Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:12

“Пул ювиш” нималигини Википедиядан сўранг


Швейцария прокуратураси 12 март куни эълон қилган баёнотга кўра, "Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова устидан пул ювиш гумонларига асосланган ҳолда тергов бошланган". Баёнотда тилга олинган “пул ювиш” ибораси ўрганмаган қулоққа жуда ғализ эшитиладики, унинг нима эканлигини Ўзбекча Википедиядан сўрадик.

Wiki-маълумот

Ўзбекча Википедияга кўра, “пул ювиш” мажозий ибора бўлиб, унинг пайдо бўлиш тарихи мана бундай:

„Пул ювиш“ атамаси (ингл. money laundering) 1920 йилларда АҚШда юзага келган деган фикр бор. Бу фикрга кўра, ўша пайтларда америкалик мафия гуруҳлар ноқонуний йўл билан қўлга киритилган пулларга қонуний тус бериш учун автоматлаштирилган кир ювиш жойларини сотиб олишган ёки ўзлари очишган. Бу фикр тўғри ёки нотўғрилигидан қатъий назар, ҳозир „пул ювиш“ атамаси кенг қўлланилади”.

Wiki эмас қўшимча

Ўзбекча Википедия айтаётган “1920-йилларда” (1920 йилдан 1933 йилгача) АҚШда алкоголли ичимликларни ишлаб чиқариш ва сотиш махсус қонун билан тақиқланган эди.

Бу қонунни бузган контрабандачилар (“бутлеггер”лар) ароқ-вино сотиб топган ғайриқонуний пулларини легаллаштириш учун номигагина ишлайдиган бошқа корхоналар, жумладан кирхоналар очган. (Шу кунда ҳам америкаликларнинг мутлақ кўпчилиги кирларини уйда эмас, балки махсус кирхоналарда ювади)

Бутлеггер очган кирхонада бир тоғора ҳам кир ювилмаган бўлиши мумкин, лекин унинг эгаси давлат органларига ҳисобот топширар экан, кирхонасини куну тун ишлаган ва оқибатда “фалонча минг” пул топган қилиб кўрсатган.

Демак, “пул ювиш” ибораси тарихининг версияларидан бири шудир.

Wiki-изловга йўналтирган Президент қизи

12 март куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова пул ювишда гумон қилинаётгани тўғрисидаги хабар пайдо бўлиши биланоқ, “пул ювиш” тўғрисида Ўзбекча Википедияда маълумот бормикан, деб қизиқдик ва мана бу “қуш тили”дай маълумотга дуч келдик.


Чаққон Wikiчилар

Лекин Ўзбекча Википедия фаоллари анча чаққон чиқиб қолдики, Каримовага оид хабар чиққан куннинг эртасигаёқ “Пул ювиш” мақоласининг янги, анча бойитилган версияси пайдо:





Янги версиянинг ҳажми катта бўлгани учун унинг суратини тўла беролмаймиз ва шунинг учун унга мана бу ишора орқали киришни тавсия қиламиз:

https://uz.wikipedia.org/w/index.php?title=Pul_yuvish&oldid=1606354

НоWikiхато

Яна бир гап. Юқорида “Пул ювиш” мақоласининг лотин ёзувидаги эски версиясини кўрдингиз. Ишора билан кирганингиз янги версия ҳам лотин ёзувида.
Агар мақола турган саҳифанинг юқоридаги чап бурчагига қарасангиз, алфавит ўзгартиргичга кўзингиз тушади. Уни босиб, матнни кирилл ёзувига ўзгартиришингиз мумкин.

Кириллга ўтказгандан кейин айрим хатоларни илғай бошлайсиз.

Масалан, “АҚШ” “АҚСҲ” бўлиб қолган. Бу конверторнинг хатосики, Wiki-экспертимиз Нодир Отаев бизга бу ҳақда ҳам Ўзбекча Википедияда мақола борлигини эслатди.

Мана ўша мақола: https://uz.wikipedia.org/wiki/Vikipediya:Konverter

Сизни Ўзбекча Википедия бўйлаб саёҳатга кузатиб қолар эканмиз, OzodWiki нинг келаси сонигача хайрлашамиз.
XS
SM
MD
LG