Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:50

Тўйболалар қўшиғи тарихи: "Тойчоқ бола, той бола"


Ўзбекистондаги суннат тўйларнинг гимнига айланиб, 22 йилдан бери тилдан тушмаëтган “Тойчоқ бола, той бола” қўшиғи "Таниш қўшиқлар" саҳифасининг бугунги мавзуси бўлди. Ўзбекистон мустақил бўлганидан бир йил ўтиб, "Мустақиллик майдони"даги байрамда айтилган бу қўшиқ ўзбек болаларига бағишланган илк миллий қўшиқ сифатида тарихга кирди.

Бундан олдин Ўзбекистондаги совет болаларига аталган¸ пионер ва комсомоллар улуғланган мафкуравий қўшиқларни Шерқўзи Ғозиев ижро қилар эди.

Бу қўшиқларда мактаб боғида ҳашар қилаëтган¸ пионерлар уйида авиамодел ясаëтган шаклан ўзбек, мазмунан совет болалар қиёфаси тараннум қилинар эди.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:09 0:00
Бевосита линк

Совет Иттифоқи тугаб, коммунистик мафкура исталмаган ғоя ўлароқ четлашган бир пайтда ўзбек ашулачиси Абдулҳай Каримов советлардан фарқли бир болакай ҳақида қўшиқ куйлади.

Қўшиқ суннат қилинадиган Муҳаммадга уммат бўлган мусулмон болакай ҳақида эди:

Таҳоратсиз юрмас энди шу кундан,

Жойнамозни олиб беринг тугундан.

Яратганга сажда қилсин бугундан,

Тойчоқ бўлиб чопиб юрган тўйбола,

Ширин бола, шакар бола, тўйбола.

Қўшиқнинг лирик қахрамони бўлган болакай ўзбекларнинг обрўсини кўтариш мажбуриятини ҳам олган:

Катта бўлиб ўзи топар нонини,

Ватанига фидо қилар жонини.

Тиклар яна ўзбекларни шонини,

Тойчоқ бўлиб чопиб юрган тўйбола.

22 йилдан бери нафақат Ўзбекистон балки бутун Марказий Осиëдаги суннат тўйларнинг ажралмас қисмига айланган “Тойчоқ бола “ қўшиғининг ижрочиси, фарғоналик ҳофиз Абдулҳай Каримов Озодлик меҳмони бўлди.

Абдулҳай Каримов ўзининг ташриф қоғозига айланган бу қўшиқ тарихи ҳақида ғурурланиб гапирди:

- Қўшиқ айтилган заҳоти машҳур бўлди. Матнни хотиним Марҳабо Каримова ëзиб берган эди. Мусиқани ўзим басталаганман. Буни тарихини айтиб берсам: Бир куни суннат тўйдан келсам хотиним¸ тўй болага атаб қўшиқ айтдингизми, деб сўраб қолди. Мен унақа қўшиқ йўқ, дедим. Кейин хотиним Марҳабо бир ўтиришда шеърини ëзиб берди. Ўзбекистон мустақиллигининг бир йиллик байрамида Тошкентдаги "Мустақиллик майдони"да куйладим. Ҳаммага ëқди. Телеканалларда тинимсиз қўйиладиган бўлди, - деб хотирлайди фарғоналик қўшиқчи Абдулҳай Каримов.

Бу қўшиқни ўзига шон-шуҳрат, обрў-эътибор, моддий фаровонлик олиб келган қўшиқ, деб билишини таъкидлаган суҳбатдош уни Озодлик тингловчиларига хиргойи қилиб берди:

Тол ёғочдан қамчи қилар, от қилар,

Дадасини ёмон десанг, дод қилар.

Чечам, дейди кампирларни мот қилар,

Тойчоқ бўлиб чопиб юрган тўйбола.

Яхши кўриб ўйнагани қум бўлар,

Аясини ёнида бир зум бўлар.

Туғилибон дадасига дум бўлар,

Тойчоқ бўлиб чопиб юрган тўйбола.

Яхши кўрар аммасию холаси,

Дейишади жигаримнинг боласи.

Тўйларига новвос боқар тоғаси,

Тойчоқ бўлиб чопиб юрган тўйбола.

Ярашади йиғласа ҳам, кулса ҳам,

Гоҳ эркалаб, гоҳ тумтайиб турса ҳам.

Уят бўлмас иштон киймай юрса ҳам,

Тойчоқ бўлиб чопиб юрган тўйбола.

Дадасининг армонларин ўлдирар,

Аясининг сандиқларин тўлдирир.

Ўртоқларин нишолдага тўйдирар,

Тойчоқ бўлиб чопиб юрган тўйбола.

Катта бўлиб ўзи топар нонини,

Ватанига фидо қилар жонини.

Тиклар яна ўзбекларнинг шонини,

Тойчоқ бўлиб чопиб юрган тўйбола.

Таҳоратсиз юрмас энди шу кундан,

Жойнамозни олиб беринг тугундан.

Яратганга сажда қилсин бугундан,

Тойчоқ бўлиб чопиб юрган тўйбола.

Ширин бола, шакар бола, тўйбола.

Тойчоқ бўлиб чопиб юрган бой бола.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:09 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG