Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:18

Петербургда 5 ўзбек муҳожири пичоқлаб кетилди


Uzbekistan: knife
Uzbekistan: knife

Санкт-Петербургнинг “Охтинский” нон заводида содир бўлган жанжал оқибатида ўзбекистонлик 5 муҳожир пичоқланди ва оғир аҳволда шифохонага олиб кетилди. Ҳодиса гувоҳлари жароҳатланган йигитлардан бирининг шифохонада жон берганини айтмоқда. Полиция бу ҳодисага алоқадорликда гумонланган икки муҳожирни қидирмоқда.

21 октябр куни Санкт-Петербургдаги нон заводларидан бирида ишловчи ўзбекистонлик ҳаммоллар ўртасида, ҳозирча номаълум сабабларга кўра, келиб чиққан жанжал оқибатида беш нафар одам пичоқланди ва оғир аҳволда шаҳардаги бир неча шифохонага олиб кетилди.

Бу хабарни Озодликка маълум қилган завод ишчиларидан бири, Ўктамбек исмли муҳожир ҳодиса кечки соат 8:30-ларда шаҳарнинг Красногвардейский туманидаги Маршал Тухачевский кўчаси 24-уй манзилида жойлашган “Охтинский” нон заводи омборхонасида содир бўлганини гапириб берди.

- У ерда мен ўзим шофёр бўлиб ишлайман, хлеб ташийман. Кечқурун биз нон юклагани борганимизда бизни киритмади. Ичкарида пичоқлашиш бўлганини айтишди. Қисқаси, 5-6 сурхондарёлик бола ва иккита водийлик боллар бўлган. Бир сурхондарёлик билан водийлик бола урушиб қолган, қолганлари ажратаман деб келса, тўсатдан водийлик бола сурхондарёликка пичоқ қадаган. Ёнидаги шериклари ажратаман деса, уларга ҳам қадаворган. Яъни, ҳаммасига бир киши пичоқ қадаган. Иккита водийлик заводдан чиқиб қочиб қолган, қолганлар ярадорлар билан чалғиб қолган. Уларни кеча болнисага олиб борган эди – биттаси бўлмай қолди,- дейди ҳодиса тафсилотларини Озодликка гапириб берган Ўктамбек.

Суҳбатдошнинг айтишича, пичоқ ўлган йигитнинг юрагига теккан, ярадорларнинг қолганлари ҳам жуда оғир аҳволда қолмоқда. Чавақлаб кетилган юк ташувчи мардикорлар ёши 20-23 атрофида экани маълум.

Ўктамбек ўзбекистонлик ишчилар иш жойи учун талашиб қолган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

- Учтаси Сурхондарёдан, иккитаси – Кашқадарёдан. Ўлган боланинг исми Алибек, уни Али деб чақиришарди. Қолганлардан, пичоқ еганлардан Мусулмон, Муҳаммад деганлари бор. Жиноятчилардан биттаси Лазиз деган бола экан. Кеча ҳамма ёқни мелиса, ФМС босди – ҳаммаси документ текшириб ётибди. У боллар ҳаммаси грузчик эди. Водийлик пичоқлаган бола янги келган экан – ишга келганига 3-4 кун бўлган. Чиқиша олмабди, олдиндан шунақа бола экан, болларнинг айтиши бўйича. Шундай қилиб ҳаммасини пичоқлаб кетибди-да,- дейди Ўктамбек.

Санкт-Петербургнинг Красногвардейская полиция бўлимида Озодлик сўровига ҳодиса ҳақиқатан содир бўлганини тасдиқлаб, ҳозирча тергов олиб борилаётгани туфайли изоҳ берилмаслигини билдиришди.

- Аниқ билганим – улардан уч кишини Александровский шифохонага олиб кетишди. Қолган икки киши қаерга тушганини билмайман. Тергов давом этяпти,- деди туман полиция бўлими навбатчи офицери.

Озодлик жароҳат қолган ўзбеклар шаҳарнинг 3-сонли Елизаветенский ва Ҳарбий-тиббий академия шифохоналарига жойлаштирилганнини аниқлади. Шифохоналардан бирида Ўзбекистон фуқаролари қорин ва кўкрак қафасидан пичоқ билан яраланганини тасдиқлаб беришди.

Шифохона маъмурияти улар реанимация бўлимида эканлиги сабабли уларнинг ҳозирги ҳолати бўйича ортиқча маълумот бера олмасликларини билдиришди.

Шаҳар Тергов қўмитасида бу ҳодисада Ўзбекистон фуқароси ўлдирилгани тўғрисидаги маълумотни на инкор эта олишлари, на тасдиқлай олишларини маълум қилишди.

Айни пайтда, 21 октябр куни кечки 21:20 ларда Петербургнинг Мариинский ва Тез ёрдам институти шифохоналарига шаҳарнинг Советская кўчасидан яна учта оғир яраланган муҳожир келтирилгани айтилмоқда. Ҳозирча қайси давлат фуқароси экани аниқлаштирилмаётган, аммо полиция томонидан марказий-осиёлик экани тасдиқланган шахсларнинг ҳам пичоқлаб кетилгани маълум: улардан бири реанимация бўлимида ўта оғир аҳволда қолмоқда.

22 октяб куни кечаси соат 2:30-ларда Петербургнинг Богатирская кўчасида иккита дўкон ёниб кетди. Ҳодиса жойига етиб келган полиция дўкон олдида кўкраги, қорни ва қўлидан ўқ еган 33 яшар меҳнат муҳожирини топган. Аниқланишича, у 30 яшар петербурглик билан тортишиб қолган.

Транспорт полицияси ходими экани аён бўлган бу шахс муҳожирни ИЖ-79 травматик пистолетидан ярадор қилган. Ўқ отгани учун ҳибсга олинган полициячининг дўконларнинг ёниб кетишига алоқаси бор-йўқлиги текширилмоқда.

Озодлик Россиянинг турли минтақаларида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўзаро муштлашувлари тез-тез содир бўлиб туриши тўғрисида хабар бериб келади.

XS
SM
MD
LG