Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:15

Рус мухолифатчиси Навальний тарафдорларига босим кучайди


Россияда мухолифат лидери Алексей Навальний сафдошлари уйларида Россия Тергов қўмитаси ходимлари томонидан тинтув ўтказилмоқда. Алексей Навальнийнинг коррупцияга қарши кураш Жамғармаси раҳбари Владимир Ашурков, “Москва учун” мухолифатчилик бирлашмаси аъзолари Константин Янаускас ва Николай Ляскинлар Навальнийнинг 2013 йилги сайлов кампанияси давомида молиялаштириш қоидаларини бузганликларида айбланмоқда.


“Ҳукумат майда мухолифатчиларни синдирмоқчи”

Россия Тергов қўмитаси расмий сайти хабарида мухолифат етакчилари 2013 йилда Алексей Навальнийнинг Москва шаҳар мэри лавозимига ўтказилган сайловлар давомида сайлов кампаниясини молиялаштиришда ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузганликда айбланмоқда.

Прокуратура Владимир Ашурков, Константин Янаускас ва Николай Ляскинлар мазкур жиноий иш юзасидан катта миқдорда пулни “ўзлаштирган” деб эълон қилди.

Москва шаҳар Думаси сайловида иштирок этаётган мухолифат вакилларидан бири Ольга Романова Озодлик билан суҳбатда Николай Ляскин ва Константин Янаускаслар ҳозирда Москва прокуратурасида экани, Владимир Ашурков бу воқеалардан анча олдин Россиядан чиқиб кетганини айтди:

- Бугун эрталабки 7 ларда Зюзино туман муниципал депутати Константин Янкаускас ва Новокосино – Жулебино – Вихино депутатлигига номзод Николай Ляскин хонадонида тинтувлар ўтказилди. Булар иккалови “Москва учун” коалицияси вакиллари. Владимир Ашурков уйида эса тинтувлар олдинроқ олиб борилган. У ўзи ҳам Россиядан чиқиб кетган. Билишимча, у яқин орада Россияга қайтиш нияти йўқ. Терговчиларга кўра, улар гўё “Яндекс-Кошелек”ка сайловчилар томонидан Навальнийга аталган маблағларни ўзлаштирган. Агарда бу ҳақиқат бўлганда эди, улар аллақачон мухолифат таркибидан чиқариб юбориларди. Бу шунчаки мухолиф кучларни обрўсизлантириш,- дейди Ольга Романова.

Мухолифат вакиласи 2013 йилги сайловлардан кейин Алексей Навальний сайлов штаби Москва шаҳар сайлов комиссиясига сарфланган ҳар бир тийин борасида тўлиқ ҳисобот топширган ва комиссия уни қонуний деб тан олганини эслатди.

Ольга Романова йирик мухолифат лидерлари боши тинимсиз суд ва терговлардан чиқмай қолган бир пайтда Владимир Путин ҳукумати мухолифатнинг “иккинчи эшелони” – оддий аъзоларини ҳам қўрқитишга киришганини тахмин қилади.

- Менимча, улар иккинчи эшелон мухолифат вакилларини йўқотишга киришди, чунки ўтган йили улар йирикларини тўла-тўкис йўқ қилишга эришди. Энди бошини кўтарганини синдираяпти. Ўйлашимча, бу жиноий ишга тортилганлар ҳам жиноий жавобгар этиб эълон қилинади, - дея тахмин қилди журналист Ольга Романова.

Путин ҳукуматига курашувчи мухолиф кучлар айнан шу масала юзасидан текширув ўтган йили Ички ишлар вазирлигининг Иқтисодий хавфсизлик бошқармаси томонидан ўтказилганини маълум қилди.

Навальний арз-шикоятларга кўмилди...

Навальний тарафдорлари Тергов қўмитаси босимини Москвада бошланиб кетган депутатликка сайловлар билан боғламоқда: улар ҳукумат вакиллари бирорта мухолифатчи ҳатто туман депутати этиб сайланмаслигига барча “маъмурий ресурсларни” ташлаганига ишора қилмоқда.

Мухолифатчи Янкаускас, Ашурков ва Ляскинлар бу айбловлар билан 10 йилгача қамоқ жазоси олиши мумкин.

Айни пайтда, тергов пайти шартли равишда озодликда юрган мухолифат лидери Алексей Навальнийга нисбатан 22 май куни яна бир “туҳмат ва бўҳтон” тўғрисидаги арз билан мурожаат қилган тадбиркорнинг иши кўриб чиқилиши бошланди.

Сиёсий ва жамоатчилик фаолияти билан кўплаб ҳукумат вакиллари кирдикорини фош этиб келаётган ва шахсан Владимир Путиннинг ғазабини қўзғаб келаётган блогер Алексей Навальний охирги икки йилда ўндан ортиқ суд маҳкамаларига тортилди: уларнинг барчасида суд ҳакамлари мухолифатчига қўйилаётган арз-шикоятларни қаноатлантирди.

Навальний бошчилигида унинг тарафдорлари бугунги кунда Россиядаги коррупцияга қарши қатор жамоатчилик лойиҳаларини амалга оширмоқда. Жумладан, "РосПил" – давлат тендерлари ва сотиб олиш жараёнида йўл қўйилаётган коррупция схемаларини фош этиш ва давлат пуллари ноқонуний ўзлаштирилишига қарши курашувчи лойиҳа; “РосЯма” – мамлакатдаги йўл қуриш ва уни қоплаш масаласида қўйилаётган хато ва камчиликларга қарши курашувчи интернет лойиҳа; “Добрая Машина пропаганды”( ДМП) ёки “Яхши ташвиқот Машинаси” орқали Навальний Россиядаги ҳукумат вакилларининг барча коррупция амалиётлари, ўғирликлари ва амалидан ўз манфаати йўлида суиистеъмол қилиш фактларини ёритишга уринади.

Бундан ташқари, мухолифатчилар “РосЖКХ” (маиший хизмат соҳаси), “РосВыборы” (сайловлар назорати) ва “Коррпуцияга қарши Жамғарма” фаолиятини олиб бормоқда.

Уй қамоғида қўлига электрон кузатув браслети тақилган Кремл танқидчиси Алексей Навальний ҳозирча сиёсий фаолият билан шуғулланиш, Интернетдан фойдаланиш ва оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш таъқиғи остида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG