Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:57

Россия ва Украина автомобилларига йўл солиғи қайта жорий қилинди


Ўзбекистонда Россия ва Украина автомобиллари қўшни мамлакатлардагидан қимматроқ туради.
Ўзбекистонда Россия ва Украина автомобиллари қўшни мамлакатлардагидан қимматроқ туради.

Ўзбекистон Россия ва Украинада чиқарилган машиналар импорти учун Республика йўл жамғармасига ундириладиган тўловни қайта жорий қилди. Мазкур тўлов 2012 йилда Украина ҳукумати босими остида бекор қилинган эди. Жорий йил бошидан эса президент қарорига мувофиқ йўл жамғармасига камида 3 фоиз ҳақ ундирилиши белгиланди. Ўзбекистондаги дилерлар Россия ва Украина машиналари ҳар хил тўловлар боис нархи баланд бўлгани учун унчалик сотилмаслигини айтмоқда.



Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қарорига кўра, 1 январдан бошлаб Россия ва Украинада ишлаб чиқарилган машиналарни импорт қилиш ёки вақтинча мамлакатга олиб кириш учун Республика йўл жамғармасига автомобиль нархининг камида 3 фоизи миқдорида ҳақ ундирилади.

Айни қарор билан рус ва украин автомобилларига жорий қилинган акциз тўлови 5 фоиздан 2 фоизга тушурилди.

Мутахассислар акциз тўловининг камайтирлиши билан бирга йўл жамғармаси тўловининг қайта жорий қилиниши Ўзбекистонга божхона тўловисиз импорт қилиниши рухсат этилган машиналар нархининг ошишига олиб келиши мумкин, деган хавотирда.

Россиянинг ВАЗ ва Украинанинг ЗАЗ корхоналарида ишлаб чиқарилган машиналар билан савдо қилувчи расмий дилер дўконларидан бирининг масъули Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда шундоқ ҳам баланд нархлар янада ошиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

“Биз масалан, Лада Ларгус 19 минг доллар туради, Калина-2ни банкка 18 минг доллар тўлаб олиб чиқиб кетишингиз мумкин. Жуда қиммат бўляпти. Энди нархлар ошмаса эди, деб турибмиз. Ўзи Россия машиналари унчалик кетмайди. Негалигини энди мендан сўраманг, бу ҳақда бизга гапирмаслик тавсия қилинади”, деди ўзини Дилшод деб танриштирган машина дилери.

Айни пайтда Тошкентдаги бошқа расмий дилер дўконнинг вакили янги қарор нархларга унчалик таъсир қилмаслигни айтади.

- 2012 йилгача Россия ва Украинадан импорт қилинган машиналарга йўл жамғармаси ҳисобига 6 фоизлик ҳақ тўланар эди. Ҳозир ўшани қайтаришиб 3 фоиз қилиб қўйишди. Лекин унинг сиз билан менга алоқаси йўқ. Сиз қанча тўлаган бўлсангиз ўша нархда тўлайверасиз,- дейди исми эълон қилинишини истамаган ВАЗ дилери.

Айни пайтда бу суҳбатдошимиз ҳам Россия ва Украина машиналарининг Ўзбекистондаги нархи қўшни давлатларга нисбатан анча қимматроқлигини тан олди.

Масалан, Россияда чиқарилган Лада Ларгус автомобили қўшни Қозоғистонда 13 минг доллар туради, Ўзбекистонда нархи 19 минг доллардан ошади. Украинанинг ЗАЗ Форза машинасининг ўз нархи 11 минг доллар бўлса, Ўзбекистонда 46 миллион сўм, давлат курси билан ҳисоблаганда 20 минг АҚШ долларидан ошиқроқ бўлади.

Айни пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар ҳам ўзбек истеъмолчилари учун хориждагидан анча қимматроқ нархларда сотилади.

Республика йўл жамғармасига ундириладиган тўловлар 2012 йил бошида Ўзбекистон парламенти томонидан бекор қилинган эди. Бунга Украина ҳукуматининг мазкур тўловлар украин машиналарининг Ўзбекистон бозорида рақобат қила олишига тўсқинлик қилаётгани тўғрисидаги норозилиги сабаб бўлган эди.

Украина ҳукумати ўз норозилиги ифодаси ўлароқ 2011 йил охирида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар импортига чекловлар жорий қилган ва бу ўзбек автомобилсозларини ташвишга солиб қўйган эди.

2012 йилгача импорт қилинадиган машиналардан Республика йўл жамғармаси ҳисобига ундириладиган тўлов 6 фоиздан 20 фоизгачани ташкил қилган эди.

Украина ва Россияда Янги йил таътили давом этаётгани боис бу мамлакатлар автосаноати расмийлари ҳозирча Ўзбекистон йўл жамғармаси солиғини қайта жорий қилганига муносабат билдиргани йўқ.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда йилига 3 мингдан 6 минггача хориж автомобиллари сотилади. Бозор потенциали эса йилига 180 мингтагача машинани ташкил қилиши мумкинлиги айтилади.
XS
SM
MD
LG