Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:27

Ганнушкина мигрант ва қочқинларга кўмаги учун тақдирланди


“Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази фаоли ва “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина Стиг Ларссон мукофотига сазовор деб топилди. Мукофотнинг ташкилий қўмитаси ҳуқуқ фаоли Россияда муҳожирлар ва қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун тақдирланганини маълум қилмоқда.

7 ноябр куни Швеция пойтахти Стогҳолмда россиялик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва инсон ҳақлари учун тиниб-тинчимас курашчи Светлана Ганнушкинага Стиг Ларссон мукофоти топширилади.

Танлов ҳайати мукофот Ганнушкина хонимга “Россияда инсон ҳақлари ҳимояси соҳасидаги сабот ва матонати” учун берилганини таъкидлади.

“Муҳожирлар ва қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қила туриб, у Россияда демократия тараққиётига катта ҳисса қўшди. Таҳдид ва сиёсий қийинчиликларга қарамасдан, бу инсон дискриминацияга учраган ва зўравонлик қурбони бўлган одамларга кўмаклашувчи бирданига иккита ташкилотда фаолият юритиб келмоқда. У доимо барча одамлар ҳуқуқлари тенглиги ва қадр-қиммат тамойилини қўллаб-қувватлаб келган. Айнан Стиг Ларссон руҳида”, дейилади швед мукофоти ташкилий қўмитаси матбуот учун тарқатган маълумотда.

Светлана Алексеевнанинг касбдоши, Россиядаги бевосита меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи лойиҳа раҳбари Анастасия Денисова Озодлик билан суҳбатда бу мукофот айнан ҳозирги пайтда Ганнушкинага топширилгани бежиз эмаслигини гапиради.

- Мукофот релизида чиройли қилиб “Мигрантлар ва қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кўп йиллик кураши” учун деб таърифланган бўлсада, барчамиз биламизки, бугунги кунда Россияда инсон ҳақлари учун курашиш жуда мураккаб жараёнга айланиб бормоқда. Ўйлайманки, бу мукофот биз – россиялик кам сонли ҳуқуқ ҳимоячилари қилаётган меҳнатимизга муносиб эътибор ҳамдир, дейди “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг ирқчилик, миллатчилик ва ксенофобияга қарши кураш лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова.

У жаҳон ҳамжамияти Светлана Ганнушкинанинг фаолиятини олқишлаб, тақдирлаб келаётган бир пайтда Россиянинг ўзида ҳукуматга қарашли марказий телеканал ва газета-журналларда совриндор устидан ёлғон-яшиқ “маълумотлар” тарқатилаётганидан таассуф билдирди.

Гап шундаки, Светлана Ганнушкина Швецияда Ларссон мукофоти билан тақдирлангани тўғрисида хабар пайдо бўлиши билан бир вақтда Россиянинг НТВ телеканалида “Ҳуқуқ ҳимоячиси Ганнушкина квартирасида нелегаллар ва ҳужжатсиз хитойлик аниқланди” сарлавҳаси остида “репортаж” пайдо бўлди.

“Сурков ташвиқоти” номини олган НТВ телеканали негадир Ганнушкинани “жанжалкашлиги билан машҳур” экани, хонада аниқланган шимолий кореялик сиёсий қочқин Чо Пан Намни эса “хитойлик нелегал” эканига урғу берди.
“Фуқаровий кўмак” ташкилотига тегишли квартирада , НТВга кўра, “ноқонуний бандитлар тўдалари иштирокчилари” ва “қўшни мамлакатларда ҳуқуқ мухофазаси идоралари қидирувида бўлган шахслар” аниқланган.

Светлана Ганнушкина телеканалнинг бу иддаоларини рад этиб, бу хабарни “ғирт ёлғон ва разиллик”, деб атади.

- Бу махсус хонамизда Россия ҳудудида қочқинлик излаб юрган одамлар паноҳ топган, уларнинг ҳужжатлари ҳам жойида. Шимолий кореяликни эса биз Узоқ Шарқдаги сув тошқини пайтида Москвага олиб келдик, у ҳам аллақачон ариза топшириб рухсат олган, деди НТВнинг “ноқонуний муҳожирлар” тўғрисидаги хабарини рад этган Светлана Ганнушкина.

Светлана Ганнушкина ва у бошқараётган “Фуқаровий кўмак” кўплаб ўзбек муҳожирлари ва сиёсий қочқинларига ёрдам қўлини чўзган.

Бир ҳафта давомида Москванинг Домодедово аэропортида 4 нафар фарзанди билан депортация хавфи остида қолаётган андижонлик муҳожир аёл ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаётган ягона ташкилот ҳам айнан “Фуқаровий кўмак” эканини таъкидлаш жойиз.

Ганнушкина ташкилоти ёрдамида Россияда сиёсий бошпана ололган бухоролик Абдусами Озодлик билан мулоқотда қочқинлар ҳимояси билан профессионал тарзда шуғулланаётган тизимлар Россияда йилдан йилга камайиб бормоқда, дейди.

- “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкинани мен анчадан бери танийман. Албатта, бу мукофот муборак бўлсин, деймиз ва мукофот бу инсонга берилишига арзийди, деб ўйлайман. Улар Россияда муҳожирлар ва қочқинлар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича ташкилотлар орасида энг фаоли, медиа ҳудудида ҳам анча фаолдир. ОАВ орқали чиқиш қилиб, мигрантларни иш ҳақини бермасдан депортация қилинаётганини биринчи бўлиб Светлана Ганнушкина кўтариб чиққан эди. Жуда ачинарли ҳолки, муҳожирлар ҳуқуқлари билан Россияда битта мана шу “Фуқаровий кўмак” шуғулланиб келмоқда. Шахсан ўзим ҳам бепул адвокатлик ёрдами ва қочқинлик мақомини олишда шу ташкилот ёрдамидан фойдаланганман. Мен улар юзлаб меҳнат муҳожирлари ва қочқинларни ҳимоя қилаётганини кўриб турибман, дейди ўзбекистонлик сиёсий қочқин Абдусами.

Айтиш жойизки, 2010 йилда қатор халқаро ташкилотлар Светлана Ганнушкинани Тинчлик соҳасидаги Нобел мукофотига номзод сифатида илгари сурган эди.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти 1990 йилда Шимолий Қорабоғ ва Иттифоқнинг турли жойларидан кескин кўпайиб кетган қочқинларга ёрдам тарзида Светлана Ганнушкина ташаббуси билан тузилган. У 1991 йилда “Мемориал” Ҳуқуқ ҳимояси марказини тузишда иштирок этган. 1996 йилда БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссарлик билан ҳамкорликда “Миграция ва Ҳуқуқ” ташкилотига асос солди.

2010 йилда Ўзбекистондан қочиб келган рус казагига кўрсатган ҳуқуқий ёрдами учун Рус казакларининг “Россияга ишонч ва хизмати учун” ордени билан тақдирланган.

2012 йилда Светлана Ганнушкина Россияда президент этиб Владимир Путин сайланганига ўз норозилиги ифодаси тарзида, Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашни тарк этган.
XS
SM
MD
LG