Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:48

Нукусда очлик эълон қилган оилага давлат 175 млн. сўм товон пули тўлади


Уббиниёзовларнинг Нукус шаҳри кўчасидаги вақтинчалик "турар жойи".
Уббиниёзовларнинг Нукус шаҳри кўчасидаги вақтинчалик "турар жойи".
Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳри марказини қайта қуриш оқибатида уйсиз қолиб, ярим йил давомида кўчада яшаган Уббиниёзовлар оиласи давлатдан квартираси учун товон пули олди.

Ташвишларини Озодлик бир неча бор ёритган бу оилага оид сўнгги янгиликни оила бошлиғи Иурат Уббиниёзовга таяниб хабар қилган Uznews.net сайтига кўра, оилага 175 миллион сўм (расмий курс бўйича 79,5 минг АҚШ доллари, қора бозор курси бўйича 65 минг АҚШ доллари) миқдорида компенсация тўланган.

Беш хонали уйи эвазига қиймати тенг уй ололмаётган Уббаниёзовлар оиласи Нукус шаҳрида очлик эълон қилгани тўғрисида Озодлик радиоси 11 декабрь куни хабар қилган эди. Олти ойдан бери ойдан чодирда яшаётган беш кишидан иборат оила Нукус шаҳар ҳокимлиги таклиф қилган товон пулига бузилган уйнинг ўрнини босадиган уй сотиб олиш мумкин эмаслигидан шикоят қилиб келган.


Бундан қарийб 2 ҳафта олдин Нукус шаҳрининг Қорақалпоғистон кўчасидаги 130-уйда яшаган Уббиниёзовлар оиласидан тўрт киши, оила бошлиғи Мурат Уббаниёзов, унинг хотини Муҳаббат, ўғли Саломат ва ногирон укаси Давлат 8 декабрдан бошлаб муддатсиз очлик эълон қилган эди.

Кўчада ўтган 6 ой мобайнида Уббаниёзовларнинг кенжа фарзанди Суръат сентябрь ойида чодирда туғилди.

Ўзбекистонда шаҳарлар марказларини қайта қуриш билан боғлиқ аҳоли шикоятлари кейинги йиллар учун характерли бўлиб қолган.

Шу мавзудаги сўнгги материалларимиз эътиборингизга ҳавола қилинганига кўп бўлгани йўқ.

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани Дўстобод шаҳри марказидаги 228 та уй бузилиб, ўрнига икки қаватли замонавий уйларни қуриш режалаштирилаяётгани, лойиҳага кўра, айрим уйларнинг фақат бир ёки икки хонаси бузилажаги, лекин шаҳар марказидаги иккита кўчада жойлашган барча уйларнинг олд кўриниши икки қаватли бўлиши шартлиги айтилаяётгани тўғрисида Озодлик 20 декабрь куни хабар қилган эди.

Ўша куниёқ Жиззахда уйи бузилган фуқароларнинг давомли норозиликлари ортидан шаҳар ҳокимияти уйлари бузилган ҳар бир оилага ваъда қилинган товон пули шу йилнинг охиригача тўланишини ваъда қилгани тўғрисида ҳам хабар берган эдик.
XS
SM
MD
LG