Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:33

Рублнинг долларга нисбатан қадрсизланиши узоққа чўзилиши мумкин


“Тушунмаяпман, нега рубль тушиб кетяпти?”

WhatsApp тармоғи орқали мурожаат қилган Озодлик мухлисларидан бири Россияда сўнгги пайтларда долларнинг рублга нисбатан кескин ошиб кетгани сабабларини тушунтириб беришни сўради.

Бир неча йилдан бери Москвада ишлаётганини гапирган андижонлик суҳбатдош ўзбекистонликлар ўз юртига фақат доллар ҳисобида жўнатаётгани сабабли бу ўзгаришлар “чўнтакка” сезиларли таъсир ўтказмоқда, дейди.

- Тожикистон, Қирғизистон фуқаролари учун доллар зарур ҳам эмас – улар долларда юбормайди. Ўзбекистон фуқаролари эса валюта курси бўйича доллар юборади. Доллар эса Марказий банкда кундан-кунга ўсиб бормоқда: Москвада 40 рубл тийини билан бўлса, областларда 41 дан юқори. Олдин 35 минг рубльга 1000 доллар жўнатилаётган бўлса, ҳозир 40-41 минг бўляпти. Ойлик ошгани йўқ, доллар ошиб бормоқда. Доллар нима учун ўсяпти? Украинадаги воқеалар туфайлими ёки Америками...? Шуни аниқлаштирмоқчи эдим, дейди савол берган муҳожир йигит.

Дарҳақиқат, сўнгги бир неча ой давомида Россияда рубл қадрсизланиш темплари бўйича янги рекорд ўрнатди ва 20% етди. Россия Банки биргина октябр ойи бошидан буён рубль курси 6 фоизга тушганини эълон қилди ва бу ҳам инқирознинг сўнгги нуқтаси эмаслигини тахмин қилди.

Озодлик билан суҳбатлашган яна бир муҳожир – самарқандлик Саидаҳмад, рублнинг кучсизланаётгани сабабларини аниқ билишини айтиб, “бу ҳоли ҳолваси” эканини таъкидлади.

- Менга ҳам сезилаяпти: аввал 600 доллар юборардим уйга, ҳозир 600-700 долларим 500 долларга айланди. Бу Европа, Американинг Россияга қилган санкцияларига боғлиқ. Бу Россиянинг Украинага қўллаган нотўғри сиёсати, деб ўйлайман. Тўғри, бу санкциялар охир-оқибат муҳожирларга бундан-да кўпроқ таъсир қилса керак, деб ўйлайман, бу ҳоли ҳолваси, лекин ҳамма давлатлар эркинликка эриши орзусида яшайди ва шунақа бўлади барибир, дейди демократия бутун дунёда ғалаба қозонишига ишонган Саидаҳмад.

“Рус рубли нефтга боғланиб қолган”

Аксар кузатувчилар 16 октябрга келиб рубль курсининг долларга нисбатан 41 га етиши, евронинг эса 52 дан ошганини Россия иқтисодининг нефт ва газ савдосига қарам бўлиб қолгани билан изоҳлади.

Россия Марказий Банки раҳбарияти рублни мувозанатга келтириш учун жаҳон бозорида вақти-вақти билан катта миқдорда доллар ва евро сотаётганини билдирди: айрим маълумотларга кўра сўнгги уч кунда Россия Марказий Банки рублни ушлаб туришга мамлакат заҳираларидан 1,75 млрд доллар сарфлаган.

Россия Марказий Банки раҳбари Элвира Набиуллина “қора олтин”га бўлган нархлар тушиши яқин орада тугаши ва рубль ҳам унинг ортидан ўз қадрини тиклаб олишини ваъда қилди. Мамлакат Молия вазири Антон Силуанов эса 2015 йилдан бошлаб Россия Марказий Банки рубль қадрини олтин заҳиралари ҳисобига ушлаб туришни тўхтатишини маълум қилди.

Бироқ таҳлилчилар катта миқдорда валютанинг мамлакатдан чиқарилаётгани, хорижий сармоядорларнинг Россия иқтисодиётига ортиқча маблағ киритишга иккиланиб қолгани ва Ғарб давлатларининг Украина масаласида Кремлга нисбатан санкциялар сиёсатини қўллашни давом этиши Россияда юзага келаётган жиддий иқтисодий инқирознинг ҳали анчага чўзилишини таъкидламоқда.

Рублнинг қадрсизланишини нефтга боғлиқ эканини эътироф қилган БКС молия гуруҳи бош иқтисодчиси Владимир Тихомиров Озодлик билан суҳбатда бу ҳолатни нафақат санкциялар, балки бошқа қатор омилларга ҳам боғлади:

- Одатда, 3-квартал охирлари – 4 квартал бошларида нефт нархи доимо пасайиб келган, чунки автомобилда юриш фасли бўлган ёз тугади, аммо қишга тайёргарлик билан боғлиқ шов-шув ҳали бошланмади. Шунингдек, глобал иқтисодиёт тикланиши секинлашаётгани, Осиёда, хусусан Хитойда эса ўсиш суръатлари умуман пасайиб кетгани ёнилғи хом-ашёсига бўлган талабнинг кескин тушишига ҳам олиб келмоқда. Долларнинг ошишига жаҳон бозоридаги молия ва жамғарма биржаларидаги динамиканинг тушиши ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда, дея фикр билдирди таҳлилчи Владимир Тихомиров.

"Церих Кэпитал Менеджмент" сармоя компанияси таҳлил бўлими бошлиғи Николай Подлевских эса нефт маҳсулотлари нархларининг тушиб кетишига илгари муаммоли саналган Ироқ, Ливия мамлакатларидан бўлган таклиф ошиб бораётгани таъсир қилаётганини айтади.

Таҳлилчи нефт ва газга боғланиб қолган Россия аллақачон бюджет тақчиллигига юз тутаётгани ва айрим соҳаларга маблағларнинг етишмаслиги оддий россияликлар ҳисобига қопланишига ишонишини билдирди:

- Нефт-газ даромадлари бюджетнинг асосий қисмини ташкил этади. Ундан чиқди, биз аллақачон бюджет тақчиллигига эгамиз. Шу сабабли, аввалига арзимас соҳаларга ажратмалар қирқилади, кейин эса жиддийроқлари. Ахир Россия рецессия ҳолатига тушмаслик учун унинг сотилаётган Urals маркали нефти 100 доллардан пасtга тушмаслиги керак, дейди ўтган сентябр ойида Urals нинг ҳар бир баррели ўртача 95 доллар атрофида сотилганини таъкидлаган Николай Подлевских.

Бошқа томондан, экспертлар сўнгги вақтларда АҚШда нефт қазиб олиш ҳажми ошгани, илгари бу мамлакатга етказилаётган нефтнинг жаҳон бозорига арзонроқ нархда чиқарилишига олиб келганини ҳам эҳтимолдан xоли қилмасликни сўрамоқда.

XS
SM
MD
LG