Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:38

Муҳожирларга муддатли ҳарбий хизмат эвазига фуқаролик берилиши мумкин


Ташаббус амалга ошса, муҳожирлар зарғалдоқ камзулларни модельер Валентин Юдашкин тикиб берган формага алмаштирса, ажабмас.
Ташаббус амалга ошса, муҳожирлар зарғалдоқ камзулларни модельер Валентин Юдашкин тикиб берган формага алмаштирса, ажабмас.

Россия Давлат Думасининг Мудофаа бўйича қўмитасида мамлакат Қуролли кучлар сафида муддатли хизматга хориж фуқароларни қабул қилиш масаласи кўриб чиқилади. Янги ўзгартишлар ташаббусчиси бўлган “Россия мигрантлар Иттифоқи” аъзолари фуқаролик бериш эвазига муҳожирларга нафақат ҳарбий, балки Россия полицияси сафида хизмат қилиш имконияти берилиши кераклигини айтмоқда. Бу ташаббус Россия Ички ишлар вазирлиги қаршилигига учрамоқда.



Россия Давлат думасида “Ҳарбий хизмат ва ҳарбий мажбурият тўғрисида”ги Федерал Қонунига ўзгартириш киритиш масаласи муҳокама этилмоқда. Унга биноан Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардан келган муҳожирлар Россия армияси сафида муддатли хизмат қилиш ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин.

Муҳокама қилинаётган ҳужжатда, муддатли ҳарбий хизмат ўтаган шахс ва унинг оила аъзоларига Россия фуқаролиги берилиши кўзда тутилган.

Депутатлар бу янгилик Россияда ўсиб-ўқиётган, рус маданияти доирасида тарбияланган юз минглаб мигрантлар фарзандларига кенг имкониятларни очиб бериши мумкин, демоқда.

Бундай ташаббус билан чиққан “Россия мигрантлар Иттифоқи” ҳукуматга қилган мурожаатномасида, жумладан, бундай дейилади: “Биз атрофимизда бўлаётган ҳодисаларни четдан кузати туришни истамаймиз. Россияда яшаётган халқларнинг бирор мафкуравий ёки диний ажратишсиз жипслашуви, бирлашуви даври келди”.

“Россия мигрантлар Иттифоқи” раҳбари Муҳаммад Амин Маъжумдор Озодликка берган интервьюсида мигрантларнинг Россия армиясида хизмат қилиши кераклигини қуйидагича изоҳлайди:

- Хориж фуқаролари Россия армиясида хизмат қилиш истагини билдирмоқда. Франция армиясида кўплаб африкаликлар, Британия армиясида ҳиндлар хизмат қилиб келаётгани каби. Энг аввало, бу билим, имконият ва ҳарбий тайёрларликка эга мигрантларга Россия Федерациясида легал ҳолатда ишлаш, ижтимоий ёрдам, фуқаролик, ойлик олиш, келгусида ҳарбийга уй-жой ва бошқа муаммоларни ҳал этишга имкон беради, дея тушунтиради ўз таклифини Россия мигрантлари раҳбари жаноб Маъжумдор.

Суҳбатдош ўз ташаббусини “Ғарбнинг агрессив босимига қарши” жавоб тарзида кўрилишини илтимос қилди.

Шунингдек, Муҳаммад Амин Маъжумдор яқинда ташкилот номидан Россия парламенти ва Ички ишлар вазирлигига муҳожирларни полиция ишига расман жалб қилишни таклиф этганини айтди. У муҳожирлар полицияда таржимон бўлиб ишлашлари мумкин, дейди.

“Россия мигрантлар Иттифоқи” раҳбарияти яқин кунларда полиция сафида хизмат қилиш масаласида Дума ва тегишли идораларга мурожаат тайёрлаётганини билдирди.

Бироқ, муҳожирлар ташкилотининг бундай таклифи кўплаб кузатувчи ва мутахассисларни таажубга солди.

Муҳожирлар ҳақлари ҳимояси билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келаётган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина буни “Россия мигрантлар Иттифоқи”нинг ўзини-ўзи реклама қилиш, деб атади.

- Мигрантлар ташкилоти ўз фарзандларини Россия армиясига бугунги кунда жўнатиш истагини билдираётгани мени таажубга солди. Ахир, ким хоҳлайди ҳарбий амалиётларда иштирок этишни?! Бунинг устига, армиямиздаги “дедовшчина” ва ксенофобия юқорилигини инобатга олиб, славянларга ухшамаган боласини ким ўлимга жўнатади? Менимча, бу оддий пиар-акция. Агар бунинг ҳаммаси Россия фуқаролигини олиш учун қилинаётган бўлса, бунинг бошқа йўллари ҳам мавжуд, дея муносабат билдирди Светлана Ганнушкина.

“Фуқаровий кўмак” раҳбари сўзларини Россиядаги Солдат оналари қўмитаси масъул котиби Валентина Мельникова ҳам қўллаб-қувватлади:

- Бу ташаббус мени жуда хайрон қолдирди, чунки мен бундай мурожаатларда зарурат кўрмаяпман. Россия қонунчилигида хориж фуқаролари учун Россия армияси сафида контракт асосида хизмат ўташ белгилаб қўйилган, муаммо йўқ. Бировнинг ўрнига бундай тутуриқсиз баёнотлар беришга на ҳожат?!- дейди Валентина Мельникова Озодликка.

Дарҳақиқат, Россия қонунчилигига мувофиқ хорижликлар рус армияси сафида хизмат қилиб келинмоқда. Хусусан, 2004 йилда Тожикистонда ўрнашган Россиянинг 201-ҳарбий базаси ҳарбийлари асосан Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларидан ташкил топгани маълум.

Озодлик “Россия мигрантлар Иттифоқи”нинг ҳукуматга қилган мурожаатига аллақачон Россия Ички ишлар вазирлигининг расмий жавоби ҳам берилганини аниқлади. Россия ИИВсида “муҳожирлар полиция сафида хизмат қилиши учун энг аввало фуқароликни қўлга киритишлари лозим”, деган расмий жавоб қайтарилди.
XS
SM
MD
LG