Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:40

Муҳожирлар ҳақини ҳимоя қилган Махсуд Абдужабборов ҳибсдан чиқарилган


Жорий йилнинг 13 август куни Санкт-Петербург шаҳрида бедарак йўқолган ва кейинчалик Ўзбекистонга олиб кетилгани хабар қилинган “Ёшлар” ҳаракати раҳбари ва Муҳожирларни ўқитиш минтақавий маркази бошлиғи Махсуд Абдужабборовнинг қамоқдан чиққани маълум бўлди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Россия Федерацияси ҳудудига кириши тақиқланган ҳуқуқ фаоли озодликка чиқарилганидан сўнг Самарқанд шаҳрида яшайдиган акаси олдига келган.

Озодликнинг исми сир қолишни сўраган манбаси барча тафсилотларни билмаса-да, Махсуднинг Тошкент тергов изоляторидан чиққанига амин эканини хабар қилди:

- У ҳозирда Самарқандда, ўз ишлари билан машғул. Соғлиги дуруст, ҳуқуқ-тартибот органлари билан муаммолари ҳал этилди, деб ўйлайман. Унинг Россиядан ўғирлаб кетилгани, депортация қилингани тўғрисидаги маълумотлар ҳам ҳақиқат. Аммо унинг нима шартлар асосида қўйиб юборилгани, унинг ҳозирги мақоми қанақа, нима асосда у олиб кетилди ва нима айб қўйилган эди – булар ҳақида мутлақо маълумотга эга эмасман. У ҳозирча бу ҳақда гапирмасликни маъқул кўрмоқда. Нима бўлганда ҳам, унинг олиб кетилиши ва нимададир айбланиши жуда катта англашилмовчилик. Керак бўлса, вақти келиб ўзи хабар берар, деди суҳбатдош.

Манба, шунингдек, Махсуд Абдужабборовнинг Россияга яқин орада кела олишига ҳам шубҳа билдириб, ҳуқуқ фаоли ФМС бошқармасининг тушунарсиз қарори билан 2016 йилгача депортация қилинганини эслатди.

Санкт-Петербург шаҳрида “Ёшлар” ҳаракати раҳбари ва Муҳожирларни ўқитиш минтақавий маркази бошлиғи Махсуд Абдужабборов 12 август куни кечки пайт Москвага жўнаб кетганидан сўнг яқинлари билан алоқага чиқмади.

14 август куни Махсуднинг рафиқаси эрининг қўл телефонига тинимсиз қўнғироқ қилган ва ниҳоят, унга жавоб берган номаълум шахс Махсуд Красное Село шаҳридаги Хориж фуқароларини сақлаш марказига олиб борилгани, кейин уни ўша куниёқ эрталабки соат 7:30 ларда хорижий русумдаги автомобилда номаълум манзилга олиб кетишганини билдирган эди.

Яқинлари 18 августга келиб Красное Село махсус приёмнигидан "унинг аллақачон депортация қилингани” ҳақида жавоб олишга муваффақ бўлди.

Кейинроқ Россия Миграция хизмати расмийлари Махсуд Абдужабборовни 14 август куни Санкт-Петербург шаҳрининг “Пулково” аэропортидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётида ватанига жўнатиб юборилганини очиқлади.

Россия Миграция идорасининг ўтган йил 19 сентябрда Махсуд Абдужабборовни 2016 йил сентябрь ойиига қадар Россияга киритмаслик ҳақида қарор чиқаргани маълум бўлди.

Махсуд Абдужабборовнинг яқинлари ва дўстлари унинг Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганини деб гумон қилмоқда.

36 яшар Махсуд ўз сўнгги йилларда Россиядаги кўплаб ўзбек диаспоралари, Ўзбекистон элчихонаси ва консуллиги фаолиятини жиддий танқид қилиб келаётган эди.

Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар ҳимояси билан шуғулланган Махсуд Федерал миграция хизмати ва полиция идораларининг муҳожирларга қарши олиб бораётган “кураш” усулларини қоралаб келган.

Хусусан, Озодлик орқали қилган сўнгги чиқишларидан бирида у Санкт-Петербургдаги “Ёшлар” ҳаракати фаоллари 4 йил ичида турли сабаблар билан Россиядан юртига ўлиги юборилган ўзбекистонликлар сони 48 минг 674 кишига етганини қайдга олганини очиқлаган эди.

XS
SM
MD
LG