Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:37

Ўш қирғинида айбланганларга амнистия бериш ташаббуси кўтарилди


Ўшда 2010 йил июнида оммавий қўлга олишлар пайти тасвирланган сурат.
Ўшда 2010 йил июнида оммавий қўлга олишлар пайти тасвирланган сурат.

Қирғизистон Халқлар Конгресси партияси президентга, парламентга ва ҳукуматга Ўш қирғинида иштирок этганликда айбланганларга амнистия эълон қилиш юзасидан мурожаат топширди. Мазкур ташаббус олдинроқ Республика Ўзбек миллий-маданий маркази томонидан ҳам кўтарилган эди.

Қирғизистон Халқлар Конгресси партияси сиёсий кенгаши номидан 23 апрель куни эълон қилинган мурожаатда: “Мантиқсиз ва маъносиз тўқнашувларда юзлаб қирғизлар ва ўзбеклар ҳалок бўлди. Яқинларини йўқотишдек оғир қайғу, ўзаро аразлашув, ҳокимиятнинг ҳаракатсизлиги, айбдорларни қидириш бўйича самарасиз ҳаракатлар деярли тўрт йилдан бери одамларни ўзаро кескинлик, перманент қарама-қаршилик шароитида яшашга мажбур қилмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири - 2010 йил воқеаларидан сўнг ҳақиқий фуқаролик ярашувининг содир бўлмаганидир. Ҳалигача ўзаро айбловлар ва айбдорларни излаш давом этмоқда, суд қарорларидан норозиликлар айтилмоқда. 2010 йил воқеалари туфайли олинган жароҳатлар асрлардан бери дўстлик ва қўшничилик алоқлари билан яшаб келган қирғизлар ва ўзбекларни шу кунгача азоблаб келмоқда”, деб айтилади.

Партия бундай вазиятга барҳам бериш мақсадида Ўш қирғинида айбланганларга амнистия эълон қилиш зарур деб ҳисоблайди.

“Ўш воқеаларида айбланаётганларнинг асосий қисми профессионал жангарилар ёки ашаддий жиноятчилар эмас, балки учинчи кучлар таъсирида юзага келган фожеали вазиятнинг ихтиёрсиз иштирокчиларидир”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда амнистия қандай шахсларга қўлланилишини аниқлаш мақсадида муайян меъёрлар ва мезонлар ишлаб чиқилиши кераклиги ҳам айтилган.

-Биз жамоатчилик, давлат органлари, президент ва парламент бу ташаббусни қўллайди, деган умиддамиз. Негаки, бугунги кунда чинаккамига миллатлараро ишончни қайта тиклаш учун бу энг керакли қадамдир. Бугунги кунда Ўш воқеалари бўйича очилган 5067 жиноий ишнинг фақат 5 фоизигина фош этилган. Қолган жиноий ишлар бўйича айбланаётган бир неча минг фуқароларимиз хорижда қочқинликда яшашга мажбур бўлмоқда. Уларнинг фарзандлари эса ота меҳри нима эканини англамай катта бўлмоқда. Биз бу одамларнинг тақдирига тушуниш ва хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишимиз керак, -деди Қирғизистон Халқлар Конгресси партияси сиёсий кенгаши аъзоси Калийнур Ўрмушев Озодлик радиосига берган суҳбатида.

Мазкур масала бундан аввалроқ Республика Ўзбек миллий-маданий маркази томонидан ҳам кўтарилган эди. Бу мавзуда Озодликка интервью берган Қирғизистон Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Бахтиёр Фаттоҳов Ўш воқеаларида оғир жиноятларни содир этмай тартибсизликларда иштирок этгани учун жиноий таъқиб қилинаётган минглаб одамлар учун амнистия ўта зарурлигини айтди:

-Кўпчиликнинг кутган масаласи мана шу. Жуда кўпчилик одамлар ноҳақдан қамалиб кетган. Уларнинг кўпчилиги умид қилиб, амнистияни кутиб турибди.

Озодлик: Ўзбек миллий-маданий маркази ҳам бу масалани кўтарган эди. Бундан бир ижобий натижа кутса бўладими?

-“Ноумид шайтон” дейдилар. Ҳақиқат ўрнатилмагунига қадар норозиликлар давом этаверади. Жуда кўп инсонлар, жабрланган оилалар амнистияни кутишмоқда. Судларга босим кўрсатиш оқибатида кўп одамлар ноҳақ қамалган. Шунинг учун бу ишларни қайта қўриб чиқиб, ҳақиқатни тиклаш зарур.

Озодлик: Ҳукуматнинг сиёсий иродаси етадими бунга?

-Биз саволни бундай қўмаслигимиз керак. Бизнинг вазифамиз уларнинг олдига масалани кўндаланг қўйиш. Уларнинг иши эса талабларимизни ўрганиб чиқишдир, -деди Бахтиёр Фаттохов.

Қирғизистон президентининг расмий сайтидаги маълумотларга қараганда, 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб бир неча кун давом этган Ўш қирғини чоғида 442 одам ҳалок бўлган. Уларнинг 70 фоизи этник ўзбеклардир.

Айни пайтда Ўш қирғинида айбланиб қамалган 545 кишининг 400 нафари ўзбек, 133 нафари эса қирғиз миллатига мансубдир.
XS
SM
MD
LG