Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:40

Тўрткўллик фермер: Ватанимни ташлаб қаёққа қочаман?!


Uzbekistan - The criminal court of Yakkabog in cotton season, undated
Uzbekistan - The criminal court of Yakkabog in cotton season, undated
Пахта терими авжида далани ташлаб қочгани хабар қилинган, пахта даласида кутилмаганда кўринмай қолгани расмийлар томонидан ҳам тасдиқланган тўрткўллик фермерлар бир вақтда Озодликка боғланиб, қаерга ва нега ғойиб бўлганини маълум қилди. Фермерлар бир овоздан "Ватанини ташлаб қочмаганини" маълум қилди.


17 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги бир неча фермер "ҳокимият зўравонлигидан безиб", мамлакатни тарк этганини Озодлик хабар қилган эди.

Бу ҳақда воқеа жойидаги икки мустақил манба хабар берган ва бу хабарни Тўрткўл тумани ҳокимлиги вакили қисман тасдиқлаган эди.

Фермерларнинг айни пахта мавсумида далада кўринмай қолганини айтган манба ўз хабарида уларнинг исми-фамилиясини келтирган эди.

Хабарда "қочиб кетгани фермерлар" шу тумандаги “Абдулла Бекимбетов” фермер хўжалиги раиси Мухтор Бекимбетов, “Исмоил оқсоқол” фермер хўжалиги раиси ҳамда МТПнинг бошлиғи Анвар Исмоилов ва “Машризо Машриф” фермер хўжалиги раиси Ҳамиджон Матризаевлар экани айтилган эди.

Аммо, 23 октябр куни номи тилга олинган фермерлардан иккиси - Мухтор Бекимбетов ва Анвар Исмоиловлар бир вақтда Озодлик радиосига боғланиб, ўзларининг далани ташлаб қочгани ҳақидаги маълумотни рад қилди.

- Мен ҳеч қаёққа қочмадим, Қозоғистонга тўйга борган эдим, деди Мухтор Бекимбетов.

Анвар Исмоилов эса ҳамкасби Ҳамиджон Матризаев билан бир вақтда бир хил касал билан тўсатдан оғриб қолгани боис, бирга Тошкентга даволанишга бориб, бир вақтда қайтганини айтди.

- Энди соғлик бўлмаса иложи йўқда! Иккаламизда ҳам почка, бир хил касал, бир докторда даволаниб келдик, - деди Анвар Исмоилов.

Ҳар икки фермер йиғим-терим авжида пахтазорни ташлаб кетаётганидан ҳокимиятни огоҳлантирганини айтди.

Қуйида Тўрткўл туманидаги “Абдулла Бекимбетов” фермер хўжалиги раиси Мухтор Бекимбетов раддиясини тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:37 0:00
Бевосита линк


Қуйида эса “Исмоил оқсоқол” фермер хўжалиги раиси ҳамда МТПнинг бошлиғи Анвар Исмоилов раддиясини тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:48 0:00
Бевосита линк


Шунингдек бу фермерлар номидан Озодликка шарҳ ҳам йўлланди.


Қарийб бир мазмунда ёзилган шаҳрлар ҳам айнан 23 сентябрь куни бир вақтнинг ўзида Озодлик радиоси веб сайтига етиб келди.

Шарҳлар Озодликка боғланган икки фермер ва булар билан қочгани айтилган учинчи фермер – “Машризо Машриф” фермер хўжалиги раиси Ҳамиджон Матризаевлар номидан ёзилган.

Бу фермерларнинг ишини ташлаб қочганини хабар қилган манбалар бу ҳодисани фермерларнинг пахта топшириш режасини бажаришга кўзи етмагани боис, жазога тортилиши мумкинлигидан қўрқиб қочишга мажбур қолгани билан изоҳлаган эди.

Фермерларнинг қочиб кетгани айтилган 17 октябрдан бир кун ўтиб — 18 октябр куни Қорақалпоғистоннинг айни шу Тўрткўл туманида яшовчи 38 яшар фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилган.

Манбалар фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилганини айтган.

Ўзбекистонда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган амалдор ва фермерлардан пахта режасини бажаришни талаб қилиб босим ўтказиши, ҳақорат қилиши ва ҳатто, уриши кўп кузатилади.

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл туман ҳокимлигида ўтказилган мажлис чоғида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб, юрак хуружидан жон берган эди.

Яна шу йилнинг апрел ойида Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманида ўтказган йиғилишида ўнга яқин фермерни калтаклади.

2012 йилнинг август ойида Жиззах вилояти, Зарбдор туман ҳокими металлолом йиғиш бўйича вазифани бажаришга ваъда бера олмаган туман Халқ таълими бўлими мудирини калтаклаган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Туроб Жўраев 2011 йилнинг 25 октябр куни Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда 8 та коллеж директорини муштлаб урган эди.

2011 йилнинг сентябрида Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 ёшли фермер Исмоил Тўраназаров ҳоким тазйиқларидан сўнг ўз жонига қасд қилганди.

Тошкент вилояти Янгийўл туман прокурори Зиёдулла Йўлдошев 2011 йилнинг сентябрида шу туманнинг Убай Муасев қишлоғи маҳалла қўмитаси раисининг муовини Зуҳриддин Зокировни пахта теримига етарли одам йиғмагани учун калтаклаган.

2009 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамасининг Жиззах вилоятидаги вакили Ўктам Турсунов фермерлардан бирининг ишидан камчилик топиб,унинг ўзига гўр қаздирган, маҳалла имомини чақиртириб келиб, тирик фермерга жаноза ўқиттирган.
XS
SM
MD
LG