Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:01

Москвада таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина дафн этилди


Elena Ryabinina - human rights activist from Moscow, picket against camps for migrants in August 2013
Elena Ryabinina - human rights activist from Moscow, picket against camps for migrants in August 2013
Россиялик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина 6 май куни Москванинг Хованское қабристонига дафн этилди. Саратон касаллигига чалингани туфайли бевақт ҳаётдан кўз юмган ҳуқуқ фаоли ўзбек ва тожик диний-сиёсий қочқинлар ҳимояси билан шуғулланиб келган. Рябинина вафот этган куни Москвада унинг ҳимоясида бўлган яна бир ўзбекистонлик қочқин – Умид Ёқубов ўғирлаб кетилди.


6 май куни Москванинг Хованское қабристонида марказий осиёлик қочқинлар ҳимояси билан шуғулланувчи “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастури раҳбари Елена Рябинина дафн этилди.

Елена 3 дан 4 майга ўтар кечаси Москванинг онкология шифохоналаридан бирида жон берди.

Ҳуқуқ фаоли билан видолашишга у билан бирга ишлаган ҳамкасблар, адвокатлар, оддий москваликлар йиғилди. 60 ёшга етмасдан ҳаётдан кўз юмган Елена Рябинина хотирасига нутқ сўзлаганлардан бири унинг касбдоши, “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина бўлди.

- Лена ҳуқуқ ҳимояси билан 1999 йилдан буён шуғулланиб келган, яъни умрининг сўнгги 15 йилини шунга сарфлади. У эри халокатга учраб нобуд бўлганидан кейин, умрини бошқаларни ҳимоя қилишга сарфлади. Бир фарзандни тарбиялади. Ўзи ҳуқуқ соҳасида маълумотга эга бўлмасада, қисқа вақт ичида Россиянинг энг таниқли ҳуқуқшуносларидан бирига айланди. У бошчилигида ҳаёти сақланиб қолинган ўзбек, тожик муҳожирлар сони юзлаб, - деди кўзига ёш олган Светлана Ганнушкина.

Видолашув маросимига келган қатор сафдошлари у ҳақда илиқ сўзларни гапирди, шогирдлари Елена бошлаб берган ишни давом эттиришини маълум қилди. Ҳуқуқ фаоли билан хайрлашаётганлар орасида кўринишидан ўзбеклар ҳам кўринди.

Йиғилган адвокатлардан бирининг сўзларига кўра, ўлим тўшагида ётган Елена Рябинина охирги кунигача ўз ҳимояси остида бўлган марказий осиёлик сиёсий ва диний қочқинлар тақдири билан шуғулланган. Вақти кам қолаётганини сезган Елена охирги кунларини қочқинларни ўз адвокатларига тайинлаш билан ўтказган.

Елена Рябинина билан видолашиш ортидан унинг ҳимояси остида қолганларга кутилганидек босим кучайди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси оғир аҳволга тушган куни – 29 апрелда Москвада БМТ томонидан 2010 йилда қочқин, деб тан олинган ва “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастури ҳимояси остида бўлган ўзбекистонлик Умид Ёқубов россиялик полициячилар воситачилигида куппа-кундузи ўғирлаб кетилгани ҳақида Халқаро Амнистия ташкилоти баёнот тарқатди.
XS
SM
MD
LG