Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:46

Ўш қирғинида айбланиб қамалганлардан олти киши озодликка чиқарилди


Озод қилинганлар орасида Amnesty International халқаро ташкилотининг 2012 йил июнь ойида эълон қилинган “Қирғизистон: Бурчга бепарволик” деб номланган ҳисоботида айбсиз экани айтилган юрист Дилмурод Ҳайдаров ҳам бор.

Ўш вилоят суди томонидан 10 йилга кесилган Дилмурод Ҳайдаров, 8 йилга қамалган Ғани Содиқжонов ва Ҳайрулло Соипов, 6 йилга қамалган Шукрулло Қўчқоров, Дониёр Қодиров, Баҳодир Собиров бир неча кун олдин қамоқдан озод қилинди.

Номи зикр этилган шахслар 2010 йил июнь ойида Ўш қирғини пайтида тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб қўлга олинган эди. Дилмурод Ҳайдаровга эса қотиллик айби билдирилган. Бироқ деярли тўрт йил давом этган бир қатор суд инстанцияларида ўтган жараёнларда Дилмурод Ҳайдаровга нисбатан илгари сурилган қотиллик айблови исботини топмаган. Агар бу айблов исботланганида Дилмурод Ҳайдаров умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди. Ҳайдаровнинг иши тўрт йил давомида беш марта қайта ўрганилишга жўнатилган.

Ўш шаҳар суди 2014 йилнинг 22 январида ўтган йиғинида Дилмурод Ҳайдаровдан қоттилик айбловини олиб ташлаган, лекин тартибсизликларда қатнашганликда айбдор деб топиб 7 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. 26 март куни Ўш вилоят судида ўтган жараёнда Ҳайдаровга нисбатан жазо муддати уч йилга узайтирилиб, 10 йил қилиб белгиланган.

Бироқ қонунчиликка асосан тергов изоляторида бир кун сақланиш икки кунга ҳисоблангани ва амнистия туфайли судланувчилар жазо муддатининг учдан бир қисми олиб ташлангани муносабати билан улар озодликка чиқарилган.
Айни пайтда озодликка чиқарилган Дилмурод Ҳайдаров ўзининг тўлиқ оқланиши учун ҳам бундан буён курашни давом эттиришини айтди:

-Худо хоҳласа, тўла оқланиш учун курашимизни давом эттирамиз. Чунки мен шахсан Ўш воқелари пайтида бирорта ноқонуний ҳаракат қилганим йўқ. Мен Ўшдаги топбазада ишлайдиган 25 та қирғиз аёл ва қизларни, заправкада ишлайдиган Айтмамат акани оиласи ва акаси билан билан хавфсиз жойларга олиб чиқиб қўйдим. Бундагн ташқари “Достон” кафесида ишлайдиган официант қизларни, Хитой фуқароларини, эронликларни хавфсиз жойларга кўчирдим. Ўш воқеаси кунлари мен халқимизнинг тинчлиги учун қўлимдан келганича хизмат қилдим, -деди Дилмурод Ҳайдаров.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Дилмурод Ҳайдаров Ўш қирғини кунлари ўнлаб турли миллат одамлари ҳаётини қутқариб қолганини айтиб, “уни жазолаш эмас, мукофотлаш керак” қабилидаги баёнотларни берган эдилар.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров Дилмурод Ҳайдаровга нисбатан ўтказилган суд жараёнларида тўрт йилдан бери қатнашиб келган жамоатчи оқловчилардан бири.

-Мен бу ишни мустақил ўрганиб чиққанман. Бу ерда бир чатоқ бор эди. 2010 йилнинг 12 июнида Ўшнинг Раззоқов кўчасида отишма бўлиб, унда соат 9.30 да ўлган одамлар ва ярадорлар ҳақидаги экспертиза хулосаси қўлимга тушиб қолган. Қизиғи шундаки, Ўшнинг Раззоқов кўчасида отилган одамлар бошқа бир экспертиза хулосасида “Дубай маркази”да соат 13.00 да отилган деб айтилган. Судда мана шу ҳужжат қотиллик айбловининг олиб ташланишига далил бўлди. “Бир куннинг ўзида бир ҳил одамлар икки марта қаерда отиб ўлдирилди? Раззоқов кўчасидами ёки “Дубай маркази”дами?” деб судда савол қўйилган, -деди Равшан Гапиров.

26 март куни Ўш вилоят судида ўтган аппеляция судида ҳам Дилмурод Ҳайдаровдан қотиллик айбловининг олиб ташланиши тўғри деб топилган. Бироқ вилоят суди Ҳайдаровни тартибсизликларни уюштирганликда айблаб, Ўш шаҳар судининг 7 йиллик қамоқ жазоси тўғрисидаги ҳукмини уч йилга узайтирган. Равшан Гапиров бу ҳукмни адолатсиз деб ҳисоблайди:

-Ҳайдаровнинг оммавий тартибсизликларни уюштирганига ҳеч қандай далиллар йўқ. Аксинча, у оммавий тартибсизликлар пайтида ўндан ортиқ қирғизларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Судга келиб кўрсатма берган қирғизлар “Ҳақиқат бўлса, Ҳайдаров- бу герой” деб кўрсатма беришган. Шунга қарамай уни тартибсизликларни уюштирганликда судлашди. Бу адолатдан эмас,-деди Равшан Гапиров.

Amnesty International халқаро ташкилотининг 2012 йил июн ойида эълон қилинган “Қирғизистон: Бурчга бепарволик” деб номланган ҳисоботида ҳам Дилмурод Ҳайдаровнинг айбсизлиги ҳақида далиллар бўлишига қарамай, уни қамоқда сақлашда давом этилиши фундаментал инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши сифатида баҳоланган.

Дилмурод Ҳайдаровнинг ўзи ҳам Озодлик радиосига берган суҳбати чоғида қийноқларга солингани ҳақида гапириб берган.

Қирғизистон президентининг расмий сайтидаги маълумотларга қараганда, 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб бир неча кун давом этган Ўш қирғини чоғида 442 одам ҳалок бўлган. Уларнинг 70 фоизи этник ўзбеклардир.
Айни пайтда Ўш қирғинида айбланиб қамалган 545 кишининг 400 нафари ўзбек, 133 нафари эса қирғиз миллатига мансубдир.
XS
SM
MD
LG