Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:55

“Ўзбек сноуденлари”нинг Россия ҳудудига киришларига рухсат берилди


Зулхумор Алижонова ва унинг тўрт фарзанди Москвадаги Домодедово аэропорти транзит зонасида бир ҳафта яшашга мажбур бўлганлар.
Зулхумор Алижонова ва унинг тўрт фарзанди Москвадаги Домодедово аэропорти транзит зонасида бир ҳафта яшашга мажбур бўлганлар.
Роппа-роса бир ҳафта Москвадаги Домодедово аэропорти транзит ҳудудида қолган андижонлик қочқин Зулхумор Алижонова ва унинг тўрт фарзанди ниҳоят аэропортни тарк этишга муваффақ бўлди. Эндиликда улар бир йилгача муваққат бошпана изловчи мақомида Россия ҳудудларида юришлари мумкин.

Бу ҳақда Озодликка Зулхумор Алижонованинг ўзи билдирди.

- Жума куни менга: “ФМС (Федерал миграция хизмати – таҳр.) қарори келади, унгача сизларни депорт қилмаймиз”, дейишди. “Бўпти” деб кутиб ўтирсак, соат 11 ларда аэропорт ходимлари келиб, “биз сизларни олиб кетамиз”, дейишди. Биз йўл бўйидаги скамейкада ўтиргандик, “энди бошқа хонага кўчиришади шекилли”, деб турсам, “Кетдик-кетдик, сизларни ватанингизга қайтариб юборамиз”, деб қолди. Кейин мен “Гражданское содействие”га телефон қилдим. Улар аэропортга телефон қилишиб, бизни олиб қолишди, - дейди Зулхумор Алижонова.

Шундан сўнг “ўзбек сноуденлари” деб аталаётган қочқин аёл ва унинг болалари олдига Россия Федерал миграция хизмати вакили Котов келиб, уларга билдиришнома ташлаб кетган.

- ФМС ходими кетганидан бир-икки соат кейин яна “Гражданское содействие”га телефон қилиб, “қоғоз бериб кетсаям, мени қўйиб юборишмаяпти” десам, “сабр қилиб туринг-чи, буёғи яхши бўлади”, дейишди. Кутиб ўтирдик. ФМС ходими яна қайтиб келди. У билан бирга чиқиб кетдик. Етаклаб ўзи олиб чиқиб кетди ФМС ходими: “Ҳамма нарсаларингизни йиғиштиринглар” деб. Биз хурсанд бўлиб, болалар билан йиғиштириниб, чиқиб кетдик, - дейди суҳбатдошимиз.

Зулхумор Алижонова ва унинг тўрт фарзанди 4 октябр куни Бишкекдан Москвага учиб келганларидан сўнг олдинига депортация қилинадиганлар учун мўлжалланган изоляторда, кейин эса Домодедово аэропорти транзит ҳудудида қолганлар. Уларнинг депортация қилинишига Москвадаги “Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) ҳуқуқни ҳимоя қилиш қўмитаси йўл қўймаган.

Ўтган бир ҳафта мобайнида қочқин аёл ва унинг болалари Домодедово аэропорти транзит ҳудудида дурустроқ егуликсиз ва иссиқ кийимсиз қолиб кетганлар.

Зулхумор Алижонова 14 октябр, душанба куни тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиши учун Федерал миграция хизмати идорасига таклиф қилинганини айтади.

- “Черно-белий суратларни олиб келсанглар, документ қилиб берамиз”, деди, – дейди қочқин аёл.

Озодликка маълум бўлишича, Алижоновлар оиласи бошлиғи Ҳавасбек ўзбек махсус хизматлари таъқибидан қутулиш учун аввалроқ Москвага келган. Диндор эри билан бирга Москвада бўлган Зулхумор Алижонова бир муддат аввал яқинлари томонидан Қирғизистонга чиқариб юборилган тўрт фарзандини олиб келиш учун Бишкекка етиб борган.

Қирғизистон пойтахтидан учиб кетишга муваффақ бўлган она-болаларни Москвадаги Домодедово аэропорти чегара хизмати ходимлари Зулхумор Алижонова паспортида фарзандларининг фотосурати бўлмагани важидан Россия ҳудудига киритишдан бош тортгандилар.
XS
SM
MD
LG