Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:15

Халқаро муҳожир кунини ўзбек муҳожирлари облаваларда кутиб олди


18 декабрь - Халқаро муҳожирлар куни. Бирюлёво, Матвеевская ва Гольяноводаги ҳодисалардан кейин Россия ҳукумати илк маротаба бу кунни расман нишонлашга қарор қилди. Бироқ, Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг аксари вазият кун сайин оғирлашиб бораётганини таъкидламоқда.

1990 йилнинг 18 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро Конвенциясини қабул қилган эди. 10 йил ўтиб – 2000 йилнинг 4 декабрида, дунёда муҳожирлар сони кескин кўпайиб бораётганини инобатга олган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 18 декабрни Халқаро муҳожирлар куни, деб эълон қилди.

Аммо шу бугунгача, айниқса Россияда бундай куннинг мавжудлигини бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари ва мутахассислардан бошқа ҳеч ким тасаввурига ҳам келтирмайди.

Сўнгги пайтларда Россияда содир бўлган оммавий ғалаён ва норозиликлар туфайли Кремль миграция масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини англаб етган кўринади.

Кейинги кунларда Федерал миграция хизмати кўмагида турли муассасаларда бадиий-театрлаштирилган лойиҳалар амалга оширилди; ФМС раҳбарияти матбуот анжуманлари уюштириб, миграцияга оид йиғилиб қолган саволларга жавоб бериб кўрди; турли мамлакатлар билан халқаро видеомулоқотлар ва бошқа қатор маданий-маърифий тадбирлар уюштирилди;17-19 декабр кунлари Москвадаги Достоевский кутубхонаси, “Фаланстер” китоб дўкони, Тургенев кутубхонасида миграция масалаларига оид давра суҳбатларлари ўтказилади.

Бироқ, Муҳожирлар кунида уюштирилаётган бундай тадбирлар ва давралар "Москва амалдорларининг кўзбўямачилиги, холос", дейди ўз муносабатини билдирган “Фуқаровий кўмак” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина Озодликка:

- Аслида, Муҳожир куни одамларнинг ҳеч бўлмаганда йилда бир маротаба уларнинг ёнларида ёрдамга муҳтож, меҳмон сифатида қабул қилиниши керак бўлган одамлар яшаётганига эътибор беришлари учун белгилаб қўйилган. Бу кунда мигрантларнинг муаммолари нимадан иборат экани, жуда бўлмаганда уларга кулиб қўйишлари сўралади. Бизнинг ташкилотда эса, ҳар куни Муҳожир куни: оғир аҳволга тушиб қолган мигрантлар сони эшигимиз олдида кун сайин кўпайиб бормоқда. Кейинги пайтларда ҳукуматимиз бемаъни қонун-қоидаларни шу даражада кўп қабул қилдики, эндиликда миграция ва мигрантларга бўлган муносабатни ҳеч қандай давра суҳбатлари билан ўзгартириб бўлмайди, дейди Светлана Ганнушкина.

Фикрини давом эттирар экан, у "Путин ва Медведев кўрсатмаси билан гўё “ноқонуний миграцияга қарши”парламентда қабул қилинаётган қонунлар энг аввало россияликлар ҳуқуқ-манфаатларини оёқ ости қилмоқда", деди.

“Биз худди трамвайда чиптасиз кетяпмизу, контролернинг ўзи ҳам чипталар қаерда сотилиши билмайди, чунки бу трамвайга чипталар ҳеч қаерда сотилмайди! Мамлакат фуқаролари ва муҳожирлар ҳам Россия деган трамвайда доимо қонунбузар бўлиб қолаверади”, дея ўхшатиш қилди Светлана Ганнушкина.

Москвадаги “Ватандош” Ўзбеклар жамияти раиси Усмон Баратов ҳар бир ҳукумат ва давлат ўз муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаши ва бу масалада улар жавобгар эканини гапиради.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:26 0:00
Бевосита линк


Озодлик билан суҳбатда жамоатчилик фаоли "Ўзбек муҳожирлари бу байрамни қандай кайфиятда кутиб оляпти?" деган саволга бундай жавоб берди:

- Россияда мен сизларнинг Радионгиз орқали бу кун билан, энг аввало, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва Бош вазири Дмитрий Медедевни табрикламоқчиман: улар ҳам Санкт-Петербургдан Москвага ишлагани келган меҳнат муҳожирлари. Кайфият масаласида эса, муҳожирлар жуда оғир кайфият билан бу байрамни кутиб олишмоқда. Янги қонунлар киргизиляпти, бу муҳожирларнинг аҳволи социал-сиёсий-юридик, яъни ҳар томонлама янада оғирлаштирмоқда. Одамлар бу кун ҳақида билмайди, аслида меҳнат муҳожири учун бу - Бахтсизлик куни, деса ҳам бўлади, дейди ўзбеклар жамияти раҳбари Усмон Баратов.

Дарҳақиқат, охирги пайтларда Россияда миграцияни чекловчи қатор федерал ва маҳаллий қонун-қоидалар қабул қилингани ҳақида Озодлик ҳабар бериб келмоқда.

Москвада ҳам ўқиб, ҳам ишлаб кун кечираётган ўзбекистонлик 21 ёшли Хумоюн исмли йигит Муҳожир куни ҳақида эшитмаганини Озодликка гапирар экан, кайфияти ҳечам байрамона эмаслигини айтади.

- Рости, День Мигранта эканини биринчи маротаба эшитяпман. Бугун бизнинг байрам эканда... Лекин ёмон бўлса бўляптики, яхши бўлмаяпти вазият. Тинимсиз кўчалардаги проверкалардан, рейд, облавалардан билса бўлади буни. Кўчада полиция ходимлари ҳар қадамда тўхтатиб олиши... Халқнинг ўзида ҳам расизм, миллатчилик кайфияти кўзидан билиниб турибди. Худди уларнинг нонини еб қўяётгандек! Илгари бу даражада эмас эди, ҳозир борган сари миллатлар ўртасида олов ёқиляпти. Ҳар куни телевизорда “Мигранти вот так живут, вот так делают!” деганидан кейин, газеталарда ёмонлаб чоп этганидан кейин, халқ буни еяпти, уларга бу ёқяпти. Кўчага чиқиб эса бизларга гапиряпти, гапирмагани - кўзида ифода бўляпти. Манимча, бу энди тўхтамаса керак. Бизнинг Ўзбекистонда 130 ортиқ миллат вакиллари яшарди, лекин бизларда миллатчиликни кўрмаганман, олдинларни ҳисобга олмасак, - деди 21 ёшли талаба Хумоюн.

БМТ расмий маълумотига кўра, ҳозирга келиб энг кўп гастарбайтерлар сони АҚШда қайд этилган. Охирги йиллари бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринга Россия чиқиб олди.

2013 йил октябр ойидаги ўз чиқишида БМТ Бош котиби Бан Ки Мун мигрантлар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя остига олишни кўзлаган 8 банддан иборат дастурни илгари сурди.

“232 миллион одам тўғилиб ўсган мамлакатидан ташқарида яшамоқда. Жумладан мен ҳам”, деди БМТ Бош котиби.
XS
SM
MD
LG