Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:40

Хоразмлик фаол Исоқ Абдуллаев озодликка чиқди


Ўзбекистон президентининг танқидчиларидан бири бўлган хоразмлик 78 ёшли тадбиркор Исоқ Абдуллаев қамалганидан сакккиз ярим йил ўтиб озодликка чиқарилган.

Исоқ отанинг қамоқдан чиққани ҳақда унинг Хива шаҳридаги яқинлари Озодликка маълум қилди.

- Бугун эрталаб олиб келишди. Ҳозир укол оляптилар. Йўлда чарчаган. Лекин, кўриниши тетик, - дея гапни қисқа қилди Исоқ Абдуллаевнинг исмини айтишни истамаган қариндошларидан бири.

Хоразмлик тадбиркор 2005 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексининг фирибгарлик, товламачилик, талончилик, одам ўғирлаш, ёлғон хабар бериш, туҳмат қилиш, катта миқдордаги солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаш каби 18 моддаси бўйича айбланиб, 11 йилга қамалган эди.

Яқинлари И.Абдуллаев хорижий оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида ҳукумат юргизаётган сиёсатни мунтазам равишда қоралаб келгани, Интернетда танқидий мақолалар ёзгани учун шундай куйга тушганини айтишган.

Исоқ ота Навоийдаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётганди.

Хоразмлик фаол ўтган ой Ўзбекистон Сенати Конституциянинг 21 йиллиги муносабати билан эълон қилган амнистия асосида муддатидан олдин озод этилган.

Айни қарорда 60 ёшдан юқори эркаклар, хориж фуқароларига нисбатан амнистия қўлланилиши алоҳида таъкидланган.

Ҳозирда ёши олтмишдан ошган маҳкумлар, жумладан Самандар Қўқонов, Ғанихон Маматхонов, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Турғунов, Исроилжон Холдоров, Рустам Усмонов ва 19 йиллик тутқун Мурод Жўраевлар ҳамон қамоқда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG