Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:06

Кремль украиналик қочқинларни марказий осиёликлардан афзал кўрмоқда


Жорий йилнинг 1 августидан Россия Федерацияси фуқаролигини бериш тартиби расман кучга киради. Рус ҳукумати фуқаролик энг аввало собиқ империя ҳудудида яшаган русийзабонлар ва Украинадан келаётган қочқинларга осонлаштирилган тарзда берилишини маълум қилди. Айни пайтда Кремль расмийлари фуқароликни марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига эмас, украиналик қочқинларга беришни афзал кўрмоқда.

Русийзабонларга осонлаштирилган тартиб

10 июль куни Россия президенти Владимир Путиннинг ҳукумат аъзолари билан қилган учрашувида Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский осонлаштирилган тартибда мамлакат фуқаролигини беришнинг тўртта асосий шартларини санаб ўтди.

- Бунга собиқ Совет Иттифоқи ёки рус империяси ҳудудида доимий яшаётган қариндошларга эга бўлиш, Россияга доимий яшашга кўчиб ўтиш, олдинги фуқароликдан воз кечиш ва энг асосий, муҳим шартлардан бири - русийзабон бўлиш. Русийзабонлик мақоми махсус комиссия аъзолари томонидан белгилаб берилади, - деди Константин Ромодановский.

ФМС тарқатган тушунтиришларга кўра, ФМС қошидаги комиссиялар рус тилини билиш даражасини аниқлаш учун даъвогарлардан имтиҳон ва диктант олади.

Россияда осонлаштирилган тартибда фуқаролик олиш тартибига оид иккита расмий ҳужжат 2 майдан кучга кирди.

Украиналик қочқинлар – биринчи навбатда!

Айни пайтда, янги қонун айнан украиналик қочқинларга фуқаролик бериш жараёнини янада осонлаштиришга қаратилгани таъкидланди.

Константин Ромодановский украиналик қочқинлар Украина ҳукуматидан фуқароликдан воз кечиш ҳужжатини олишга қийналишини инобатга олиб, улар учун махсус "фуқароликдан воз кечиш имкони йўқлиги тўғрисида декларация"ни жорий қилиш таклифи билан чиқди. Шунингдек, ФМС Россияда қочқинлик мақомини олган украиналиклар учун яшашга рухсатномасини 3 йилгача чўзиши, ишга рухсатномани меҳнат квотасидан ташқари олиши мумкинлигини билдирмоқда.

Россия ҳукумати ҳам Федерация ҳудудида биринчи навбатда украиналик қочқинларни ишга қабул қилишга даъват этмоқда. Хусусан, Москва вилояти раҳбарияти Россия Меҳнат вазирлигига донбасслик қочқинларга иш квоталари сонини ошириш илтимоси билан мурожаат қилгани айтилди. Мазкур ташаббус Россиянинг қатор минтақаларида ҳам қўллаб-қувватлангани маълум.

Москва вилояти ФМС идораларида айнан қочқинларни ишга рухсатнома билан таъминлаш бўлимлари очилди. Москва вилояти ФМС раҳбари Олег Молодиевский иш берувчиларнинг украиналикларга ён босаётгани сабабларини ҳам тушунтиришга уринди.

- Иш берувчилар Ўрта Осиёдан келаётган мигрантлардан кўра украиналикларни афзал кўрмоқда, чунки улар биринчидан рус тилини яхши билишади, иккинчидан улар орасида юқори малакали мутахассислар ҳам кўпроқ,- дея муносабат билдирди Москва вилояти ФМС бошлиғи.

Россия фуқаролигини олиш истагида бўлган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари эса сўнгги бир неча ойда ҳуқуқ-тартибот идоралари миграция назоратини кескин оширганини гапирмоқда.

Краснодар ўлкасида меҳнат қилаётган Баҳромжон Ваҳобов айниқса, ўзбек-тожикларга фуқаролик бериш мутлақо тўхтатиб қўйилганига гувоҳ бўлаётганини Озодликка гапириб берди:

- Ҳозир айнан Ўзбекистон-Тожикистонни Россиядан чиқариб юбориш бўлаяпти. Мен Краснодар ўлкаси тўғрисида гапиряпман, Россиянинг бошқа жойларини билмадим. Бизни фирмада ишлаган Жалилов Баҳодирни кеча полиция ушлаб кетибди. Тиббий суғурта полиси бўлмагани учун уни депорт қилишибди. Четга бирорта нотўғри қадам қўйиб қўйсангиз ҳам чиқариб юборишяпти! Ўзим ҳам иккиланиб қолдим, лекин барибир фуқаролик олишга яна бир бор бориб топшириб кўраман. Ҳозир Украинадан қочқинлар кўп келаяпти. Бир томондан, шунинг ҳисобига фуқаролик беришни қийинлаштириб қўйишган бўлиши мумкин, деди вақтинчалик яшаш рухсатномаси билан Россияда яшаётган Баҳромжон.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:46 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда, 9 июль куни Россия Федерация Кенгаши муҳожирларга меҳнат қилишга рухсатномаларни бериш тартибини янада қийинлаштирди. Янги ўзгартишга кўра, визасиз мамлакатлардан бўлган муҳожир миграция картасида мамлакатга меҳнат қилгани келаётганини аниқ кўрсатиши шарт, акс ҳолда ФМС унга ишга рухсатнома бермайди.

Украинадан қочқинлар сони ошиб бормоқда

Украина ҳукуматининг мамлакат шарқида бошлаб юборган кенг қамровли террорчиликка қарши амалиётлари натижасида биргина Донецк шаҳри ва унинг атрофларидан Россияга 100 мингдан 500 минггача одам эвакуация қилиниши мумкин. Бу ҳақда журналистлар олдида қилган чиқишида тан олинмаган Донецк Халқ Республикаси Хавфсизлик кенгаши аъзоси Сергей Кавтарадзе гапирди.

ДНР ҳукумати вакили Россия Федерацияга чиқиб кетаётган украиналикларнинг аксари, шунга қарамасдан, тинчлик ўрнатилиши билан ортга қайтиш ниятида эканини ҳам таъкидлаб ўтди.

Шарқий Украинадаги фаол ҳарбий ҳаракатлардан қочиб ўтаётганлар, асосан, Россиянинг Украина билан чегарадош Ростов, Волгоград, Астрахань, Қолмиқистон, Ставропол ўлкаларига жойлаштирилмоқда. Россия МЧС вакиллари ҳозирда мамлакат ҳудудида 20 мингдан зиёд украиналик қочқин паноҳ топгани, улардан 8 мингдан зиёди вояга етмаган болалар эканини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG