Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:40

Қирғизистон: норозилар қаршиликни давом эттирмоқда


Иссиқкўлда 8 октябрда вазият кескинлашди. 7 октябр куни Иссиқкўлдаги ҳукумат вакили гаровга олинганидан сўнг Қорақўл шаҳрида ўтаётган митинг куч билан тарқатилган, 23 киши қўлга олинган эди. 8 октябрда митингга чиққан юзлаб одамлар ҳукумат кучларига қарши "Молотов коктейллари" тайёрлаётгани хабар қилинди.

Бугун

17.50. Бундан бир соатларча аввал очилган Балиқчи -Қорақўл йўли яна норозилар томонидан тўсиб қўйилди. Аҳоли йўлни ҳарсанг тошлар билан тўсаётгани ҳақида маълумот бор. Йўл нега қайта тўсилаётгани ҳақида норозилар ҳам, ҳукумат расмийлари ҳам ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

17.15. Сару қишлоғи аҳолиси Балиқчи-Қорақўл йўлини очишга қарор қилди. Айни пайтда йўл очилган. Бундан аввалроқ Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов, агар норозилар йўлни очмаса, милиция қурол қўллаши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди.

Қирғизистон парламенти қўмитаси эса ҳукумат истеъфоси масаласини чоршанба куни ўтадиган йиғинда муҳокама қилиш таклифини киритди.

Собиқ президент Роза Ўтунбаева ўзини 7 октябрдаги тартибсизликларни уюштирганликда айблаган манбаларни судга беришини эълон қилди. Бундан аввалроқ қирғиз матбуоти махсус хизматлардаги манбага таянган ҳолда, Иссиқкўлдаги тартибсизликларни Роза Ўтунбаева, собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабанов ва ҳукуматнинг Иссиқкўлдаги вакили Эмил Қаптагаев уюштирганини ёзиб чиққан эди.

Сару қишлоғидаги сўнгги соатдаги вазият қуйидаги видеода:



16.20. Қирғизистон кучишлатар тузилмалари Сару қишлоғида тартиб ўрнатишга тайёр ҳолга келтирилди. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитовнинг қирғиз матбуотига билдиришича, милиция томонидан махсус воситалар ва қуроллар қўлланилиши мумкин. “Махсус воситалар ва қуроллар қонунчиликда белгиланган тартибда ва қонунчиликда белгиланган вазиятга асосланиб қўлланилади”, деди Т. Мамитов.

Унга кўра, ҳукумат норозилардан “йўлни очиш ва транспорт ҳаракатига тўсқинлик қилмаслик”ни талаб қилмоқда. “Агар бу талаб бажарилмаса, милиция қишлоқда тартиб ўрнатиш бўйича амалиётни бошлайди”, деди қирғиз расмийси.

16.00. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов Сару қишлоғидаги норозилар ва ҳукумат вакиллари ўртасидаги музокараларда муросага келинмаганини билдирди. Норозилар 7 октябрда ҳукумат расмийси гаровга олинганидан сўнг Қорақўлда куч билан тарқатилган намойишда иштирок этгани учун қўлга олинганларни бўшатишни, Қумтор олтин кони Канададан тортиб олиниб, миллийлаштирилишини талаб қилмоқда.

Қирғизистон парламентида айрим депутатлар Қумтор олтин кони бўйича Канада ширкати билан янги шартномани имзолаган Ж.Сатибалдиев раҳбарлигидаги ҳукуматни истеъфога чиқариш масаласини кўтардилар. Ҳукуматнинг парламентдаги вакили бу талаб ноқонуний эканини айтиб чиқди. Депутат Ўмурбек Текебаевга кўра, Қумтор масаласи сиёсий баҳо бериш учун 9 октябрда ўтадиган парламент йиғинида муҳокама қилинади.

