Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:32

Владимир Путиннинг россияликлар орасида рейтинги пасайди


Россиянинг “Левада” Ижтимоий сўров маркази сўнгги ойларда президент Владимир Путиннинг аҳоли ўртасидаги рейтинги тушиб бораётганини қайд этди. Марказ таъкидича, ҳозир Россияда Путинни қўлловчилар сони 49 фоизга тушган. Авуст ойида эса бу кўрсаткич 57 фоизни ташкил этган эди.

“Левада” маркази ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, 2014 йил бошидан бери тарафдорлари сони 66 фоиздан ошган президент Путин рейтинги сентярбда энг юқори нуқта - 87 фоизга етган эди.

Аммо, Ғарб давлатлари санкциялари ҳамда нефть нархининг кескин пастлаши ортидан рус валютасининг евро ва долларга нисбатан қадрсизланиб бораётгани боис, Россия президенти рейтинги бирданига 6 фоизга тушиб кетган.

“Левада” олиб борган сўровда ҳозир Россияда сайлов ўтказилса, россияликларнинг 49 фоизи Владимир Путинга овоз бериши аниқланган. Ваҳоланки, августда Путинга овоз берувчилар 57 фоизни ташкил этганини қайд этган эди худди шу марказ.

Шунингдек, ҳокимият партияси саналган “Единая Россия” обрў-эътибори ҳам россияликлар назарида бироз пасайгани кузатилган. Айни пайтда Россия Компартияси раҳбари Геннадий Зюгановнинг рейтинги 3-4 фоизга ошгани аниқланди.

Мутахассислар Россия давлат раҳбари рейтингининг тушишини ижобий баҳолаб, бу яқингача ҳукмрон бўлиб келаётган жамиятда кескинлик кайфияти тушганидан дарак эканига эътибор қаратмоқда.

Айни пайтда, “Левада” маркази директори Алексей Гражданкин сиёсий лидерлар рейтинги доимий равишда юқори нуқтада тура олмаслиги ва қачонлардир пастлаши одатий ҳол эканини айтади.

Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков президентнинг рейтинги кўтарилиб тушиши табиий ҳол экани ва Кремлда унга “унчалик эътибор бермасликлари”ни таъкидлаб ўтди.

“Левада" маркази раҳбарларидан бири, социолог Лев Гудков бу кўрсаткичларнинг асосини оддий халқда шаклланган “Владимир Путин ўрнига ҳеч ким мамлакатни бошқара олмайди” деган тасаввурдан қидириш кераклигини айтади.

- Бир томондан, ҳозирги кунда Путинга муқобил етакчининг йўқлиги тўғрисидаги тасаввур оммага сингдирилгани, бошқа томондан эса одамларнинг ўзида “у ростдан ҳам одамларга буюк ўзгаришлар олиб келади”, деган хом хаёл парваришланмоқда. Танлаш имконияти йўқлиги ва пуч ишончлар Путиннинг ҳозирча халқ орасида оммавий қўллаб-қувватланишига сабаб бўлмоқда. Ахир йил бошида 60 фоиз россиялик Путиндан ваъда қилинганларни кутавериб чарчаганини айтаётган эди, - дея изоҳ берди жамиятшунос Лев Гудков.

Бироқ, Россияда мавжуд ва Кремлга яқин бўлган бошқа социологик тадқиқот марказлари сўровлари Владимир Путиннинг нуфузи пасайгани кузатилмаганини билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG