлардан 20 нафари депортация қилинишини маълум қилмоқда. Россия мухолифатидаги РПР-Парнас партияси Москванинг Капотня мавзесида бўлиб миллатчилар рейдларини қоралаб чиқди ва мамлакатда миллатчилик кайфияти кучайиб бораётганидан хавотир билдирди.



Ўтган жума, 27 сентябр куни Москванинг жануби-шарқидаги Капотня мавзесида маҳаллий миллатчилар ва мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот маркази раҳбари Аркадий Баширов Озодлик билан суҳбатда жанжалда 60 яқин одам иштирок этгани ва муҳожирларга ҳужум қилган миллатчи “фаоллардан” бири травматик пистолет ўқидан бошидан жароҳатланганини айтади.

- 27 сентябр куни кечки 8:24 дақиқада “02” хизматига фуқаролардан Капотнянинг 1-квартали 6-уй ёнида оммавий муштлашув бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушди. Ҳодиса жойига етиб келган полиция ходимлари фуқароларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди. Аниқланишича, турли пудратчи ташкилотлар ишчилари яшовчи бу уйга 8:20 дақиқаларда 30 нафарча ёшлар келиб, Москвада қайдда турмасдан яшаётган мигрантларни аниқлашга келишганини айтишган. Тарафлар ўртасида жанжал муштлашувга айланиб кетган. Бу ерда регистрациясиз яшаётган шахслардан бири рухсатномаси йўқ травматик пистолетдан бир неча бор ўқ узган. Жами полиция бўлимига 60 киши, жумладан 47 нафар меҳнат муҳожири ва 13та миллатчи ёшлар олиб келинди,- дея маълум қилди Москва полицияси расмийси Аркадий Баширов.

Шунингдек, ҳодиса жойидан пойтахтнинг тиббий муассасаларидан бирига бошидан пистолет ўқидан ярадор бўлган 1981 йилда туғилган аёл госпитализация қилинганини айтди полиция бошқармаси вакили.

Полиция 4 кишига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 213-моддаси 2-қисми, яъни “безорилик” асосида жиноий иш қўзғатди. Маҳаллий тергов қўмитаси ҳозирда бу шахсларни тергов якунига қадар ҳибсда қолдириш аризаси билан судга муожаат қилгани маълум бўлди.


“Щит Москвы”нинг муҳожирларга қарши навбатдаги рейди барбод бўлди
Капотнядаги муштлашувни бошлаган “Щит Москвы” ёки “Москва қалқони” ташкилоти фаоллари бўлган.

Ташкилотнинг яқинда ишга тушган расмий сайтидаги телефон рақами ва бу ташкилот раҳбари Алексей Худяковларнинг шахсий қўл телефони орқали ўланишнинг иложи бўлмади. Айрим манбаларга кўра, ҳибс эитлганлар орасида Худяков ҳам бўлган. “Қалқончилар”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Капотнядаги отишма ва жанжал борасида бирор изоҳ берилганича йўқ.

“Москва қалқони” ташкилоти сайтида ўзини “Россия Федерацияси қонунчилиги бузилаётганини аниқлаш бўйича Жамоатчилик ҳаракати” деб номлаётганини кўриш мумкин.

Улар шаҳарнинг асосан марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари яшаётган “турар жойларни аниқлаш ва полицияга хабар бериш”ни ўзига мақсад қилиб қўйганига қарамасдан, куни кеча Youtube порталида пайдо бўлган видеода миллатчи-тақирбошлар муҳожирлар яшаётган хоналар эшикларини бузиб, ҳақоратлаб қиришга уринаётгани тасвирланган.



Видеода юзига маска тақиб олган миллатчилар қўлида таёқ ва тўқмоқ билан одамлар уйига кириб бораётганини кўриш мумкин.

Бирдан подъездлардан бирида 5-6 марта ўқ овози янграйди.

