Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:11

Ўзбекистон Россия бозорини мева-сабзавот билан тўлдирмоқчи


2326774
2326774

Ўзбекистон ва Россия мева-сабзавот етказиб бериш масаласида учрашди

Шу йилнинг 25 сентябрида Тошкент шаҳрида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита Ўзбекистондан Россия Федерациясига етказиб беришни ташкиллаштириш ва ҳажмини ошириш масалалари бўйича музокаралар ўтказилди.

Икки тарафлама музокараларда Россиядан келган делегацияни мамлакат Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг Божхона иттифоқи ва МДҲ давлатлари идоралари билан иқтисодий ҳамкорлик Департаменти директори Александр Цибульский бошқарди. Шунингдек, Россия делегация таркибига Новосибирск вилояти Саноат, савдо ва табдиркорлик вазири вазифасини бажарувчи Николай Симонов, Пермь, Краснодар, Москва шаҳри вакиллари ҳамда Россиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Савдо вакили Константин Артюшин иштирок этди, дея расмий маълумот берди Озодликка Россия Иқтисодий тараққиёт вазири ёрдамчиси Елена Лашкина.

Ўзбекистондан музокараларда давлатнинг Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Узинтеримпэкс”, “Марказсаноатэкспорт”, “Узтадбиркорэкспорт”, “Узпроммашимпэкс”, “Узмарказимпэкс” ташқи савдо компаниялари раҳбарлари иштирок этди. “В2В” шаклида ўтказилган учрашувда маҳсулот етказиб берувчи ва истеъмолчиларнинг ўзаро фойдали тижорий таклифлари кўриб чиқилди, деди Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги вакиласи Елена Лашкина.

Суҳбатдош, шунингдек, Новосибирск вилояти вакилларининг Ўзбекистон Республикасини уруғлик учун картошка билан таъминлаб туриш таклифи маъқуллангани ва “қизғин музокаралар унумли натижалар” берганини маълум қилди.

Россия ҳукумати жорийи йилнинг август ойида мамлакат президенти Владимир Путин томонидан Россияга санкцияларни жорий қилаётган Ғарб давлатларидан айрим озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хом-ашё импортини таъқиқлаши ортидан янги бозорларни қидиришга тушди. Ҳозирда руслар АҚШ, ЕИ давлатлари, Канада, Австралия ва Норвегиядан мол, чўчқа, товуқ гўшти, колбаса, балиқ, сабзавот, мева, сут маҳсулотлари ва қатор бошқа товарларни олиб киришни бир йилга чеклаган.

Куни-кеча Россия вице-премьери Аркадий Дворкович биргина Москва шаҳрининг ўзида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 12 фоизга ошганини эътироф қилишга мажбур бўлди. Россия ҳукумати сентябрь ўрталаридан мамлакатда нархлар ошиши бироз сусайганини иддао қилаëтган бўлса-да, айрим минтақаларда гўшт маҳсулотлари ўсиши 20-30 фоизга, Москва шаҳрида ундан ҳам юқори кўрсаткичга етган.

Владимир Путин ҳукумати юзага келган оғир иқтисодий вазиятда Россия бозори иштирокчиларига нархларни жиловлаш бўйича меморандум имзолаб, бу механизмга давлат назоратини аралаштирмаслик таклифи билан чиқди.

“Ўзбекистон вазиятдан унумли фойдаланиши мумкин”

Юзага келган вазиятда Ўзбекистон ҳукумати мева-сабзавот маҳсулотларини Россия бозорига етказиб бериш ҳажмини икки баробарга ошириш ва 2016 йилга келиб 500 минг тоннага етказишни режалаштираётганини маълум қилмоқда.

12news.uz сайтининг билдиришича, Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакили Олимбой Ортиқов ўтган йилнинг ўзида ўзбек деҳқонлари Россияга 300 миллион АҚШ доллари нархида бўлган 200 минг тонна маҳсулот экспорт қилганини айтиб, жорий йилда экспорт яна 50-70 минг тоннага ошгани ва 400 миллион долларлик даромад олиниши кутилаётганини очиқлади.

Россиялик иқтисодчи-мутахассислар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон Ғарб давлатлари эълон қилган санкциялар жараёнида Россиянинг асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етказиб берувчи ҳамкорига айланиши ва катта даромад олиши мумкинлигига ишора қилмоқда.

“Иқтисодиёт олий мактаби” (ВШЭ) профессори, география фанлари доктори иқисодчи Алексей Скопин рус ҳукумати совет давридан қолган иқтисодий алоқаларини тиклашга мажбур бўлаётганини айтади.

- Советлар даврида худди шундай бўлган: Марказий Осиё бутун Совет Иттифоқи бозорини бу маҳсулотлар билан тўлдириб келган. Кейин совуқлашиш даври бошланди, транспорт ва иқтисодий алоқалар узилди, Россия қишлоқ хўжалиги бозорини Озарбайжон эгаллади. Бошқа томондан, эмбарго Россия учун Марказий Осиё, айниқса Ўзбекистонни Евросий Иттифоқи, Божхона бирлашмаси ва бошқа ички бозорларга жалб қилиб, қўшиб олиш учун яхши имкондир, деди профессор Алексей Скопин.

Айни пайтда, ҳукумат вакиллари нархларнинг ошишини жорий қилинган иқтисодий эмбарго эмас, балки “ем-хашакнинг қимматлашиши” билан изоҳлашга уринмоқда. Иқтисодчи-мутахассис Алексей Скопин Россия президенти ёрдамчиси Андрей Белоусовнинг “нархлар санкциялар киритилишидан олдин ўсгани”ни тўғрисидаги гаплар шунчаки аҳолини тинчлантириш учун билдирилаётганини гапиради.

- Мен Россияда нархларнинг ўсиши бевосита санкциялар билан боғлиқ, деб ўйлайман. Нархларнинг ўсиши, биринчидан, эмбарго киритилиши ортидан янги таъминловчилар билан алоқалар тиклангунигача давом этади. Иккинчидан, вазиятдан фойдаланган таъминотчилар ва савдо тармоқлари сунъий равишда нархларни ошириб бормоқда – бу бозор учун одатий ҳол. Бу нархлар ошишида санкциялардан кўрилаётган зарарни қоплашга интилаётган Россия ҳукумати ҳам манфаатдор, деди иқтисодий таҳлилчи Алексей Скопин.

Ўзбекистон дунёнинг 80 мамлакатига мева-савбзавот экспорт қилади ва ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа мева-сабзавот ҳамда қуруқ мева турлари бўйича етакчи ўнликка киради.

Ўзбекистон ҳукумати ҳисоб-китобича, 2013 йил натижаларига кўра, Ўзбекистонда полиз экинлари ва узум етиштириш тахминан 10 фоизга ошган; мева-сабзавот етиштириш ҳажми эса 8,4 фоизга ошиб, 10,6 млн тоннага етган.

XS
SM
MD
LG