Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:02

ЎзДСМИ битирувчиси дипломига ёзилган мутахассислиги нималигини билмаяпти


Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Касб таълими – Ижтимоий иш” мутахассислиги бўйича бу йилги битирувчиларидан бири Озодликка иш тополмаётганлигидан шикоят қилди.

Унинг айтишича, қўлида дипломи бўлатуриб, ҳатто қандай касб эгаси эканлигини ўзи билмайди.

Битирувчининг бу ажабтовур иқроридан пайдо бўлган саволларга институт раҳбарияти берган жавоблар бироз аниқлик киритгандай бўлди.

Озодликда битирувчи қиз билан суҳбатнинг аудиоёзуви мавжуд, лекин исми айтилиши ва овози эшиттирмаслигини илтимос қилди.

Битирувчининг айтишича, у 2010 йили Тошкент давлат маданият институтининг Касб танлаш факультетига ўқишга қабул қилинган 50 талабанинг бири эди.

- Ўшанда бизга шахс ва жамият, маданият, миллий истиқлол ғояси ва шунга ўхшаш фанлардан ўқитувчи бўлиб чиқасизлар, дейишган, деб эслайди битирувчи.

2012 йили Тошкент Давлат маданият институти ва Ўзбекистон Давлат санъат институти базасида Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти ташкил этилди.

- Икки институт қўшилганидан сўнг факультетимиз номи ўзгарди, дипломимизга нима деб ёзилишини икки йилдан бери ҳеч ким айтиб беролмади. Ҳар гал ёзма иш топширганимизда ишнинг устига “Касб таълими” деб, қавслар ичида эса, “Ижтимоий иш”, деб ёзардик, деди битирувчи.

4 йиллик ўқиш якунланиб, суҳбатдошимиз бу йил диплом олди.

Битирувчининг айтишича, дипломида мутахассислиги мана бундай ёзилган: “Касб таълими – Ижтимоий иш – (Ижтимоий таъминот тизими бўйича) ижтимоий педагогика мутахассислиги фани ўқитиш методикаси фани ўқитувчиси”.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, "4 йил давомида дарслар яхши ўтилган, лекин дипломда кўрсатилган ихтисоснинг мужмаллиги иш топишга тўсқинлик қилмоқда".

- Учта коллежга мурожаат қилдим иш сўраб, бизда бундай мутахассислик йўқ, дейишди, деди битирувчи.

Масалага ойдинлик киритишини сўраб, Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти проректорларидан бири билан боғландик.

У кишининг айтишича, “Ижтимоий иш, Ижтимоий маданий фаолият, деб ёзилган диплом олган студентларнинг ҳар биттасида шартнома бор, шартнома асосида ишга йўлланма берилган. Бу масала доим институт раҳбарияти диққат марказида туради.“

Институт раҳбарияти вакили “Ижтимоий иш йўналишини битирганлар қаерда ишлайди”, деган саволимизга жавобан бундай деди:

- Ҳамма жойда, масалан, маҳаллаларда ишлаши мумкин.

- Маҳаллада ким ишга олади?

- Битириш жараёнида ҳар бир битирувчи ўз вилоятидан шартнома олиб келган. Комиссия ўша шартномаларни кўриб чиқади...

Гап шу жойга келганда суҳбатдошимизга Вазирлар Маҳкамасидан қўнғироқ қилиб қолишди ва у киши бизга Педагогика кафедраси билан боғланишни маслаҳат берди.

Кафедранинг ўзини таништирмаган ўқитувчиси бундай деди:

- “Ижтимоий иш”ни битирганлар ижтимоий қатламни ҳимоя қилиш бўйича ишлаши мумкин. Масалан, Азиза исмли бир талабамиз Қибрайдаги ҳокимиятга ижтимоий қатламни ҳимоя қилиш марказими, бўлимими очилган экан, ўша ерга ишга жойлашибди. Пенсия жамғармаларига ва шунга ўхшаш йўналишлар бўйича ишга жойлашса бўлар экан.

- Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли идораларга жойлашса бўлар эканда битирувчиларингиз?

Бу саволимизга кафедра вакили “Ҳа”, деб жавоб берди.

- Бас, шундай экан, унда нима учун улар Маданият ва санъат институтида ўқиди?

- Бу саволингизга жавоб беролмайман, деди кафедра ўқитувчиси.

XS
SM
MD
LG