Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:08

Москваликлар мигрантлар шаҳарчаси қурилишига қарши чиқди


Москва шаҳрининг Тропарёво-Никулино тумани фуқаролари 1300дан ортиқ меҳнат муҳожирига мўлжалланган ётоқхона қурилишига қарши норозилик намойиши уюштирди. Миллатчилик кайфияти кучайиб бораётган пойтахт Москвада Бирюлёво ва Кондопогага ухшаш вазият юзага келишидан чўчиган шаҳар маъмурлари “мигрантлар геттолари” шаҳар марказида жойлаштирилмаслигини ваъда қилди.



Москванинг Тропарёво-Никулино туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар шаҳарнинг жануби-ғарбида “Жилишчник” коммунал хўжалик ширкати ишчилари учун шаҳарча қурилишига қарши чиқдилар.

Яқин кунларда туман фаоллари Москва ҳокими Сергей Собянинга мазкур масала юзасидан талабнома жўнатишлари маълум бўлди.

Норозилар номидан чиққан маҳаллий туман муниципал депутати Владимир Гарначук берган интервьюларидан бирида фаррошлар ва усталар шаҳарчасининг январдан бошлаб қурилиши оқибатида туманда криминоген вазият мураккаблашишини тахмин қилди.

- Амалда, шаҳримиз "қуллар армияси" томонидан тозаланмоқда. Улар қанча вақт ва қанчага дейилса ҳам, ишлашга тайёр. Гастарбайтерларнинг бир жойда бундай кўп сонли концентрацияси йирик, бошқариб бўлмайдиган жамоа пайдо бўлиши, этник жиноятчилик маркази вужудга келишига олиб келади. Улар ўз ошхона, кафе, уйларини қуради. Бундай анклавларнинг шаҳар марказида пайдо бўлиши эса маҳаллий фуқаролар норозилигини келтириб чиқариши табиий ҳол. Ахир куни кеча узоқ вақт давомида аёлларни зўрлаб келган бир гуруҳ тожик боллар қўлга олинди. Айтингчи, бизга яна бир Бирюлёво керакми?- деди депутат Владимир Гарначук.

Халқ намояндаси Тропарёво-Никулино туманида мигрантлар шаҳарчаси қурилмаслигига 90 фоиз ишонч билдирди.

Айни пайтда, шаҳарликларнинг норозилигидан чўчиган туман муниципал ҳокимияти “пойтахт марказида ҳеч қандай геттолар қурилмаслиги” ҳақида баёнот берди.

- Ноқонуний меҳнат муҳожирлари учун шаҳар марказида шаҳарчалар қурилишини режалаштирганимиз йўқ. Биз уларга Москванинг ён-атрофидан жой қидиряпмиз, аммо Подмосковье туманлари ҳам уларни жойлаштиришни истамаяпти. Демак, Москвага қўшилган янги туманларда ФМС назорати остида лагерлар учун жой қидирамиз,- дея ишонтирди “Новости” ахборот агентлиги орқали Россия пойтахти мэри муовини Леонид Печатников.

Печатников шаҳарга мигрантларни жалб қилиш квотаси йилдан-йилга камайтирилаётгани, кириб келаётган 2014 йилда квота 200 минг киши ёки Москванинг меҳнатга лаёқатли аҳоли сонидан 3 фоизни ташкил этишини қўшимча қилди.

Шаҳар маъмурияти матбуот марказида Озодлик сўровига жавобан ишчилар учун қурилаётган ётоқхоналарда яшаётган муҳожирларни назорат қилиш қулай бўлиши, уларнинг яшаш шароитлари ҳам қоидаларга мувофиқ яхшиланишини билдиришди.

“ТОНГ ЖАҲОНИ” Халқаро нотижорат ташкилоти юристи, юридик фанлари номзоди Валентина Чупик Озодлик билан суҳбатда бундай геттолар ва шаҳарчалар биринчи навбатда мигрантларнинг ўзига хавф туғдиради, деган фикрни айтди.

- Бундай шаҳарчаларнинг геттолашиб кетиши ҳеч гап эмас, чунки мигрантлар ғуж бўлиб яшаётган жойларда полициянинг, миллатчиларнинг “ўтлаб” юриши табиий. Натижада, мигрантлар яна икки ўт орасида қолади! Полиция у ёғда турсин, қўриқлайдиган зонада ҳатто қўриқчилар мигрантлар ҳисобига фойда кўришни бошлайди. Шу сабабли, мен шахсан муҳожирлар шаҳарчалари қурилишига қаршиман. Мен бундай шаҳарчалар мавжудлигини биламан, улар жуда кўп сонли. Ана шу шаҳарчалардаги вазиятни таҳлил қилиб бундай деяпман. Тушунинг, масала мигрантлар сони ёки уларнинг жиноятчилигида эмас: гап биринчи навбатда москваликларнинг миллатчилик касаллигига дучор бўлганида,- дея хулоса қилди кўп йиллардан буён Москвада мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаб келаётган юрист Валентина Чупик.

Москвада мигрантларга қарши маҳаллийларнинг норозилик чиқишлари биринчи маротаба ўтказилаётгани йўқ.

Озодлик Москванинг икки тумани – Текстилшчики ва Митинода миллатчилар томонидан уюштирилган норозилик намойишлари туфайли масжидлар қурилиши бекор қилингани тўғрисида хабар берган эди.

Москва шаҳар мэрияси шаҳарда ноқонуний меҳнат муҳожирлар сонини 1,5 миллион одамни ташкил этганини тахмин қилаётган бўлса, Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев пойтахтда 3,5 миллион муҳожир ноқонуний яшаб юрганини билдирмоқда.

Полиция раҳбари бу рақамнинг 24,2 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этишини ҳам маълум қилди.
XS
SM
MD
LG