Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

Украина Россия билан низо ҳарбий жабҳага кўчаётганидан ташвиш билдирди


Украина президенти вазифасини бажарувчи Александр Турчинов (ўнгда) ва Бош вазир Арсений Яценюк 18 март куни Қрим масаласида матбуот анжумани ўтказди.
Украина президенти вазифасини бажарувчи Александр Турчинов (ўнгда) ва Бош вазир Арсений Яценюк 18 март куни Қрим масаласида матбуот анжумани ўтказди.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк Россия билан сиёсий кескинлик ҳарбий жабҳага кўча бошлаганини билдирди. Бу баёнот Украина Мудофаа вазирлиги Қримда Россия ҳарбийлари кийимини кийган шахслар украин ҳарбийларига ҳужум қилгани ҳақида маълумот бергани ортидан янгради.

Яценюк АҚШ ва Британияни Украина хавфсизлигини кафолотловчилар сифатида Россия Мудофаа вазири билан учрашув ўтказишга чақирди. Украина Бош вазири ҳарбий низонинг кучайиб кетишига йўл қўймаслик муҳим эканини таъкидлаган ҳолда Россияни халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузишдан тийилишга ва Украин давлатчилиги ҳуқуқларининг тикланиши юзасидан сиёсий диалогни бошлашга ундади.

Украина президенти вазифасини бажарувчи Александр Турчинов президент Владимир Путинни Украина ҳудудидаги жиноятлар учун Россия раҳбарияти жавобгар бўлишидан огоҳлантирди.

-Путин бугунги кунда бутун дунё томонидан тан олинган мустақил давлат ҳудудини аннексия қилиб ўтган асрдаги фашистларга тақлид этмоқда, -деди Турчинов.

Мазкур баёнотлар сешанба куни Украина Мудофаа вазирлигининг Қримдаги матбуот хизмати раҳбари Владислав Селезнев Россия ҳарбийлари кийимини кийган шахслар Симфероплдаги украин ҳарбий қисмига ҳужум қилганини билдиргани ортидан янгради.

Маълумотларга қараганда ҳужум оқибатида украин прапоршиги ўлдирилган ва бир капитан ярадор бўлган. Россия томони эса Симферополда номаълум снайпер отган ўқдан россияпарастлар томонидан ташкил қилинган Қрим ихтиёрий ҳимоячиларидан бири ўлганини, икки киши яраланганини билдирмоқда.

Владислав Селезнев украин ҳарбий қисмига ҳужум қилганларнинг барчаси қўлга олинганини, улар Россия спецназининг аскарлари эканини билдирган. Бундан аввалроқ Селезнев Симферополдаги Украина Қуролли кучларига қарашли фотограмметрик марказга ҳужум қилингани ва қўшни уйларнинг деразаларидан снайперлар ўқ отаётгани ҳақида хабар берган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса кеча тарқатилган баёнотида Симферополда қрим татар миллатига мансуб Решат Аметовнинг ўлдирилиши юзасидан қунт билан тергов ўтказилиши ва қотилликни содир этганлар ким бўлишидан қатъий назар жазога тортилишини талаб қилмоқда.

Human Rights Watch гувоҳларга таянган ҳолда Решат Аметов 3 март куни Симферополдаги Ленин майдонидан ҳарбийларга ўхшаган номаълум уч киши томонидан олиб кетилганини ёзган. Решат Аметов бу вақтда Россия ҳарбийларининг Қримга киритилишига қарши митингда иштирок этаётганлар сафида бўлган.

15 март куни эса унинг қийноқларга солинган жасади Қримнинг Белогор туманида топилган. Сешанба куни Аметовнинг дафн маросими ўтказилган.
Аметовнинг жанозаси ўқилаётган бир пайтда Қримда қуролланган номаълум одамлар томонидан Украина Қуролли кучлари полковниги Анатолий Кальян ўғирлаб кетилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

16 март куни куни ярим оролда ўтган референдумда қримлик сайловчиларнинг 96,8 фоизи Украинадан ажралиб чиқиб, Россия таркибига кириш учун овоз бергани маълум қилинди.

Бу референдум Украина ҳукумати ва ғарб давлатлари томонидан ноқонуний, дея рад қилинган. Шунингдек, Қрим татарлари етакчилари референдумни бойкот қилган.

18 март куни Россия президенти Владимир Путин Қрим масаласида нутқ сўзлади ва Қрим республикаси ҳамда Севастополь шаҳрини федерация таркибига қўшиш қарорини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG