Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:40

Хайрулло Ҳамидов қачон қамоқдан чиқади?


Хайрулло Ҳамидов ҳам футбол шарҳловчиси¸ ҳам "Холислик сари" каби диний-маърифий эшиттитишлари билан эл орасида танилган эди.
Хайрулло Ҳамидов ҳам футбол шарҳловчиси¸ ҳам "Холислик сари" каби диний-маърифий эшиттитишлари билан эл орасида танилган эди.

OzodJavobнинг навбатдаги сонида диний-маърифий дастурлари билан Ўзбекистон ва минтақада танилган журналист Хайрулло Ҳамидовнинг қамоқ муддатига доир саволларга жавоб излаймиз. Хайруллонинг суд ҳукмида белгиланган жазо муддати тугашига 470 кун қолди. Лекин...

Бундан тўрт йил аввал Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди таниқли журналист Хайрулло Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор деб топди ва уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Ўтган вақт давомида Хайруллонинг қамоқ муддати қачон тугаши билан қизиққан муштарийлар сонининг саноғи йўқ. Бу борадаги саволларнинг тўхтамаётгани боис унга жавоб излаб кўрамиз:

Хайрулло Ҳамидовнинг 6 йилга қамалгани борасидаги суд ҳукми 2010 йилнинг 27 май куни чиққан. Лекин амалдаги тартибга кўра, қамоқ жазосининг муддати судланувчи ҳибсга олинган кундан бошлаб ҳисобланади. Хайрулло 2010 йилнинг 21 январь куни ҳибсга олинган. Демак, унинг қамоқ муддати 2016 йилнинг 21 январь куни тугаши лозим.

Шу ўринда Ўзбекистонда маҳкумларнинг қамоқ муддатлари узайтирилиши кўплаб кузатилишини ҳам унитмаслик керак.

Айни пайтда ҳуқуқшунослар қамоқ жазосини ўтаётган ҳар бир маҳкумга амнистия акти қўлланилиши мумкинлигини эслатишади.

Аммо Ўзбекистонда диний ва сиёсий айбловлар билан қамалган маҳкумларга нисбатан амнистия қўллаш амалиёти камдан-кам кузатилади.

Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси мулозими Озодлик билан суҳбатда агар "ушбу тоифадаги шахслар биринчи марта озодликдан маҳрум этилиб тузалиш йўлига қатъий ўтган бўлса" амнистияга тушиши мумкинлигини айтган эди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 73-моддасида жазони ўтаётган маҳкумни муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳам кўзда тутилган.

Ушбу моддага кўра, агар маҳкум ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабат (бу ерда нима назарда тутилгани қонунда очиқланмаган)да бўлса, у шартли равишда озодликка чиқарилиши мумкин.

Ҳуқуқшунослар 39 яшар Хайрулло Ҳамидовга нисбатан ушбу модданинг қўлланилиши эҳтимоли катталигини айтишади. Боиси Хайруллонинг қамоқда “ўзини яхши тутаётгани” ҳақидаги гаплар унинг шартли озод қилинишига умид уйғотади.

Хайрулло Ҳамидовнинг онаси Муқаддас опа Озодлик билан суҳбатда ўғлининг “Қамоқхона клубида режиссëрлик қилиши, қамоқдаги маҳбусларни қайта тарбиялашга қаратилган тадбирлар уюштириши” ҳақида гапирган эди.

Шунингдек, Озодлик электрон почта қутисига етиб келган Хайрулло Ҳамидов (экани айтилган шахс) томонидан ўқилган аудиораддияда унинг Навоий вилоятидаги 47-жазони ўташ муассасасида қийноқ ва тазйиқлардан озод ҳолда яшаëтгани иддао қилинган эди.

Хайруллонинг онаси Муқаддас опа ўғлининг президент номига кечирим хати ёзгани ҳақида ҳам гапирган.

Агар шу ҳолатлар инобатга олинса, Хайруллонинг муддатидан аввал озод қилиниши мумкин деган тахминни билдиришади ҳуқуқшунослар. Бу фақат эҳтимолий тахмин.

Аслида суд ҳукмига кўра, Хайруллога белгиланган 6 йиллик жазо муддати агар УЗАЙТИРИЛМАСА, у 2016 йилнинг 21 январь куни озодликка чиқиши мумкин.

Бунга ҳам 470 кун қолди...

***

Хайрулло Ҳамидов бир неча йиллар мобайнида “Ўзбекистон футболи”, республика телевидениесида мухбир ва спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаб келган. Кейинги пайтда у футболга бағишланган “Интерфутбол”, “Чемпион” газеталарида ўзининг қизиқарли, танқидий руҳдаги мақолалари билан чиқаётган эди.

Хайрулло Ҳамидов Тошкентдаги “Наврўз” радиоси орқали эфирга узатилган “Холислик сари” эшиттириши, кейинчалик эса “Одамлар орасида” газетасидаги фаолияти билан ўзбекистонликлар орасида шуҳрат қозонган.

Хайрулло Ҳамидовнинг қамалишини қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия каби ташкилотлар кескин қоралаб, унинг озод этилишини талаб қилиб келмоқда

XS
SM
MD
LG