Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 06:43

Суратни “Эрлари Россияда”, деб тагхат ёзилгани учун тақиқлашди


Ўзбекистондаги “Ноформат” фотоклубининг Тошкентдаги Фотография уйида 25 январь куни очилган “Бир макон” фотокўргазмаси иштирокчиларидан икки нафарининг ишларини намойиш қилиш тақиқлаб қўйилди.

Кўргазма иштирокчиларидан бири, ўзбекистонлик илк аёл кинотасвирчи ва фоторассом Умида Аҳмедованинг Озодликка айтишича, баъзи муаллифларнинг асарларини кўргазмадан олиб ташлаш тўғрисидаги буйруқни Ўзбекистон бадиий академияси раҳбари берган.


Ишлари “Бир макон” фотокўргазмасидан унинг очилиши арафасида олиб ташланган икки фотографдан бири Темур Карпов, иккинчиси Светлана Тендир.

Умида Аҳмедованинг айтишича, кўргазмадан Карповнинг “Ташландиқ шаҳарлар” туркумидаги фотосуратлари, Теннинг эса, меҳнат муҳожирлари ҳаётига оид суратлари олиб ташланган.

Бўлиб ўтган воқеа тўғрисида айтар экан, Умида Аҳмедова, жумладан, бундай деди:

- Масалан, суратлардан бирида хоразмлик бир оила акс этган. Бу оиланинг бошлиғи ҳам, ўғиллари ҳам Россияга кетган ва шу информация суратга тагхат қилиб туширилган. Агар ёзилмаса, суратда фақат аёллар, биров тушунмасди ҳам гап нимадалигини. Шу ёқмабди бошлиқларга. Хўш, нима, кўпчилик Россияда ишлаётгани сирми? Буни ҳеч ким билмайдими? Ёки ташландиқ шаҳарлар йўқми Ўзбекистонда? дейди ҳайратини яширолмай Умида Аҳмедова.

“Ташландиқ шаҳарлар” туркуми муаллифи Темур Карпов Умида Аҳмедованинг ўз ўғли.

Аҳмедованинг айтишича, кўргазмадан “номақбул суратлар”ни олиб ташлашни шахсан Ўзбекистон бадиий академияси раҳбари буюрган.

- Суратларни Акмал Нур муовини Равшан Миртожиев билан кўргазма очилишидан 2 соат олдин келиб “олиб ташлайсан”, деган, деди Умида Аҳмедова.

Ўзбекистон бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов (Акмал Нур) билан боғланишнинг, воқеа юзасидан саволларимизни беришнинг ҳозирча имконини топа олмадик.

25 январь куни очилган “Бир макон” фотокўргазмасида суратлари намойиши тақиқланган 2 фотографдан ташқари Кирилл Молодцов, Нигина Мавлонбердиева, Олег Золотих, Ольга Федина, Павел Курбанов, Станислав Магай, Умида Абдуразакова каби фотографларнинг ишлари намойиш этилмоқда.

“Бир макон” фотокўргазмасида икки фотографнинг суратлари тақиқланиши кейинги йилларда юз берган шунга ўхшаш ягона ҳодиса эмас.

2010 йили Умида Аҳмедованинг ўзи ҳам суратлари ва ҳужжатли фильми билан "ўзбек халқига туҳмат ва уни ҳақорат қилганлик"да айбланиб, Жиноят Кодекси 139-моддасининг 3-банди ва 140-моддаси бўйича жавобгарликка тортилган ва кейинроқ амнистия акти билан жавобгарликдан озод қилинган эди.
XS
SM
MD
LG