Айрим маълумотларда 200, бошқа хабарларда 700 кишидан иборат экани айтилаётган норозилар ҳарбий вертолётлар ёрдамида назорат қилинмоқда. Сару қишлоғига ўт ўчирувчи машиналар олиб келинди. Бундан аввалроқ норозилик намойиши ташкилотчилари кучишлатар тузилмаларга 100 нафар отлиқ ва “Молотов коктейллари” билан қаршилик кўрсатишга тайёр эканини билдирган.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Қорақўлда 7 октябрда ўтказилган ва бугунги воқеаларга сабаб бўлган митинг собиқ президент Роза Ўтунбаева, собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабанов ва ҳукуматнинг Иссиқкўлдаги вакили Эмил Қаптагаев томонидан уюштирилгани ҳақидаги тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслигини билдирган эди.

15. 10. Митинг ташкилотчиларидан бири Аблас Усенбаевнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдиришича, митингчилар Қумтор олтин кони юзасидан янги шартнома қабул қилинганидан норози. Уларга кўра, олтин кони Канада ширкатидан тортиб олиниб, Қирғизистон ҳисобига миллийлаштирилиши лозим. Иккинчи талаб эса, 7 октябрда ҳукумат расмийси гаровга олинганидан сўнг Қорақўлда куч билан тарқатилган намойишда иштирок этгани учун қўлга олинган 23 кишини бўшатиш бўлмоқда.

Усенбаев агар ҳукумат куч қўлласа қаршилик кўрсатишга тайёр эканликларини, 100 нафар отлиқ қаршилик кўрсатишга тайёр турганини ва ёнилғи қуйилган “Молотов коктейл”лари тайёрлаб қўйилганини айтди.

14.44. “Сару қишлоғида вазият оғир”. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов мана шундай баёнот берди. Унга кўра, ҳукумат қишлоқда юз бераётган воқеаларни ноқонуний ҳаракат сифатида баҳоламоқда. Тўқўн Мамитовнинг айтишича, норозилар томонидан пачоқланган ва ўт қўйиб юборилган машина Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига тегишли бўлган. Шунингдек, Қирғизистон расмийси бугун эрталаб Сару қишлоғи аҳолиси норозиларни тинчлантириш учун келган Жети –Ўғуз тумани милицияси бошлиғига ҳужум қилинганини тасдиқлади.

14.00. Саруу қишлоғи ҳарбий вертолётлар ёрдамида назорат қилинмоқда. Айрим хабарларда айтилишича, вертолётлардан ҳавога қарата автоматлардан огоҳлантирувчи ўқ отилган. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов Сару қишлоғини назорат қилаётган икки вертолёт Қирғизистон қуролли кучларига тегишли эканини тасдиқлади.



13.00. Сару қишлоғида йўл тўсган аҳоли. Айрим ахборот агентликларининг маълум қилишича, “Молотов коктейл”ларини тайёрламоқда. Улар ҳибсга олинган ҳамқишлоқларини озод қилиш талабида собит эканини айтмоқдалар.

12.00. Митингчилар томонидан бир енгил автомашина ёқиб юборилгани хабар қилинди. Балиқчи-бишкек йўли катта юк машинаси ёрдамида тўсиб қўйилди. Митингга чиққанлар сони 700 га етгани айтилмоқда.



9.00. Иссиқкўлнинг Сару қишлоғи аҳолиси 7 октябр куни Қорақўлдаги митингни куч билан тарқатиш пайтида қўлга олинган ҳамқишлоқларини ҳибсдан озод этиш талаби билан митингга йиғилди ва Бишкек-Балиқчи йўлини тўсиб қўйди. Уларнингг сони 150 нафар экани айтилмоқда.

Бир кун аввал

7 октябр куни Қумтор олтин конини миллийлаштириш талаби билан митингга чиққанлар гаровга олган Қирғизистон ҳукуматининг Иссиқкўлдаги вакили Эмил Қаптагаев 8 октябрга ўтар кечаси гаровдан озод қилинди ва митингчилар куч қўллаш йўли билан тарқатиб юборилди.

