Линклар

Шошилинч хабар
09 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:01

25 май куни Украинада президентлик сайлови ўтказилади


Украинада президентлик сайловлари 25 май, якшанба куни ўтказилади. Мазкур кун арафасида президентликка номзодларнинг ҳар қандай тарғиботи тақиқланган. 25 майда ўтадиган президентлик сайловига 21 одам ўз номзодини кўрсатган эди. Бироқ улардан 4 нафари сайловда иштирок этишдан бош тортишди.

Украинада 25 май куни ўтадиган президентлик сайловларида сайловчилар 17 номзоддан бирини президент сифатида танлаб олиши керак бўлади. Украина муваққат Бош вазири Арсений Яценюк фуқароларни “Украинани ҳимоя қилиш учун сайловда иштирок этиш”га чақирди.

-Биз сайловдан сўнг қонунан сайланган президентга эга бўламиз ва у ўзининг биринчи сафарини бирлашган Европанинг пойтахтидан бошлайди. У Европа Иттифоқи билан эркин савдо шартномасини имзолайди, - деди 24 май куни мамлакат аҳолисига қилган мурожаатида Украина муваққат Бош вазири Арсений Яценюк.

Сайловда асосий кураш бизнесмен Пётр Порошенко ва “Батькившчина” партияси лидери Юлия Тимошенко ўртасида бўлиши кутилмоқда. Рейтингнинг учинчи ўрнида эса Сергей Тигипко бормоқда. Тигипко “Россияга мойил” сиёсатчи ўлароқ қабул қилинаётир.
25 май куни Украинада президентлик сайлови ўтказилади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:07 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда президент Кучма замонидан бери давлат бошқарувида ишлаб келаëтган Порошенконинг ҳам Россия билан дўстлиги¸ қолаверса Россияда шоколад фабрикалари бор. Яқинда у Украинанинг НАТОга қўшилиш истиқболи ҳақида Путинга ëн беришга тортадиган баëнот қилдики¸ бу ҳам унинг Москва билан дўстликни сақлаб қолиш нияти борлигини кўрсатди.

Украина президентлигига уч етакчи даъвогардан иккитаси миллиардер¸ бири миллионер.

Президентлик сайловлари Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларида мураккаб вазият сақланиб қолинаётган бир паллада ўтказилмоқда. Мазкур вилоятлардаги россияпараст кучлар президентлик сайловларига байкот эълон қилишларини билдирганлар. Бу вилоятларда айирмачиларнинг ҳукумат кучлари билан ўзаро тўқнашувлари давом этаётир.

Хабарларга қараганда, Донецк вилоятининг Волновах деб аталадиган ҳудудида 22 майга ўтар кечаси айирмачилар томонидан содир этилган портлашда ҳалок бўлган Украина ҳукумат кучларига қарашли аскарлар сони бугун 17 нафарга етган. Украина Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, яна беш ҳарбийнинг аҳволи ўта оғир.

Шу муносабат билан Украинанинг Волинск вилоятида 23-24 май кунлари мотам эълон қилинган. Украина муваққат Бош вазири Арсений Яценюк ўз мурожаатида мана шу масалани ҳам тилга олиб ўтди.

-Биз хориждан молиялаштирилаётган бандитлар ва хориж ёлланмачиларига сайловларни барбод қилишга йўл қўймадик. Биз овоз беришни тўлақонли ўтказиш учун барча ҳуқуқий ҳамда молиявий имкониятларга эгамиз. Сизнинг овозингиз энди ҳеч қачон ҳеч ким томонидан ўғирланмайди, у танлаш имкониятидан фойдаланишингиз учун биргина сизга тегишлидир. Бу овозлар ғарб, шарқ, жануб ва шимоллик украинлар иродасининг намоён этилиши бўлади, -деди Арсений Яценюк.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг халқаро кузатувчилари эртага ўтадиган сайловларни мониторинг қилиш мақсадида Киевга етиб келгани хабар қилинди. Европа Иттифоқи Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти миссиясига Украинадаги сайловларни кузатиш учун 10 миллион евро маблағ ажратган.

Россия президенти Владимир Путин 23 май куни Москва “сайлов натижаларини ҳурмат қилиши”ни билдирди.
XS
SM
MD
LG