Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:19

Хитойликлар ўзбек махфий хизмати раисининг махфий юзини очиб қўйди


Рустам Иноятов.
Рустам Иноятов.

Ўзбек Интернет нашрлари қудратли Миллий хавфсизлик хизматининг 20 йилдан бери ўзгармасдан келаëтган сирли раиси Рустам Иноятовнинг Хитойга қилаëтган сафари ҳақида хабар ëзиш баробарида унинг жилмайиб турган суратини ҳам эълон қилди. Жамоатчиликка умуман кўриниш бермай келаëтган "раис" суратини чоп этиш нафақат матбуот¸ балки ўзбек сиëсатидаги ўзгаришлар нишонаси сифатида кўрилмоқда.

Ўзбекистондаги норасмий ва ярим расмий Интернет нашрлари Хитойнинг расмий Синьхуа агентлигига таяниб туриб Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг Хитойга сафар бошлагани ҳақида хабар тарқатди.

Айни пайтда¸ бу хабарга хитойликлар олган сурат ҳам илова қилинди - Хитой хавфсизлик хизмати раиси¸ Политбюро аъзоси¸ Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси қошидаги Сиëсий-ҳуқуқий комиссияси котиби Мэн Цзяньчжу билан протокол учун туширилган бу суратда Рустам Иноятов қарийб бутун бўйи билан акс этган.

Рустам Иноятов хитойлик ҳамкасби билан. (Сурат Хитой агентлигига тегишли).
Рустам Иноятов хитойлик ҳамкасби билан. (Сурат Хитой агентлигига тегишли).

МХХ раисининг нима мақсад ва вазифалар билан Хитойга сафар қилаëтганию¸ унинг хитойлик ҳамкасби билан нималарни муҳокама этиб¸ нимага келишиб олгани ҳақидаги хабар қолиб¸ Рустам Иноятовнинг айни кунда туширилган расми кўпчиликда қизиқиш¸ бир пайтнинг ўзида эса¸ ҳайрат уйғотди.

Бу ҳайрат эса бежиз эмас. Ўзбекистон ҳаëтининг барча соҳаларини тўлиқ назоратига олган қудратли Миллий хавфсизлик хизматига 1995 йилнинг июнидан бери раислик қилиб келаëтган 70 яшар Рустам Иноятовнинг на ўзи ва на сурати жамоатчиликка таниш эмас. Унинг қайсидир тасодиф билан виртуал дунëга тушиб қолган бир-икки сурати ҳам қарийб 20 йил олдин тасвирга олинган. Номининг ўзиëқ аксар ўзбекистонликларда қўрқув уйғотадиган махфий хизматнинг махфий раиси шахси¸ фаолияти¸ хусусан¸ соғлиғига оид маълумотлар ҳам йўқ ҳисоби.

Саломатлиги ҳақида турли фаразлар юрган МХХ раисининг 2014 йил 14 октябрида олинган суратининг Интернет нашрларида пайдо бўлиши бундай тахминларга чек қўйишга ҳам асос бўлди.

Иноятовни кўрсатиш тақиқланганми?

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси собиқ журналисти¸ Ëшлар телеканалида "Муносабат" номли таҳлилий кўрсатув бошловчиси бўлиб ишлаган Малоҳат Эшонқулова Рустам Иноятовни кўрсатиш ҳақида расмий тақиқ бўлмаганини айтади.

Бундай тақиқ йўқлиги боиси эса¸ суҳбатдош таъкидича¸ журналистларнинг Рустам Иноятов ва унинг МХХчилари яқинига бориш¸ демакки¸ уларни кўриш¸ гаплашиш¸ суратга олиш имконидан мутлақ маҳрум экани билан изоҳланади:

- Бизга фақат Бош вазир Шавкат Мирзиëвни кўрсатмаслик ҳақида буйруқ берилган эди. Мирзиëев қатнашган ҳукумат мажлислари ҳақида тайëрланган хабар ва дастурлардан унинг тасвирини кесиб ташлаб¸ устини ëпардик. Иноятов ҳақида бизга ҳеч нарса айтилмаган¸ афтидан¸ раҳбарият бу шахс ва унинг ташкилоти билан ишлаш қоидаларини яхши билган - журналист зоти улар ëнига яқинлашган эмас. У борадиган жойлар¸ ўтказадиган йиғин ва мажлислар журналистлар учун тақиқланган ҳудуддир. Шахсан мен¸ Иноятовни на узоқ ва на яқиндан кўрган эмасман¸ дейди Малоҳат Эшонқулова.

Рустам Иноятовнинг жамоатчилик кўзидан мутлақ бекитилиши эса¸ махфий ташкилот ва унинг раисидан қўрқиш ҳиссини янада кучайтириш мақсадида қилинса керак¸ деб тахмин қилади бу суҳбатдош.

Раис ўйин қоидасини яхши билганидан кўриниш бермайди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Икром Ëқубов Рустам Иноятовни жамоатчилик кўзидан панада сақлаш ташаббускори айнан МХХ раисининг ўзи эканини айтади:

- Раиснинг шахсий ташаббуси билан Рустам Иноятовнинг расми ëки берган интервюлари жамоатчиликка очиқ кўрсатилмас эди. Билишимча¸ раис ўзи уч марта телевидениега интервю берган ва улардан бирортаси кўрсатилган эмас. Иноятовнинг ўзи сояда қолишни афзал кўрарди. Эски коммунистик тизимда ишлаб келган раҳбарлар орасида шунақа ëзилмаган қонун бор - оммавий ахборот воситаларида фақат биринчи шахс кўрсатилиши керак. Кимнинг нима қилиб¸ қаерда кўриниш бергани тўғридан-тўғри президентга етказилади ва унинг жиғига тегади. Президентда мен турганда бошқаларнинг оммавий ахборот воситаларига чиқиши мумкин эмас¸ деган ғоя бор ва Рустам Иноятов буни жуда яхши билади¸ дейди МХХ собиқ зобити Озодлик билан суҳбатда.

Ўйин қоидаси нега бузилди?

14-15 октябрь кунлари Хитой ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари МХХ раисининг Хитойга сафари ҳақида хабар тарқатди ва унинг ўз ҳамкасби билан жилмайиб қўл ушлаб турган маҳобатли суратини эълон қилди. Бу янгилик ва сурат дарҳол Россия матбуотида ҳам тарқади.

Одатда фақат президент сафарлари ва президент учрашувлари ҳақида янгилик тарқатувчи Хитой ва Ўзбекистон нашрлари Рустам Иноятовнинг Пекин расмийлари билан мулоқот чоғида террорчиликка қарши биргаликда курашни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлашда ўзаро ҳамкорликни узлуксиз ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганини ëзди.

Ëзилмаган ўйин қоидаларидан бундай чекиниш Иноятов ихтиëри билан бўлдими¸ ëки аксинча?

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ ходими Икром Ëқубов¸ буни маҳаллий жамоатчилик эмас¸ Россия бошқарувига юборилган нозик сигнал деб баҳолайди:

- Рустам Иноятовнинг Хитойга бориши ва хитойлик ҳамкасби билан суратининг очиқ эълон қилиниши бу генерал-полковник Рустам Иноятовнинг президент Каримов билан келишиб қилган ҳаракати деб биламан. Мен буни кўпроқ Россияга юборилган сигнал деб қабул қилдим. Тахминимча¸ ë Каримов қайсидир бир масалада Россия билан келиша олмаяпти¸ ëки қайсидир хавфсизлик масаласи устида Россия билан келишиш арафасида турибди. Иноятовни Хитойга жўнатиб¸ бу ҳақда хабар тарқатишдан мақсад¸ Россияга "агар сен бўлмасанг¸ Хитой бор"¸ дейишдир.

Сайловлар яқинлашаяпти ва Каримов ҳокимиятни бировга бериб қўядиган одам эмас. Хитой орқали Россияни жазавага солиш аввал ҳам бўлган. 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Каримов югуриб биринчи Хитойга борди ва Хитойдан қандайдир ваъдалар олди¸ кейин Россия тарафидан қабул қилинди. Ҳозирги вазиятда Каримов учун муҳим савол Россия¸ Путин ўзининг яна президентликда қолишига қандай муносабат қилишини аниқ билишдир. Агар Ўзбекистондаги хавфсизлик вазиятини издан чиқариши мумкин битта ўйинчи бўлса¸ у ҳам Россия. Шунинг учун сайловлар олдидан Россиянинг ўз режасига қандай қарашини билиш Каримов учун жуда муҳим. Шу мақсадда у Хитой орқали Россияга нозик сигнал юборяпти¸ деб ўйлайман¸ дейди МХХ собиқ зобити Икром Ëқубов.

XS
SM
MD
LG