Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:42

Ўшда аҳоли орасида сўров ўтказган ташкилотлар текширилаяпти


Озодлик манбааларининг билдиришича, Ўшда миллий озчиликлар орасида “Ҳуқуқингиз бузилмаяптими?” деган мавзуда ижтимоий сўров ўтказаётган Фридом Хаус халқаро ташкилоти, Эдвокаси маркази ва сўровни молиялаштирган ЮСАИД ташкилотига қарши жиноят иши очилган. Бироқ бу маълумотни мазкур ташкилотлар ва ҳукумат идоралари тасдиқлагани ҳам, рад этгани ҳам йўқ.

Ўшда Фридом Хаус ташкилоти ва унинг ҳамкорлари фаолияти вақтинча тўхтатилгани ҳақида ҳуқуқ фаоллари маълум қилмоқда.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулло Рахматуллаевнинг Озодлик радиосига билдиришича, Ўшда миллий озчиликлар, жумладан, ўзбеклар орасида “Ҳуқуқингиз бузилмаяптими?” деган мавзуда ижтимоий сўров ўтказаётган Фридом Хаус халқаро ташкилоти, Эдвокаси маркази ва сўровни молиялаштирган ЮСАИД ташкилотига қарши жиноят иши очилган. Иззатулло Рахматуллаев бу маълумот ишончли манбаалардан олинганини билдирди.

-Бу ишнинг тарихи мана бундай бўлди. Эдвокаси цент, Фридом Хаус ва ЮСАИД биргаликда аҳоли ўртасида “Ҳуқуқингиз бузилмаяптими?” деган мавзуда 17 саволдан иборат сўров ўтказди. Бу сўровномалардан бири Ўш ўзбек миллий маркази раҳбари Абдурашид Хўжаевнинг қўлига тушиб қолибди. У бу сўровномани ГКНБ (Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси-таҳририят)га бориб кўрсатибди, “ўзбек жамияти ичида миллатлараро жанжал чиқаришга мослашган сўров ўтказаяпти”, деб. Шундан сўнг Эдвокаси центр, Фридом Хаус ва ЮСАИДнинг устидан жиноят иши қўзғалди. Эдвокаси центрнинг учта компьютерини жиноят ишига боғлаб мусодара қилишди. Бугунги кунда ЮСАИД ва Фридом Хаус ёпилсин деган талаб билан чиқаётган айрим гуруҳлар мавжуд, -деди Иззатулло Рахматуллаев.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли айтган маълумотларни, Эдвокаси маркази расмийлари расман тасдиқлагани ҳам, инкор этгани ҳам йўқ. Фридом Хауснинг Бишкекдаги ваколатхонасида эса бир неча кун давомида ҳеч кимни топиб бўлмади. Аммо қирғиз нашрларининг билдиришича, Фридом Хаус расмийлари бу хабарни шарҳлашдан бош тортмоқда. ЮСАИД вакили эса ҳозирча жиноят иши очилгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Қирғиз матбуоти хабарларида эса Фридом Хаус масаласида Миллий хавфсизлик қўмитаси текширув ишларини олиб бораётгани айтилган, бироқ жиноят иши очилгани тўғрисида расмий маълумот йўқ.

Абдурашид Хўжаев: Любой саволни берсангиз ҳам ёмон жавоб оласиз

Ўш ўзбек миллий маркази раҳбари Абдурашид Хўжаев Ўшда мазкур сўровни ўтказаётган ташкилотларга нисбатан ўз норозилигини билдирган ҳамда “Биз тинчлик тарафдоримиз” шиори остида тадбир уюштирган эди.

Абдурашид Хўжаев Озодлик радиоси мухбирининг ўз позициясини шарҳлаб бериш борасидаги илтимосига “Ҳозир бунга имконим йўқ”, деб жавоб берди. Аммо у Озодлик радиоси қирғиз хизматига ўз муносабатини мана бу тарзда билдирган:

-Мен буларнинг қилаётган ишларини ёмон деганим йўқ. Просто, еше рановато. Бизда, югда, газ йўқ, свет бўлмайди дейишаяпти, ўзингиз биласиз. Эл қийналиб турганида, ҳозир любой саволни беринг, ёмон деб отрицательний жавоб беради-да, -деди Абдурашид Хўжаев Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Накен Касиев: Фридом Хаус ўзбошимчалик қилди

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Маҳаллий бошқарув ва миллатлараро муносабатлар давлат агентлиги раҳбари Накен Касиев Фридом Хаус ташкилоти ўтказган сўровни “ўзбошимчалик” сифатида баҳолади.

-Сўров биз билан маслаҳатлашилмай туриб ўтказилган. Агентлик қошида халқаро ташкилотлар бўйича мувофиқлаштирув кенгаши ташкил қилинган. Бу ерда кўп масалалар аввалдан муҳокама қилиниб, келишилган ҳолда амалга оширилади. Бу ташкилотлар эса бизга айтмай туриб, ўзбошимчалик билан сўров ўтказган. Аввалги йилларда ҳам бу масалада нотўғри ҳисоботлар берилган. Океаннинг нариги томонида туриб олиб, бизнинг ишимизга баҳо берганлар бўлган, -деди Накен Касиев.

Иззатулло Рахматуллаев: Бундай муносабат миллатлараро вазиятни яхшиламайди

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулло Рахматуллаев миллий озчиликлар орасида сўров олиб бораётган ташкилотларга нисбатан бу каби муносабат Ўшда миллатлараро вазиятни яхшиланишига хизмат қилмайди, деб ҳисоблайди:

-Бугунги кундаги авҳолни мана шу сўровлар орқали давлат органларига, президент аппаратига жўнатилаётган эди. Давлат ташкилотларида муаммолар бўйича чоралар кўрилаётган эди. Бу сўровда миллатлараро жанжал чиқаришга қаратилган ҳеч нарса йўқ. Мақсад фақат давлат органларини бугунги муаммолардан хабардор қилиш эди холос, -деди Иззатулло Рахматуллаев.

Фридом Хаус ва Ўшдаги Эдвокаси маркази 2010 йилнинг июлида содир этилган миллатларо низолар юзасидан ўтказилган терговлар ва суд жараёнларини кузатиб, айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани, жиноят ишлари сохталаштирилаётгани тўғрисида маълумотларни тарқатган ҳамда уларни ҳимоя қилишда реал ёрдам кўрсатган ташкилотлардан эди.

XS
SM
MD
LG