Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:50

“Президент мелисаси” ҳайдовчига туҳмат қилди


Озодликка боғланадиган ўзбекистонлик ҳайдовчилар йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилувчи ходимларининг порахўр ва туҳматчилик борасида устаси фаранг бўлиб кетгани ҳақида кўп гапирадилар.
Озодликка боғланадиган ўзбекистонлик ҳайдовчилар йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилувчи ходимларининг порахўр ва туҳматчилик борасида устаси фаранг бўлиб кетгани ҳақида кўп гапирадилар.

Тошкент Йўл ҳаракати хавфсизлиги патрул хизмати инспектори билан машинаси тўхтатилган ҳайдовчи ўртасидаги тортишув акс этган видеоролик айни кунларда ижтимоий тармоқларда тарқаб¸ ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари ўртасида қизғин муҳокамага сабаб бўлмоқда. Ҳайдовчига “президент мелиса”симан дея ўшқирган мелиса ҳатти-ҳаракати ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган фуқароларни қандай қилиб “жиноятчи”га чиқариш амалиëтини фош қилади.

Айни кунларда ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ муштарийларини жунбушга солаëтган мелиса-ҳайдовчи айтишуви¸ Интернетда 7 апрель куни пайдо бўлди.

Тасвирнинг чекланган ва қийшиқ ҳолатда эканидан унинг ë машина бурчагига ўрнатилган видеорегистратор¸ ëки ҳайдовчининг олд ўриндиқда ўтирган шериги томонидан қўл телефонида ëзиб олинганини тахмин қилиш мумкин.

Айтишув

Видеоëзув¸ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими машинани тўхтатиши билан бошланади ва кўп ўтмай мелиса-ҳайдовчи айтишуви бошланади.



Инспектор: Ассалому алайкум¸ инспектор Эргашев¸ ҳужжатларингиз.
Ҳайдовчи: Тинчликми? Бу проверками?
Инспектор: Проверкамас¸ ҳаракат тезлигини оширдингиз ака.
Ҳайдовчи: Шуни айтингда сиз. Нечта экан(тезлик)?
Инспектор: 86 км ҳаракат қилдингиз.
Ҳайдовчи: Қани кўрайчи номеримни?
Инспектор: Ҳужжатларни беринг олдин.
Ҳайдовчи: Олдин тезликни кўрсатмайдими?
Инспектор: Олдин ҳужжатларни кўрсатсангиз¸ кейин мен сизга кўрсатаман.
Ҳайдовчи: Наоборот айтаяпсиз.
Инспектор: Хоҳласангиз тушинг¸ хоҳламасангиз йўқ ака. Протоколни ҳозир опкебераман. Хоҳласангиз қўл қўйинг¸ хоҳламасангиз қўл қўйманг¸ ака. Ўзингизнинг ҳуқуқингиз ака.
Ҳайдовчи: Удостоверениени кўрсатворинг.
Инспектор: Сизга нима учун ҳужжат кўрсатишим керак ака? Значогим турибди.
Ҳайдовчи: Йўқ¸ йўқ. Значокка ишонмайман ака. Бозордан сотиб олгандирсиз. Подделкадир балки. Ман печатлик нарсага ишонаман.
Инспектор: Ўзбекистонда яшаяпсизми ака?
Ҳайдовчи: Ҳа.
Инспектор: Ўзбекистон фуқаросимисиз? Ўзбекистоннинг мелисаси турибди олдингизда ака.
Ҳайдовчи: Тўхтанг.
Инспектор: Ўзбекистон президентининг мелисаси турибди ака.
Ҳайдовчи: Тушундим. Манам Ўзбекистон фуқаросиман.
Инспектор: Кўрсатинг документларни.
Ҳайдовчи: Ман ўзимни ҳақ-ҳуқуқимни талаб қивомман.
Инспектор: Паспортларни тақдим қилинг ака.
Ҳайдовчи: Наоборот¸ олдин сиз ўзингизникини кўрсатишингиз керак. Балки сиз мелисамасдирсиз. Мелиса одам удостоверениени тақдим қилади.

(Шу ерда инспектор кимнидир чақиради. Машина эшигини очади.)

Инспектор: Ҳужжатларни тақдим қилинг ака.
Ҳайдовчи: Ҳаққингиз йўқ ака. Машинани ëпинг. Мани мошинам¸ қочинг.
Инспектор: Очинг. Наркотика бўлиши мумкин мошинангизда. Героин бўлиши мумкин. Ҳизбут-Таҳрирни нарсалари бўлиши мумкин.

(Ҳайдовчи йигит эшикни ëпишга уринади...)

Ҳайдовчи: Гувоҳ¸ гувоҳ чақиринг. Нарушение қивоссиз.

Мелиса шеригига бақиради...

Инспектор: Окамлар жа зўру бағи. Буëғи ишдан кетамиз шекилли буни орқасидан.

(Чўнтагидан ҳужжат чиқариб¸ ҳайдовчига кўрсатади. Ҳайдовчи очиқ эшикни ëпишга уринади.)

