Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:30

Чироқчидаги аварияда 29 ҳашарчи-ўқувчи жароҳатланди


17 сентябрь куни Қашқадарёдаги Чироқчи Саноат коллежининг ўқувчилари ЗИЛ юк машинасида пахта теримига олиб кетилаётган пайти аварияга учради. Юк машинасида бўлган 39 боладан 29 нафари авария оқибатида жароҳатланиб шифохонага ётқизилди.

Воқеа чоршанба куни эрталаб соат 9:30ларда Чироқчи туманининг Чиял қишлоғи ҳудудида содир бўлган.

Ҳалокат тафсилотларидан хабардор манбанинг Озодликка айтишича, авария Чироқчи Саноат коллежининг 39 нафар ўқувчиси ЗИЛ юк машинасида пахта теримига олиб кетилаётган пайти содир бўлган. Жароҳатланган ўқувчиларнинг энг кичиги 16 ёш, каттаси эса 18 ёшда.

Манбага кўра, авария оқибатида жароҳатланган 29 нафар бола ҳалокатдан бир соат ўтиб, Чироқчи туман Шошилинч тиббий марказига ётқизилган.

Шифохонадаги ўқувчилар вазиятини ўрганган Озодликнинг Чироқчидаги манбасига кўра, авария оқибатида айрим ўқувчиларнинг билак суяги, айримларининг елка суяги синган.

“Баъзиларига эса мия чайқалиши ташхиси қўйилган. Ўқувчиларнинг кўпчилиги қўрқув натижасида руҳий зарба олган. Лекин ҳеч ким операция қилинмаган”, деди ўқувчилар вазиятини ўрганган манба.

Чироқчи туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда жароҳатланган ўқувчиларнинг аҳволи яхши бўлиб, 19 сентябрь куни улардан икки нафарига амбулатор даволаниш учун уйига рухсат берилган.

Ушбу аварияга оид бошқа тафсилотлар Озодликка маълум эмас. Ҳалокатдан хабордор манба, ЗИЛ ҳайдовчиси машинани бошқариб кетаётган пайти ухлаб қолгани ҳақида гапирди. Лекин бу маълумотни Чироқчи ИИБ ходимлари на тасдиқлади ва на инкор қилишди. Милиция ходимларидан авария бўйича бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

Чироқчилик ҳашарчилар билан боғлиқ ҳалокат жорий йил пахта мавсумига оид Озодликка маълум бўлган учинчи авариядир.

14 сентябрь куни Тошкентдан Жиззах вилоятига кетаётган пахта колоннаси Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида аварияга учраши натижасида ҳайдовчи ва ҳашарчилардан бир неча киши жароҳат олган.

Шунингдек, айни шу куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG