Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:27

Тошкентда туғилган чақалоқ пойтахтда прописка қилинадими?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида Ўзбекистонда бола туғилилишини қайдга олиш тартибига киритилган янги ўзгартишлар ҳақидаги саволларга жавоб излаймиз.

Самарқандлик Нигора исмли муштарий WhatsApp орқали ўзининг ҳозирда саккиз ойлик ҳомиладор экани ва янги фарзанд туғилишини кутиб яшаëтганини ëзади.

“Худо хоҳласа¸ бир ойдан кейин фарзандим туғилади. Яқинда айтишдики, энди вилоятдан бориб, Тошкентда туққанларнинг боласига “Тошкентда туғилди”, деган ҳужжат беришармиш. Яна шу ҳужжат орқали Тошкент пропискани ҳам беради¸ дейишди. Агар шунақа бўлса, боламни Тошкентга бориб туғардим. Унинг келажаги учун яхшику бу. Илтимос¸ шунга аниқлик киритиб беринглар”, деб сўради самарқандлик Нигора.

Тошкентдаги Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимларидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 6 январидан бошлаб янги туғилган болани қайдга олиш тартибига ўзгартириш киритилган.

Янги тартибга кўра, бола қаерда туғилса¸ ўша жойда қайдга олиниши мумкин. Аввалги тартибга кўра¸ туғилган чақалоқ фақат ота-онасининг доимий яшаш жойида қайддан ўтказилиши шарт эди.

Тошкентдаги ФҲДЁ бўлимларидан бирининг исмини очиқламаётганимиз мутахассисига кўра, эндиликда агар вилоятда яшовчи аёлнинг Тошкент шаҳридаги туғруқхоналардан бирида кўзи ёриса, унинг боласига пойтахтдаги ФҲДЁ идораларидан гувоҳнома олиш мумкин:

- Тошкент шаҳридаги туғруқхона “Бизларда туғилган деб” справка беради. Бу туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилади, дегани. “Туғилган жойи Тошкент шаҳри” деб ёзилади, дейди мутахасsис.

Унинг айтишича, бола қаерда туғилганидан қаътий назар, унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ота-онасининг доимий яшаш жойидан ҳам олиш мумкин. Дейлик, самарқандлик Нигора Тошкентга келиб туғса, боласигa гувоҳномани Самарқанд ФҲДЁларидан ҳам олиши мумкин.

- Қайтиб бориб, Самарқандда ҳам олиши мумкин. Уларга қулай, агар ҳар доим Самарқандда яшаса. Чунки бу ҳужжат йўқолиши мумкин, қанақадир ўзгартириш киритиши мумкин. Қанақадир маълумотнома керак бўлиши мумкин. Турар жойидан олгани уларга қулай бўлади. Самарқандга қайтиб бориб олса ҳам, “Туғилган жойи Тошкент шаҳри” деб ёзилади, дейди ФҲДЁ ходимаси.

Ушбу ўзгаришлар 31 декабрь куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”нинг 47- бандида қайд қилинган.

ФҲДЁ мутахасисига кўра, айни пайтда вилоятдан келиб Тошкентда туққан аёлнинг боласига берилган гувоҳнома прописка олиш ҳуқуқини бермайди.

- Масалан, вилоятда доимий рўйхатда ота-онаси бўлиб, бола Тошкент шаҳрида туғилса, бу болага Тошкентда прописка очилди ёки берилади, деган гап эмас. Бола 18 ёшгача онаси қаерда доимий пропискада бўлса, ўша жойга прописка қилинади. Чунки вояга етмаган боланинг ёлғиз ўзини хоҳлаган жойга регистрация қилиш мумкин эмас. Бизнинг регистрация қилаётган ҳужжатларнинг пропискага умуман алоқаси йўқ. Пропискани Ички ишлар тизимидан паспорт бўлимлари ҳал қилади. Бу уларнинг ваколатида. Бизлар фақат регистрация қиламиз, почти статистика органимиз. Ўлим, туғилиш, ажралиш, никоҳни қайд қиламиз. Бу ҳужжатларнинг ҳеч бирининг пропискага алоқаси йўқ, дейди ФҲДЁ мутахасиси.

“Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га киритилган яна бир ўзгаришга кўра, “Туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган боланинг туғилишини қайд этиш унинг шу онадан туғилганлигига гувоҳлик берувчилар имзолаган ва ҳудуд шифокори ёки фельдшерининг имзоси билан тасдиқланган далолатнома асосида амалга оширилади”.

Азиз муштарий, агар сизда бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришнигизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon манзилига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG