Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:46

Гулнора Каримовага яқин шахслар прокуратурага мажбурий олиб келинди


Бош прокуратура жиноят иши қўзғатган Гаянэ Авакян (ўнгда) Гулнора Каримованинг (чапда) хос ёрдамчисидир.
Бош прокуратура жиноят иши қўзғатган Гаянэ Авакян (ўнгда) Гулнора Каримованинг (чапда) хос ёрдамчисидир.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага қарашли бўлган “Terra Group”, “Prime Media”, “Gamma Promotion” уч нафар масъул шахси ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатди.


Ўзбекистон Бош прокуратураси 17 февраль куни эълон қилган хабарномада айтилишича, Ўзбекистон жиноят-процессуал кодексининг 261-264 моддаларига биноан Рустам Мадумаров, Гаянэ Авакян ва Екатерина Клюеваларни мажбурий олиб келиш амалга оширилган.

Жиноят иши 184-мода 3-қисми (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 178-модда 2-қисми (Чет эл валютасини яшириш) ва бошқа айбловлар бўйича қўзғатилгани айтилмоқда. Лекин прокуратура хабарномасидан жиноят иши айнан Ўзбекистон президенти қизининг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров ҳамда Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян ва Екатерина Клюевага нисбатан очилганини аниқ айтиб бўлмайди. Бошқа моддалар қайсилар экани ҳам аниқлаштирилгани йўқ.

Гулнора Каримованинг ўзи ҳам 15 февраль куни Twitter саҳифасида ўзига яқин шахслар терговга чақиртирилганига шама қилган эди.


"Бугун ГУВД биносига 10 киши "сайрга" бориб келди. Одамларга боcим ўтказиб уларга тазйиқ қилиш қачон жонларига тегаркин?!", дея ёзди Гулнора Каримова.

Гулнора Каримовага қарашли “Terra Group” ва бошқа ширкатлар ўтган йилнинг октябридан бери Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширилаётган эди.

Ўшандан бери Каримова иҳоталаниб, ташқи дунё билан Twitter орқалигина мулоқот қилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси очган жиноят иши фигурантларидан бири Рустам Мадумаров Каримованинг фуқаровий эри экани айтилади.

Рустам Мадумаров Швеция, Швейцария, Франция ва Латвия ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов қилаётган жиноят ишларида фигурант сифатида ўтаётгани айтилади. Озодлик тасарруфида бу жиноят ишлари доирасида Франция ҳуқуқ тартибот идоралари музлатиб қўйган Париж ва Сен Тропе шаҳарларидаги кўчмас мулклари Рустам Мадумаров номига расмийлаштирилгани тўғрисида ҳужжатлар бор.

Рустам Мадумаров ўтган йилнинг сентябрида, унга қараши Тошкентдаги аудио ва видео маҳсулотлари билан савдо қилган "Nirvana" дўконлар тармоғи ёпилиши ортидан Ўзбекистонни тарк этгани айтилган эди. Ўшандан бери унинг қаердалиги номаълум қолаётган эди. Бош прокуратура хабарномасидан унинг ҳозирда Тошкентда экани ва 17 февраль куни мажбурий тарзда прокуратурага олиб келинганини тушуниш мумкин.

Каримованинг ўзи 2013 йилнинг ноябрида Рустам Мадумаровнинг ҳибсга олинганига ишора қилувчи твит қолдирган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси очган жиноят ишининг бошқа фигурантлари Гаянэ Авакян билан Екатерина Кюлевалар Гулнора Каримованинг хос ёрдамчилари сифатида собиқ Фонд Форум ташкилоти доирасидаги лойиҳларга раҳбарлик қилишган.

Ҳозирда Швейцария банкларида музлатиб қўйилган юз миллионлаб АҚШ долларига тенг банк ҳисоб рақамлари бу уч шахс номига расмийлаштирилгани айтилади.

Швейцария, Швеция, Франция ва Латвияда пул ювиш ва порахўрликка доир жиноят ишлари доирасида Гаянэ Авакяннинг гумонланувчи сифатида ўтаётгани маълум.

Швеция Бош прокуратураси мамлакат ҳукумтига тегишли TeliaSonera телеком ширкати Ўзбекистон кириш учун Гулнора Каримовага пора беришда воситачи бўлганини гумон қилаётган Takilant Ltd. ширкати ҳам Гаянэ Авакян номига расмийлаштирилган.

Озодлик тасарруфидаги бошқа ҳужжатларга кўра, Швейцария Федерал прокуратураси тергов қилаётган пул ювишда Екатерина Клюеванинг ҳам алоқаси борлиги гумон қилинмоқда.

Швейцария прокуратураси 2012 йилнинг июль ойида Ўзбекистоннинг икки фуқаросини пул ювиш жиноятига алоқадорликда айблаб ҳибсга олиши ортидан қўзғатилган жиноят иши доирасида музлатилган банк ҳисоб рақамлари ва банк қутиларидаги пул ва бриллиантлар ҳам, Озодлик ихтиёридаги ҳужжатлрга кўра, Гулнора Каримовага тегишли эканини кўриш мумкин.

Ўшанда Гаянэ Авакян ҳам Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлига тушиб қолишига сал қолгани айтилади.
XS
SM
MD
LG