Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:49

Ўзбекистон қамоқхоналари маҳкумлар учун передачалар қабул қилмаяпти


Шу йилнинг 20 апрелидан бери Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/32, 64/51, 64/61 ва 64/36-сонли муассасаларида маҳкумлар учун передачалар, бошқа турдаги жўнатмалар қабул қилмаяпти, маҳкумлар яқинлари билан учраштирилмаяпти.


Бу ҳақда ўғли Наманган вилоятининг Поп туманидаги 64/32-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган қашқадарёлик Баҳром Абдураҳимов маълум қилди.

- Поп туманидаги колонияда маҳкумлар билан учрашув хонаси 20 апрелдан бошлаб гўёки таъмирлашга берилган. Шу боисдан бу ерда бир ойдан бери маҳкумлар билан на учрашув бор ва на передачалар қабул қилишади. Аввалига биз ростдан ҳам учрашув хонаси ремонтдадир, деб ўйлагандик. Маълум бўлишича, 20 апрелдан бошлаб мамлакатимиздаги 60 га яқин колонияларнинг барчаси худди шунақанги таъмирда экан, - дейди Баҳром Абдураҳимов.

Қашқадарё вилояти Шайхали посёлкасидаги 64/51-муассаса махсус қисмининг исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка гапирган мулозимига кўра, ҳозирги кунда барча жазони ижро ижро этиш муассасаларида вазият шундай. Шу йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ маъмурияти ҳатто яқинда таъмирдан чиқарилган маҳкумлар билан учрашув хоналарини қайта “таъмирлаш”га кўрсатма берган. Гўё халқаро вазият ва мамлакат ичидаги хавфсизлик билан боғлиқ ҳолатда муаммо бор, шу боисдан маҳкумлар яқинлари билан учраштирилмаяпти.

Қаршидаги 64/61-сонли жазони ижро этиш муассасасида диний оқимга мансубликда айбланиб, жазо муддатини ўтаётган фарзанди Шокиржон билан 2 марта учрашувга бориб, уни кўришга муваффақ бўлолмаган янгийўллик Дилором опа вазиятдан таажжубда эканини айтади:

- Аввал фақат 159 ларга учрашув йўқ, деб ўйлагандим. Энди маълум бўлишича, бошқа маҳкумларга ҳам қарийб бир ойдан бери учрашув бериш ёки уларга келтирилган посилкаларни киритиш йўқ экан. Ҳайронмиз. Ҳатто ич кийимлар, совун ва бошқа гигиена анжомлари ёки дори-дармонларни олишганида ҳам майли эди. Ахир бу нарсалар кишига ҳар куни керак бўладиган нарсалар-ку. ГУИНга мурожаат қилсак, колонияга юборишади. Бу ердагилар эса гапингизни эшитмайди ҳам, жавоб ҳам беришмайди, - дейди Дилором опа.

Жазони ижро этиш муассасаларидаги бундай вазиятдан хабардор бўлган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташановга кўра, айни ҳолат нафақат Ўзбекистон Республикаси Жиноят Ижроия қонунчилиги, балки Ўзбекистон ҳукумати ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга ҳам зиддир. Ҳуқуқ ҳимоячиси маҳкумнинг ҳар қандай вазиятда - хоҳ у таъмирлаш бўлсин, хоҳ бошқа бир ҳолат - маҳкумлар яқинлари билан учрашиш, передачалар олишдан маҳрум қилинмаслиги лозим.

Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасининг навбатчилик қисми Озодликнинг мавжуд вазият, маҳкумлар билан учрашувлар берилмаётгани, уларнинг передачалар ололмаётгани борасидаги сўровига изоҳ бермади.
XS
SM
MD
LG