Инспектор: Мана бу сизга гувоҳномам¸ кўринг ака.
Ҳайдовчи: Мошинамни ëпворинг.
Инспектор: Кўринг ака сиз¸ мана кўринг. Марҳамат кўринг.
Ҳайдовчи: Кичик сержант Эрпашевми?
Инспектор: Ўқишни биласизми?
Ҳайдовчи: Эрпасиев (Эргашев деган исм афтидан қўлда ноаниқ ëзилган шекилли¸ уни хато билан ўқийди) Бахтиëр Муҳамадиевич. Амал қилиш муддати 2017 йил 31 декабрь. Мошинани ëпинг олдин. Мошина мани мулким. Унга тегишга ҳаққиз йўқ.
Инспектор: Ҳужжатларни тақдим қилинг ака.
Ҳайдовчи: Скоростимни кўрсатинг сиз.

Шу орада инспекторнинг шериги машинага яқинлашади. Унга қарата инспектор “Съëмка қилинг” дейди ва овозини кўтариб¸ таҳдид ва туҳмат қилишга ўтади:

Ҳайдовчи: Скоростимни кўрсатинг. Эшикни ëпинг¸ қочинг. Ҳаққиз йўқ бировнинг мулкига. Ҳозир нарушение қилганингизни билдингиза эшикни очиб.
Инспектор: Хоҳлаган жойингизга бориб жалоба қилишингиз мумкин ака.
Сиз Ўзбекистон мелисасини ерости қилганиз учун жавоб берасиз.
Ҳайдовчи: Қанақа ерости қилдим?
Инспектор: (қичқириб) Онамдан сўкиндингиз¸ онамдан. Мен онамни олиб келаман олдингизга¸ сўкинганингизни исботлайман¸ тушундингизми?

(Мелисанинг тасвирга тушган шериги ҳайдовчининг ҳужжатларини олиб¸ кўра бошлайди.)

Ҳайдовчи: Ҳозир запись кетвотти¸ исботлаб берасиз (бошқа мелисага қарата). Ҳозир видеосъëмкага тушдилар¸ айтиб қўйинг. Видеорегистраторим бор. Сўкди-пўкди деб туҳмат қилдилар. Скоростимниям кўрсатмадилар. Вообше қонунни буздилар.

(Инспекторлар кетади. Видеополик шу ерда тугайди.)

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси видеороликдан хабардор


9 апрель куни ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида энг кўп кўрилиб¸ энг кўп шарҳланган видеороликка айланган мелиса-ҳайдовчи тортишуви муносабати билан Озодлик мухбири Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига сим қоқди. Бошқарманинг ўзини таништирмаган расмийси¸ бундай видеодан бехабарлиги¸ Эргашев Бахтиëрнинг шаҳар ЙҲХ тизимида ишлашини тасдиқлай олмаслигини билдирди.

Айни пайтда¸ Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган расмийси бу видеороликни ярим соат аввал ўзи ҳам томоша қилганини эътироф этди.

“Бу роликни бошлиқлар кўрдими-йўқми¸ билмайман. Аммо ҳамма жойда тарқаб кетганини биламан. Ўзим ҳам ҳозир кўрдим. Тепадагилар видеодан хабар топса¸ буни инспекция кўриб чиқади. Иккала томонни ҳам эшитиб¸ бир қарорга келади”¸ деди расмий.

Унга кўра¸ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими кўкрагига осилган нишон
(значок) унинг ҳужжати ҳисобланади ва бундай нишонли расмийга ҳайдовчи дарҳол ўз шахсий ҳужжатларини тақдим қилиши шарт.

Айни пайтда¸ тезликни оширганлик иддаоси билан тўхтатилган ҳайдовчига ëки инспектор қўлидаги кўчма радар¸ ëхуд унинг машинасидаги радарда акс этган аниқ тасвир тақдим этилиши керак¸ дейди Тошкент шаҳар ИИБ расмийси.

ЙҲХ ходимига ҳужжат кўрсатмаслик орқали ҳайдовчи Ўзбекистон милицияси ходимига бўйсунмаслик қилди¸ айни пайтда¸ умуман сўкинмаган фуқарога¸ “онамдан сўкдинг” деб дағдаға қилиш орқали инспектор ҳам унга туҳмат қилди¸ деди ИИБ расмийси.

Ижтимоий тармоқ ҳайдовчига “офарин” демоқда

Айни соатларда мобил телефонлардаги турли дастурлар орқали яшин тезлигида тарқаб бораëтган бу видеороликка муносабат билдираëтган ўзбекистонликлар¸ тасвирдаги “кичик сержант Эргашев Бахтиëр”ни Ўзбекистон милицияси¸ хусусан¸ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг типик вакили деб эътироф этмоқда.

“Бу гаишникларнинг ифлос қилиқларига ҳар куни ўзим гувоҳ бўламан. Агар ҳайдовчи салгина бўшлик қилганида террорчига чиқариб¸ 159 ни ëпиштирган бўларди”¸ деб ëзди Озодликнинг Одноклассники тармоғидаги муҳокамада қатнашганлардан бири.

“Порахўр¸ миршаб кийимидаги шайтонларни қамаш керак!”¸ “Любой мансаби бор одам ПОРА олади бу гарантия! Бу гаилар охирги пайтлари жуда ошириб юбораяпти ремень, аптечка деб ёпишиб олган. Энди Дамасга 13R деган шина бўлмасмиш. Тавба буларни касридан машина ҳам ҳайдаб бўлмайдиган бўлди”¸ “Қойил¸ ҳайдовчи боплапти лекин!!” деб ëзди яна бошқа муштарийлар.
XS
SM
MD
LG