Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:09

Тиббий сабабга кўра қолдирилган Каримовнинг Чехия сафари февралга режаланмоқда


Чехия президенти ўз меҳмонларини тепаликда жойлашган қадимий Прага қасрида қабул қилади.
Чехия президенти ўз меҳмонларини тепаликда жойлашган қадимий Прага қасрида қабул қилади.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 15-16 декабрга белгиланган Прага сафари чех президенти Милош Земан оëғига лат етгани сабабли кечиктирилган эди. Чехия президенти маъмурияти ва мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг Озодликка билдиришича¸ эндиликда Каримовнинг февраль ойида давлат ташрифи билан Прагага келиши режаланмоқда.

Земан меҳмон кутишга тайëр

Чехия президенти Милош Земаннинг 2014 йилнинг илк ойларидаги расмий учрашувлари кун тартибини ëритган маҳаллий матбуот 9 январь куни келаси тўрт ой ичида унинг 20 дан ошиқ давлат раҳбари билан учрашиши ва улар орасида Ўзбекистон президенти ҳам борлигини ëзди.

Чехия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати расмийси Давид Фроус Озодликка¸ Ислом Каримовнинг ўтган йил декабрь ойида амалга ошмай қолган Прага сафарининг аниқ кунлари ҳозирда Тошкент ва Прага расмийлари ўртасида муҳокама қилинаëтганини билдирди:

- Ҳозирча аниқ кунлар тасдиқланмади¸ ўзбек ҳамкасбларимиз билан бу ҳақда гаплашаяпмиз. Ташриф кунлари расман тасдиқланиши билан уни матбуотда эълон қиламиз¸ деди Фроус.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра¸ Каримовнинг Прага сафари 21-23 февралга белгиланиши мумкин.

"Инсон ҳақлари ҳақида ҳам гаплашамиз!"

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон-Чехия муносабатларидан яхши хабардор чех дипломати Каримовнинг Прага сафари доирасида ўтказиладиган учрашувлар кенг қамровли масалаларни ўз ичига олишни билдирди.

Муҳокамалар марказида асосан иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари бўлишини эътироф этган дипломат¸ айни пайтда¸ ўзбек ва чех расмийлари Каримов сафари давомида инсон ҳақлари¸ матбуот эркинлиги¸ хусусан¸ сиëсий мухолифатга нисбатан муносабат мавзулари ҳам кўтарилажагини билдирди.

“ЕИ аъзоси бўлган Чехия ҳукумати бу борада Ўзбекистонда мавжуд вазиятни мунтазам кузатиб боради ва бу муаммоларни очиқ муҳокама қилишдан ҳамма учун¸ хусусан¸ ўзбек мухолифати учун ҳам наф етади”¸ дея таъкидлади ўз исми очиқланишини истамаган чех дипломати.

Ошинг ҳалол бўлса¸ кўчада егин!

Аммо Чехиядаги инсон ҳақлари билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотлари бундай дипломатик баëнотга кўп ҳам ишонмасликларини айтмоқда.

Хусусан¸ маркази Прагада жойлашган “Муҳтожликдаги одамлар” (People in need) ноҳукумат ташкилоти Чехия расмийларининг инсон ҳақларига ҳурмат кўрсатмайдиган авторитар давлат раҳбарларини Прагада меҳмон қилиш анъанасига жиддий эътироз билдириб келади.

Бу ташкилотнинг Инсон ҳақлари бўлими етакчиларидан бири Ростислав Валвода бу эътирозни шундай шарҳлайди:

- Биз ҳукуматлар даражасида муносабат бўлмаслиги керак¸ деяëтганимиз йўқ. Аммо асосий савол давлат сафарлари мақомидаги юқори даражали муносабат қилинар экан¸ бундан қандай фойдаланиш билан боғлиқ. Кўп ҳолларда бундай сафарлар диктаторларни легаллаштиришга хизмат қилмоқда. Биз диктаторларни демократик давлатларга меҳмонга чақириш орқали уларга шундай имтиëз берилишига қаршимиз¸ дейди Чехиядаги нуфузли ноҳукумат ташкилоти фаоли.

