Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:34

Югуриш мусобақасида имомлар ғолиб бўлди


Маррани биринчилардан бўлиб забт қилган имомлар.
Маррани биринчилардан бўлиб забт қилган имомлар.
18 май куни Тожикистонда ўтказилган “Соғлом ҳаëт учун” миллий дастури доирасида ўтган югуриш мусобақасида мамлакат тарихида илк бора дин пешволари иштирок этди ва олий совринга сазовор бўлди.

Мусобақа ташкилотчиси Сулаймон Юсуповнинг Озодликка билдиришича, диний идора вакиллари югуриш бўйича миллий дастурда иштирок этиш таклифини бажонидил қабул қилишган.

Сулаймон Юсуповга кўра, югуриш мусобақасида мамлакат масжидларининг 20 нафар ходими иштирок этган.

- Бу йигирма нафар руҳоний бир команда бўлиб, умуммиллий югуриш мусобақасида иштирок этиб, яхши натижаларни қўлга киритишди, - дейди суҳбатдош.

Югуриш мусобақасида иштирок этган имом-хатиблардан бири Абдулҳамид Одилов 50 ëшдан ошганлар учун беш километрга югуриш мусобақасида ғолиб бўлди.

Абдулҳамид Одиловнинг Озодликка айтишича, спорт билан шуғулланиб, вужудни чиниқтириш мусулмонлар учун суннат амалдир:

- Спорт билан шуғулланиб, вужудни чиниқтириш пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом суннатларидир. Шу боис мусулмонлар бугунги спорт мусобақасида қатнашиб, савоб олишди. Пайғамбаримиз ўз муборак ҳадисларида: "Ҳар бир мусулмон ўз баданини чиниқтириши лозим", деб таъкидлаган. Югуришни фойдаси кўп. Одам терлайди ва организмдаги тузлар чиқиб кетади, қон айланиши яхшиланади. Ислом дини спорт мусобақалари ўтказишни маъқуллайди, - деди Абдулҳамид Одилов Озодлик билан суҳбатда.

Югуриш мусобақасида қатнашган яна бир имом - Саидолим Шарипов югуриш мусобақаси пешқадамларидан бири бўлгани боис махсус соврин ҳам олди.

Саидолим Шарипов "Соғ танда соғлом ақл" деган маънода Озодликка фикр билдирди:

- Спорт мусобақасида биз ҳолдан тойиб, чарчаган бўлсак ҳам, жуда мамнун бўлдик. Танамиз яйради. Бундай спорт мусобақалари ва соғломлаштириш тадбирларини аҳолининг кенг қатламларини жалб қилган ҳолда ўтказишни маъқул, деб биламан, - дейди тожикистонлик имом Саидолим Шарипов.

Миллий югуриш мусобақаси Тожикистонда 10 йилдан бери ўтказиб келинади.

Бу йил айни мусобақада илк маротаба имомлар иштирок этди.

Тадбир ташкилотчиларининг Озодликка айтишича¸ Тожикистондаги умуммиллий югуриш мусобақасида 350 минг киши қатнашган.
XS
SM
MD
LG