Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:10

Қирғиз дипломатлари Бирюлёвода қўлга олинган ватандошларини ҳибсдан озод қилди


Москванинг Бирюлёво мавзесида миллатчилар томонидан 13 октябрда уюштирилган тартибсизлик пайтида қўлга олинган Қирғизистоннинг 14 фуқаросидан 9 нафарини қирғиз дипломатлари қамоқдан чиқариб олди. Айни пайтда қолган қирғизистонликларни ҳибсдан озод қилиш ҳаракати бўлмоқда.

Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси берган маълумотда айтилишича, 13 октябрдаги тартибсизликлар пайтида қўлга олинган 1600 дан ортиқ муҳожирнинг 14 нафари қирғизистонлик бўлган.

Аввалига Москва расмийлари қўлга олинган муҳожирлар орасида қирғизистонликлар йўқ эканини билдирган эди. Бироқ бу билдирувдан қониқмаган қирғиз дипломатлари Бирюлёводаги милиция бўлинмаларига бориб, вазиятни воқеа жойида ўрганишга ҳаракат қилган. Натижада дипломатлар Бирюлёвадаги милиция бўлимларида Қирғизистоннинг 14 нафар фуқароси ҳибсда сақланаётганига гувоҳ бўлган.

-Рейдлар давомида қирғизистонлик муҳожирлар қўлга олингани ёки олинмаганини мунтазам ўрганиб борамиз. Бирюлёводаги воқеадан кейин маҳаллий милиция раҳбари ўринбосари билан учрашганмиз. Шундан кейин Бирюлёвадаги милиция бўлимларини бирма-бир айланиб чиқдик. Қарасак, милиция бўлимларида 9 қирғиз фуқароси бор экан. Ўша ернинг ўзидаёқ улардан 8 нафарини ҳибсдан бўшатилишига муваффақ бўлдик, -деди Қирғизистоннинг Москвадаги вице-консули Алмаз Букалаев.

Унга кўра, айни пайтда Москва милицияси яна 5 нафар қирғизистонликни ҳибсда ушлаб турибди. Улар майда тартиббузарликларда айбланаётгани учун фақат суд орқали озод этилиши мумкин.

-Кеча тунги соат 4 дан бугун кундузги тўрт яримларгача қамоқда қолган қирғиз фуқаролари билан бирга бўлдик. Ҳибсда қолаётган 5 одамнинг масаласини ҳал қилишимиз керак. Улардан бирининг суди бугун бўлади. Бу бола Россияда яшаш тартибини бузган экан, у 18 сентябрда Россиядан чиқиб кетиши керак бўлган, бироқ шу кунгача Москвада ноқонуний ишлаб келган. Унга маъмурий жазо қўлланилади. Бу боланинг судида иштирок этамиз, судга бу ҳақда илтимоснома ҳам киритганмиз, -деди Алмаз Букалаев.

Москванинг Ғарбий Бирюлёво мавзеида рус миллатига мансуб Егор Шчербаковнинг 10 октябрда кавказ миллатига мансуб шахс томонидан ўлдирилгани иддао қилинганидан сўнг, бу ерда 13 октябр куни рус миллатчиларидан иборат оламон тартибсизликларни келтириб чиқарган эди.

13 октябр кунги тартибсизликлар чоғида 23 одам, жумладан, полициянинг 8 ходими жароҳат олгани айтилмоқда. Мазкур зўравонликлардан кейин Россия полицияси 1600 дан ортиқ меҳнат муҳожирини ҳибсга олган. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.
XS
SM
MD
LG