Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:08

Обид қори издошларидан яна 7 киши судланди, 4 таси қочиб кетди


Иккала гуруҳ ҳам Обид қори Назаровдан моддий кўмак олиб туришда айбланган.
Иккала гуруҳ ҳам Обид қори Назаровдан моддий кўмак олиб туришда айбланган.

Ҳижратдаги ўзбек имоми Обид қори Назаровга алоқадорликда айбланган яна 7 кишининг суди 7 октябр куни якунланди. Суд ҳукмига кўра, Ўрикзор бозорида савдо қилиб келган савдогарлар 9 йилдан 13 йилгача қамоққа ҳукм қилинди. Яна тўрт киши Ўзбекистондан қочгани учун қидирувга берилгани айтилаяпти.



Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг 7 октябр кунги ҳукмига кўра, Ўрикзор бозорида савдогарлик қилган ота-бола Тўхтахўжаевлар, уч ака-ука Фаттоҳовлар ва уларнинг икки жияни Обид қори Назаровга алоқадорликда айбдор деб топилган.

Ҳозирда Тоштурмада сақланаётган маҳкумлардан бирининг яқини Озодликка берган маълумотларга кўра, пойтахтнинг Учтепа тумани Алгоритм мавзесида яшовчи 48 яшар Фатҳулло Тошҳўжаев 13 йил, унинг ўғли 23 яшар Нурилло Насруллаев 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Уч ака-ука Суннатилла, Абдуҳамид, Абдуғани Фаттоҳовлар эса 9 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Фаттоҳовларнинг икки жияни эса 3 йилга шартли равишда кесилган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, судланувчиларнинг барчаси Тошкентнинг Ўрикзор бозорида қурилиш моллари билан савдо қилиб келган. Улар жорий йилнинг 17 февралидан 20 февралигача кетма-кет ҳибсга олинган.

Уларга дастлаб 15 суткалик қамоқ жазоси берилган. Кейинчалик барчасига нисбатан Жиноят кодексининг Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш (244/1-модда), Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш (244/2-модда) ва Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш (159-модда) моддалари бўйича жиноий иш очилган.

Тошкентлик ушбу етти савдогарга очилган жиноий иш ўтган йилнинг ноябрида ҳибсга олиниб, жорий йил апрелида узоқ муддатларга қамалган олти кишининг иши билан бевосита боғлиқ экани айтилаяпти.

Озодлик манбасига кўра, етти савдогар бозорчилардан йиғилган закот пулларидан Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган диндор маҳкумларга озиқ-овқат¸ кийим-кечак олиб бориб турган ва маҳкумларнинг оила аъзоларига Ҳайит кунлари моддий кўмак кўрсатган.

Етти савдогар апрелда қамалган олти кишидан иборат гуруҳ билан ҳамкорликда ишлаганликда айбланган.

“Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда айбланган иккала гуруҳ ҳам Обид қори Назаровдан моддий кўмак олиб туришда айбдор деб топилган.

Суд ҳукмига кўра, Обид қорининг Тошкентдаги “ўнг қўли сифатида кўрилган” Шуҳрат Тожибоев бошчилигидаги “гуруҳ ҳар ойда Назаров Швециядан жўнатган пуллардан 2 мингдан 20 минг АҚШ долларигача ойлик олиб туришганини тан олишган”.

Иккинчи гуруҳ аъзолари эса судда Обид қори дискларини эшитганликларини тан олишган, лекин ундан пул олиб турганликларини инкор қилишган.

Озодлик манбасига кўра, ўтган йилнинг ноябрида қама-қамалар бошлангач, ҳибсга олинувчилар рўйхатида бўлган тўрт тошкентлик йигит Ўзбекистондан қочиб кетиб, қамалишдан қутилиб қолган.

55 яшар Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

Яқинларидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, ўшандан бери Назаров шифохонада комада ётибди.

1996 йилнинг ёзида расман имомликдан олинган Обид қори Назаровга нисбатан 1998 йилнинг 5 мартида жиноий иш қўзғатилди.

У кишига Ўзбекистон ЖК нинг 159-, 244-, 216-моддалари асосида Ўзбекистон Конституцион тузумига тажовуз, таъқиқланган диний ташкилотлар тузиш ва унга раҳбарлик қилиш, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш ва диний экстремизм, яъни “Ваҳҳобийлик” оқимига алоқадорлик ҳақидаги айбловлар қўйилди.

Кейин эса юртни тарк этишга мажбур бўлган уламо 2000 йилдан то 2006 йилгача Қозоғистонда, 2006 йилдан кейин расман қочқин, деб тан олиниб, Швецияда яшай бошлаган.
XS
SM
MD
LG