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти маркази Қорақўл шаҳрида 7 октябр кеч соат 11 ларда вазият барқарорлашди ва кучишлатар тузилмалар назоратни ўз қўлига олди.

Хабарларга қараганда, Қумтор олтин конини миллийлаштириш талаби билан митинг ўтказган оламон куч билан тарқатилганидан сўнг шаҳарни махсус кучларнинг қуролланган отрядлари назорат қилмоқда.

7 октябр куни тушдан кейин митингчилар норозилар билан учрашувга келган Қирғизистон ҳукуматининг Иссиқкўл вилоятидаги вакили Эмил Қаптагаевни гаровга олган эди. Ҳукумат расмийсини гаровдан бўшатиш юзасидан норозилар билан олиб борилган музокаралар натижа бермагач, митинг куч билан тарқатилган. Эмил Қаптагаев кеч соат 9-10 лар атрофида гаровдан бўшатилиб, иш жойига қайтган эди.

Қорақўлдаги митинг
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:06 0:00
Бевосита линк


Эмил Қаптагаев гаровдан бўшатилганидан сўнг маҳаллий телеканал орқали чиқиш қилиб, Қорақўлда фавқулодда вазият жорий этилмаслигини, бироқ шаҳар кучайтирлган тарзда назоратга олинганини маълум қилди.

Милиция норозилик митингига чиққанларни овоз чиқарувчи гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи воситалар ёрдамида тарқатгани хабар қилинган. Митингчилар Қорақўл шаҳри кўчаларига баррикадалар қураётгани ҳақида ҳам хабарлар берилган эди. Бироқ бу хабар мустақил манбалар томонидан тасдиқланганича йўқ.

Дастлабки маълумотларга қараганда, милиция ва норозилар тўқнашувида олти милиционер ҳамда бир норози жароҳат олган. Милиция томонидан митингда иштирок этган 23 одам, жумладан, митингнинг икки ташкилотчиси қўлга олинган. Улар 8 октябр куни эрталаб Бишкекка олиб келингани ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида сақланаётгани айтилмоқда. Қорақўлдаги митинг юзасидан Жиноят кодексидаги ҳукумат вакилини гаровга олиш, тартибсизлик уюштириш, ўлим таҳдиди билан зўравонлик кўрсатиш каби моддалар бўйича жиноят иши очилган.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 8 октябр куни Иссиқкўлдаги воқеалар бўйича кучишлатар тузилмалари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди.

“Айрим одамлар ва уларнинг ортида турган айрим сиёсатчилар бутун мамлакатни ўз шартларига ва манфаатларига амал қилишга мажбурлашига йўл қўмаслигимиз керак. Қирғизистонда барқарорлик ва тартибни сақлаб қолиш лозим”, деб кўрсатама берган президент йиғилиш пайтида.

Айни пайтда расман Иссиқкўлдаги вазият назорат остида экани айтилмоқда. Аммо хабарларда Иссиқкўлдаги Жети-Ўгуз тумани милицияси раҳбарига ҳужум қилингани, айрим аҳоли пунктларида оз сонли одамлар митингга йиғилаётгани айтилмоқда.

Қумтор Қирғизистондаги энг йирик олтин кони ҳисобланади. Мазкур кон Канада ширкати томонидан ўзлаштирилади. 2005 ва 2010 йилги халқ исёни кунларида ҳам Қумтор олтин коннини миллийлаштириш талаби кун тартибига қўйилган эди. Бунга Бишкек расмийлари Канада ширкати билан Қирғизистон манфаатларига зид келувчи шартномани имзолагани сабаб қилиб кўрсатилган.

Бир ҳафта олдин, деярли олти ой давом этган музокаралардан сўнг, Қирғизистон ҳукумати Қумтор олтин конини Канада ширкати билан 50/50 улуш билан ишлатиш ҳақидаги шартномани имзолашга муваффақ бўлган эди.
Аммо норозилар Қумтор 100 фоиз давлат ҳисобига миллийлаштирилишини талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG