Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:52

"Ғишт кўприк" пунктидаги тиқилинчда кампирнинг оëғи синди"


Ўзбек-қозоқ чегарасидаги энг йирик божхона ўтказиш пункти бўлган “Ғишт кўприк” пунктида ҳосил бўлган узундан-узун навбат ур-тўполон ва одамлар ҳаëтига зомин бўлмоқда¸ уларга жисмоний ва руҳий зарба бермоқда . 9 ноябрь куни Ўзбекистон ҳудудида узоқ навбат кутган қозоғистонлик хаста келинчак вафот этган бўлса¸ Озодликка келган хабарларга кўра¸ 21 ноябрда тиқилинчда қолган кекса аëлнинг оëғи синган. Бундай тиқин¸ айтилишича¸ асосан¸ чегаранинг Ўзбекистон томонида содир бўлмоқда.

22 ноябрь куни Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонликлардан бири:
“Ўзбекистондаги “Ғишт кўприк” таможнясида тўполон. Қозоғистон томони одамларни тез-тез ўтказаяпти¸ Ўзбекистон таможняси бўлса¸ ҳар бир соатда 10 та одамни қабул қилаяпти¸ холос. Ўзбекистон таможнячилари жуда секин ишлаяпти. Бугун таможнядаги тўс-тўполонда бир қари аëлнинг оëғи синди”¸ деб ëзди.

Фуқаролардан келган бу каби шикоят мурожаатларига Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати қошидаги Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

“Ғишт кўприк” пунктининг Қозоғистон томонидаги “Жибек Жоли” божхона-ўтказиш пункти раҳбари Бархан Минбаев Озодлик билан суҳбатда икки давлат ўртасидаги энг йирик бу ўтказиш нуқтасида оддий ўзбекистонликлар арз қилган каби оғир вазият ҳукм сураëтганини тан олди.

“Чегаранинг Ўзбекистон томонида навбатларнинг кети узилмайди¸ ўзбек расмийлари чегарадан ўтмоқчи бўлаëтганларни ниҳоятда секинлик билан ўтказмоқда¸ бунинг сабаби эса¸ ҳамкасбларимга кўра¸ жуда жўн”¸ дейди қозоқ божхоначилари раҳбари:

- Ўзбек ҳамксбларимдан бундай узун навбатлар ва одамларнинг ниҳоятда секин ўтказилаëтгани сабаби ҳақида кўп сўраганман. Божхоначиларга кўра¸ улар нормал ишламоқда¸ тиқин чегарачиларнинг секин ишлашидан келиб чиқмоқда¸ бошқа муаммо йўқ.

Биз томонда бир йўналишда доим олтита дарча очиқ ва 10 нафар чегарачи ишлаëтган бўлса¸ Ўзбекистон томонида бор-йўғи икки чегарачи бор. Бизда бир кунда 20 та чегарачи ишласа¸ уларда атиги тўртта. Биз ўзбек-қозоқ чегарасидаги энг катта ўтказиш нуқтасимиз ва бир кунда бизнинг пунктимиздан 10-11 минг одам икки давлатга ўтиб қайтади. Бунча одамни фақат тўрт расмий томонидан ўтказилишини кутиш учун қанча вақт навбатда туриш кераклигини ўзингиз тасаввур қилаверинг¸ дейди Жибек Жоли” божхона-ўтказиш пункти раҳбари Бархан Минбаев.

Қозоқ божхоначилари раҳбарига кўра¸ ўзбек томонидаги узун навбатлар ҳозирга келиб одатий манзарага айланган ва бу тиқилинч Ўзбекистон Мустақиллик байрами ва Янги йил арафасида янада ëмонлашади.

Кўпчиликда ўзбек-қозоқ чегарасида давом этаëтган бу навбатларнинг асосий сабаби Қозоғистонга ўтмоқчи бўлаëтган ўзбек гастарбайтерлари кўплигида¸ деган нотўғри тасаввур ҳосил бўлган¸ деб қўшимча қилади қозоқ божхона-ўтказиш пункти раҳбари.

Аммо асл вазият бошқача¸ дейди Баран Минбаев:

- Икки давлат чегарасидан Ўзбекистондан Қозоғистон тарафга ўтаëтганлар 10 фоизга кўпроқ¸ холос. Ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтаëтганларнинг 70 фоизини чегарабўйи ҳудудларида яшовчи маҳаллий аҳоли ташкил қилади. Бир оиланинг қариндош-уруғи Ўзбекистон томонда¸ бошқасиники Қозоғистон тарафда¸ тўй-маърака деганларидек.. Гастарбайтерлар ўтаëтганларнинг кўпи билан 10 фоизини ташкил этади. Қолганлар эса¸ тадбиркорлар¸ бошқа давлат фуқароларидир¸ дейди Жибек Жоли” божхона-ўтказиш пункти раҳбари Бархан Минбаев Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ ўтказиш пунктларидаги вазиятга оид фуқаролар шикоятлари¸ хусусан¸ уларнинг чегарадаги ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар¸ таъмагирлик ва коррупцияга оид мурожаатлари Қозоғистон чегарачи ва божхоначилари томонидан жиддий қабул қилинади ва бундай мурожаатлар учун махсус ишонч телефонлари мунтазам ишлаб турибди. Айни пайтда¸ Минбаев¸ иккала давлат хизмати ҳам журналистларнинг вазият ҳақидаги саволларига очиқ жавоб беришга ҳамиша ҳозир.

Ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтиш учун “Ғишт кўприк” – “Жибек Жоли” пунктига кунига бош ураëтган минглаб одам шароитини яхшилаш¸ уларнинг чегарадан инсоний қадр-қимматга лойиқ шаклда ўтишини таъминлаш учун Ўзбекистон томонидагилар билан гаплашиб¸ бирор чора-тадбирни муҳокама қилаяпсизларми?деган саволга қозоқ расмийси:

- Уларга вазиятни тушунтирамиз¸ аммо ўзбек ҳамкасбларимиз доим МХХ ни рўкач қилишади. Уларга кўра¸ давлат чегараларини қўриқлашга масъул бўлган МХХдагилар истаса¸ ўтказиш пунктидаги навбатларни камайтириш учун янги дарчалар очиб¸ янги ходимларни ишга ëллайди. Шундай қилмаëтган экан¸ демак бу жўнгина муаммони ҳал қилиш МХХ даги раҳбарларга керак эмас¸ деган мантиқни тушунтиришади¸ дейди Бархан Минбаев.

Озодликка мурожаат қилган оддий ўзбекистонликлар¸ ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билиб¸ тегишли тизимлардан чегарадаги вазиятни яхшилаш¸ давлат чегарасидан ўтиб-қайтиш шароитини нормаллаштиришни талаб қилсалар¸ балки вазият ўзгарар¸ дейди Бархан Минбаев.

- Бундай вазиятдаги энг тўғри йўл¸ менинг ишонишимча¸ ҳар кимнинг ўз ҳаққини ўзи ҳимоя қилишидир. Бу айниқса¸ таъмагирлик¸ коррупция каби қонунбузарликларга тегишли. Агар бизнинг ходимларимиз томонидан қўполлик¸ қонунбузарлик содир этилаëтган бўлса¸ марҳамат¸ шикоят қилишсиз¸ мурожаат қилишсин¸ биз муаммони ҳал қилишга ҳаракат қиламиз¸ дейди ўзбек-қозоқ чегарасидаги Жибек Жоли” божхона-ўтказиш пункти раҳбари Бархан Минбаев Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG