Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:31

Тошкент пахтадан қайтди, вилоятлар қачон қайтиши маълум эмас


Бундай 1,5 ой олдин пахтаГА эди, кечадан буён эса, пахтаДАН!
Бундай 1,5 ой олдин пахтаГА эди, кечадан буён эса, пахтаДАН!

Ўзбекистон пойтахтидаги олий ўқув юртлари пахта йиғим-термидан қайтди. Айни пайтда вилоятлардаги ўқув юртлари талабалари ҳамон пахта даласида қолмоқда.


Озодлик блоггерларининг талабалар пахта теримидан қайтаётгани ҳақидаги хабарлари, хусусан, бир блоггернинг Тошкент Ирригация ва Мелиорация институти талабалари теримдан қайтгани тўғрисидаги хабари изидан бориб, тилга олинган ўқув юрти билан боғландик:

- Бу Ирригация институтими?

- Ҳа.

- Талабалар пахтадан қайтдими?

- Ҳа, қайтишди.

- Пахтада неча кун бўлишди?

- 38 кун.

- Ўқиш эртага бошланадими?

- Шанба куни бошланади, деди Ирригация ва Мелиорация институтининг ўзини таништирмаган домласи.

Бу йилги пахта теримига Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлигига қарашли пойтахтдаги бошқа олий ўқув юртларининг ишчи-хизматчилари, лаборантлари ҳамда магистрлари жалб этилгани, улар ҳам кечадан буён даладан қайтиб бўлгани тўғрисида Шарқшунослик институтининг ўзини таништиришни истамаган домласи хабар қилди.

Унинг айтишича, Шарқшунослик институти вакиллари мавсум давомида 250 тоннадан зиёд пахта териб берди.

Тошкентдаги олий ўқув юртлари талаба ва мударрислари учун “Пахта фронтидаги уруш тугаган” (блоггерларимиздан бирининг ибораси) бир пайтда вилоятлардаги ўқув юртлар талабалари учун “жанг” давом этмоқда.

Урганч давлат университети талабаси Озодлик саволига пахта даласида туриб жавоб берди: “Ҳали қайтганимиз йўқ”.

Бухоро Давлат Тиббиёт институти талабалари ҳам ҳамон пахта даласида қолмоқда. Ўқув юрти вакилидан сўрадик:

- Тиббиёт институтими?

- Ҳа.

- Талабалар пахтадан қайтдими?

- Йўқ, йўқ ҳали.

- Қачон қайтишаркан?

- Хабарим йўқ.

- Талабалар неча кундан бери пахтада?

- 1 ою 7 кун бўлди.

Жиззах Давлат Политехника институти талабаларининг пахтага чиққанига 24 октябрь куни 35 кун тўлди. Қачон қайтишлари ҳали маълум эмас. Институт билан боғландик:

- Политехника институтими?

- Ҳа.

- Талабалар пахтадан қайтдими?

- Йўқ, ҳали.

- Қачон қайтишаркан?

- Хабаримиз йўқ.

- Талабалар неча кундан бери пахтада?

- 19 сентябрдан бери.

Ҳадемай 2013 йилги пахта мавсуми якунига етади ва анъанага кўра, мамлакат Президентининг Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига табриги эълон қилиниши мумкин.

Давлат раҳбари ўша табрикномасида ўзларининг бевосита юмушлари – ўқишдан камида 1 ярим ойга узилган талабаларга ва бошқа ҳашарчиларга алоҳида раҳмат айтадими-йўқми, буни бироз кутишга тўғри келади.

Ҳар ҳолда ўтган йилги табрикда айтмаган эди.
XS
SM
MD
LG