Диктаторлар демократик Чехияга келар экан¸ кенг жамоатчилик олдида ўз қилаëтган ишлари туғдирган саволларга жавоб бериши керак¸ деган Валвода Прага расмийларини Ўзбекистондаги инсон ҳақлари ва демократия вазиятини Каримов билан учрашувларда очиқ ва ҳалол муҳокама қилишга чақиради:

- Биз бу учрашувларда Андижон қирғини¸ инсон ҳақларининг топталаëтгани¸ ноҳукумат гуруҳлари ва мустақил матбуотга нисбатан тазйиқ каби масалалар очиқ тилга олинишини сўраймиз. Бу муаммолар энг юқори даражада¸ ëпиқ эшиклар ортида эмас¸ айнан жамоатчилик учун очиқ тарзда муҳокама қилинсин¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Ростислав Валвода.

"Ўзбек пахтасини сотиб олиш тўхтатилсин!"

Мазкур ташкилотниг яна бир лойиҳаси “Болалар меҳнати тўхтатилсин!” деб номланади. Дунë бўйлаб болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиëтига қарши курашиб келаëтган халқаро гуруҳлар билан бирга ишлаëтган бу кампания мувофиқлаштирувчиси Павла Зачалова (Pavla Jebili Začalová) Каримов сафари давомида тилга олиниши лозим долзарб муаммолардан бири ўзбек болаларининг мажбуран пахта теримига чиқарилиши эканини айтади:

- Чехия Ташқи ишлар вазирлиги расмий веб саҳифасига кўра¸ Ўзбекистон-Чехия иқтисодий ҳамкорлиги асосини пахта ташкил этади ва биз импорт қилаëтган асосий маҳсулот бу ўзбек пахтасидир. Халқаро конвенцияларга кўра¸ 18 га етмаганлар бола ҳисобланади ва 2013 йилги мавсумда ҳам ўзбек ҳукумати лицей ва коллеж талабаларини мажбуран пахтага олиб чиқди. Бу эса¸ болалар меҳнатининг бевосита давлат томонидан амалга оширилаëтган энг ëмон кўринишидир. Болалар меҳнати билан терилган пахтани сотиб олинаëтган даромад бир гуруҳ сиëсий элитага фойда келтираëтгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан¸ биз ҳам ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатишимиз лозим¸ дейди чехиялик фаол.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ Ўзбекистон-Чехия алоқаларидан яхши хабардор чех дипломати¸ халқаро майдонда йиллардан бери билдирилаëтган бундай эътироз ва бойкотларга қарамай¸ Чехия ширкатлари ўзбек пахтасини сотиб олишга қизиқаëтгани ва Каримов сафари давомида ҳам бундай импорт истиқболлари муҳокама этилишини таъкидлади.

Қисқа справка

Икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик¸ расмий рақамларга кўра¸ ўсиб бормоқда ва 2013 йилнинг тўққиз ойи ичида 77.8 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Чехия Ўзбекистондан пахта ва айрим озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олса¸ Ўзбекистон Чехиядан қурилиш материаллари¸ дори-дармон ва транспорт воситалари импорт қилади.

Ўзбекистон ҳукуматини 1989 йилдан бери бошқариб келаëтган Ислом Каримов 1997 йилда расмий ташриф билан Прагага сафар қилган ва ўшанда Чехия пойтахти марказида жойлашган Озодлик мухбирлари билан ҳам учрашган эди.

Чехиянинг дунëга машҳур марҳум президенти Вацлав Ҳавел таклифи билан бош қароргоҳи Мюнхендан Прагага кўчиб ўтган Озодлик радиосининг Тошкентдаги мухбирлик бюроси Андижондаги қонли воқеалар ортидан ëпиб қўйилди ва расмий Тошкентнинг бу қарори мустақил матбуотга нисбатан ўзбек сиëсатининг ëрқин ифодаси сифатида талқин этилади.
XS
SM
MD
LG