Тум-тарақай бўлиб кетган миллатчилар билан бирга “тез ёрдам” машина орқасида яшириниб ўтирган полиция ходимларини ҳам кўриш мумкин. Отишма бўлаётган жойдан боши қонга беланган қиз чиқиб келади.

Видеода ҳодиса жойига етиб келган полиция ходимлари миллатчи-ёшлар томонидан ёқилган шашка тутуни қоплаган бинонинг хона ва коридорларига киришга қўрқиб тургани ва отишма бошланганида биринчилар қаторида қочиб кетаётгани тасвирланган.

Миллатчилар ўз форумларида деярли ҳар бир хонада уларни ош пичоқлари билан қуролланган муҳожирлар кутиб олганини иддао қилмоқда. Отишмадан 20 дақиқа ўтиб бинога бостириб кирган ОМОН жангчилари 47 нафар муҳожирни калтаклаб автобусларда полиция бўлимига олиб кетгани айтилмоқда. Жанжал жойидан омончилар “Щит Москвы” ташкилотининг 13 нафар иштирокчисини ҳам қўлга олгани хабар қилинди.


“Россия миллатчилик домига тортилмоқда”
Озодлик сўнгги пайтларда рус сиёсатчилари сайловолди кампания давомида миллатчилик ва мигрантларга қарши руҳдаги қатор баёнотларни берганини хабар беран эди.

29 сентябр куни Россия миллатчилик домига тортилиб кетилаётганидан хавотир РПР-Парнас мухолифатчилар партиясининг баёноти пайдо бўлди.

Ҳаракат етакчиси Борис Немцов ўзининг саҳифасида Капотнядаги миллатчиларнинг мигрантларга ҳужумини қоралаб чиқди.

“РПР-Парнас партияси бу ҳужумни кескин қоралайди. Партия миллатчилик руҳида қилинган бундай жиноятлар, жумладан, кўплаб россиялик сиёсатчиларнинг нутқларидан кейин авж олди, деб ҳисоблайди”, дейилади мухолифатчилар расмий баёнотида. “Парнасчилар”, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идораларидан Капотнядаги ҳужум ташаббусчиларини аниқлаш ва жавобгарликка тортишни, келажакда бундай ҳаракатларнинг олди олиниши зарурлигини талаб қилди.

Москвадаги “Ватандош” Ўзбеклар жамияти раҳбари Усмон Баратов ҳам Россиянинг турли шаҳарларида бош кўтараётган миллатчилик Кремл яширинча олиб бораётган сиёсат натижаси эканини айтади.

- Бу Россия ҳукуматининг норасмий қилаётган ишлари. Бу биринчи воқеа эмас, охиргиси ҳам эмас. Қонун бўйича фақат полиция шунақа ишлар билан шуғулланиши мумкин. Минг маротаба яхши ташкилот бўлишиги қарамасдан, бундай полиция ишларини қилса, Россия Жиноят Кодекси асосида жиноят ҳисобланади. Бунга Россия Федерацияси кўзини юмяпти. Кремлда катта лавозимда ўтирган рус миллатчилар буни очиқ шиор қилиб чиқара олмайди, мансабидан маҳрум бўлади, шунинг учун норасмий тарзда қўллаб-қувватлайди. Қани, рус миллатчиларидан ким қамоққа ўтказилган? Ҳеч ким!- дейди фаол Усмон Баратов.

Федерал миграция хизмати Москва шаҳри бўйича бошқармасида Озодлик сўровига Капотнядаги муштлашув пайтида ушлаб қолинган муҳожирдан 20 нафари депортация қилиниши, қолган 19 киши ҳужжатлари жойида экани ва улар маҳаллий турар-жой комплексида расман фаррош бўлиб ишлаб келаётгани аниқланганини хабар қилишди.

Шунингдек, 28 сентябр куни маҳаллий Жиноят Кодексининг 322.1 моддаси асосида 45 ёшли украиналик аёлга нисбатан ноқонуний миграция ташкил этганлик айби билан жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди.
XS
SM
MD
LG