Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:43

Сочида хавфсизлик чоралари кучайтирилди


2014 йилги Қишки Олимпиада ўйинларига роппа-роса бир ой қолган бир пайтда, ушбу йирик спорт мусобоқаларига мезбонлик қиладиган Россиянинг Сочи шаҳри ва атроф минтақаларда бугундан бошлаб алоҳида хавфсизлик режими кучга кирди.

Бу ҳудудга кирувчи ҳар бир шахс ва транспорт воситаси эгаларидан махсус рухсатнома сўралади. Жумладан, рухсатсиз шаҳарга кирмоқчи бўлган автотранспорт эгалари 3 минг рубл миқдорида жаримага тортилиши мумкинлигидан огоҳлантирилди.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг 30 мингдан ортиқ ходими кучайтирилган тартибда хизматни ўташни бошлади.

Шунингдек, шаҳарда хавфсизликни таъминлаш учун Россия Ички қўшинлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳам жалб этилди.

Ўтган йил ёзида Чечен айирмачи гуруҳи етакчиси Доку Умаров Сочидаги Олимпия иншоотларига қарши ҳужумлар билан пўпса қилган.

Интернетда эълон қилган видеомурожаатида Умаров ўз тарафдорларини Олимпиада ўйинларини ўтказилишига йўл қўймаслик учун ҳаракат қилишга чақирган.

Доку Умаров Россия, АҚШ ҳамда БМТ тарафидан қидирилаётган халқаро террорчиларнинг биридир. Тахминларга кўра, у Кавказ тоғларида яширинган.

Ўтган ой Волгоградда содир этилган портлашларни айрим экспертлар Сочи Олимпиадаси билан боғлашмоқда.

29 январь куни Волгорад вокзалида, бир кун ўтиб эса шаҳардаги троллейбусда рўй берган портлашдан жами 34 одам нобуд бўлди. 70 га яқин одам мазкур портлашлар оқибатида яраланди.

Қўшма Штатлар бўлажак Олимпиада ўйинлари арафасида хавфсизликни таъминлашга кўмак бериш ниятини билдирган.
XS
SM
MD
LG