Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:45

Москва метросида "ўзбек мафияси" ушланди


Москва метрополитенида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш ва сотишда айбланаётган 29 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибс этилди. Оператив ходимлар томонидан ўта сифатли экани эътироф этилган ясама ҳужжатлар¸ асосан¸ Россияга иш излаб келган меҳнат муҳожирларига пулланган.

Москва метроси полиция бошқармаси оператив ходимлари қалбаки ҳужжатлар сотаётганликда гумонланаётган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди.

"Изқуварлар ўтказган махсус операция давомида ўз юртдошларига сохта миграция қайдлари, ишга рухсатнома ва чегарани кесиб ўтганлиги тўғрисида штампларни уриб бераётган 29 ўзбекистонлик аёл ва эркак ушланди", дейди Озодлик билан суҳбатда амалиёт тафсилотларини очиқлаган Москва метрополитенидаги Ички ишлар бошқармаси расмийси Алексей Мышляев:

- Ушланган 29 кишидан 6 нафарига жиноий айблов эълон қилинди ва улар 91- модда асосида жиноят жойида ушлангани боис, ҳибсда қолди. Қолганларга эса 18.8, аниқроғи Россия ҳудудида истиқомат қилиш қоидаларини бузганлик моддаси асосида маъмурий иш очилди. Бу материаллар судга топширилади ва улар депортация қилинади, деди Алексей Мышляев.

Ички ишлар бошқармаси вакили маълумотига кўра, товламачиликда гумонланаётган ўзбекларга тегишли олтита квартирада тинтув ўтказилган.

Замонавий компьютер ва нусха кўчирувчи асбоб-ускуналар билан жиҳозланган “махфий офислар”да полициячилар ФМС, Ички ишлар вазирлиги, ФСБ Чегара хизмати, Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли 120 зиёд муҳр ва бланкалар мусодара қилинган.

“Уларда ҳатто Федерал миграция хизматининг тўлдирилган дактилоскопия карталари ва бармоқ изларини олиш учун ускуналар топилди”, дейди жиноий гуруҳ аъзолари техник жиҳатдан яхши таъминланганини айтган Москва метрополитени полицияси вакили Алексей Мышляев:

- Бу бир кунлик иш эмас, албатта. Бундай гуруҳни қўлга олишга 3-5 ой вақт кетади. Масалан, улар қалбаки ҳужжатлар тайёрланувчи квартираларни камида икки ойда бир алмаштириб туради. Нима учун метрополитен полициясининг бу ишга бош қўшганига келсак¸ тайёрланаётган ҳужжатларнинг асосий қисми метро ичкарисида сотилади, кўп ҳолларда бу ишни курьерлар бажараётгани сабабли уларни жавобгарликка тортиш ҳам мушкул, деган расмий¸ айниқса¸ Қозон вокзали метроси ва бошқа метроларда “қоғоз” сотаётганларнинг аксари ўзбеклар эканини таъкидлайди.

Алексей Мышляев мусодара қилинган ҳужжатларнинг деярли барчасини ушланганлар ўз юртдошларига пуллаб келганини маълум қилди.

Расмийга кўра¸ айрим ҳужжатлар метронинг ўзида – фаррошлар хонасида тайёрлаб берилган.

Сўнгги йилларда миллатчилик руҳида ёзилган мақолалари билан танилган “Комсомольская правда” газетасида мазкур рейд давомида қўлга олинган ва товламачиликда айбланаётган ўзбекистонликлар рўйхати чоп қилинди.

“Москвада ўзбек мафияси қўлга олинди” сарлавҳали мақолада келтирилган бу рўйхатдан ушланганларнинг нафақат туғилган санаси, балки уларнинг асосий қисми Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридан эканини аниқлаш мумкин.

Полиция тасдиғига кўра, қалбаки ҳужжатларни тайёрлаганликда айбланаётган олти нафар ўзбек фуқароси 80 минг рублдан зиёд жарима, 3 ойдан 6 ойгача қамоқ жазоси ёки икки йилгача мажбурий меҳнатга жалб қилиниши мумкин.

Айни пайтда, Москва метросидаги муҳожирлар устидан назоратни кучайтириш масаласи Москва шаҳар Думасида ҳам жиддий муҳокама этилмоқда. Москва парламенти депутати Сергей Гончаров пойтахт метросининг “Айлана” линияси ва вокзалбўйи бекатларда Федерал миграция хизмати пунктларини ишга тушириш ташаббуси билан чиқди.

Халқ намояндаси бу пунктлар¸ асосан¸ метрога тушаётган ўзбек, тожик ва қирғиз фуқаролари устидан қўшимча назорат ўрнатиш мақсадида тузилиши лозимлигини яшириб ҳам ўтирмади.
XS
SM
MD
LG