Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:23

План тўлди. Нишонда мактаб ўқувчилари пахта теримига чиқарилди


Далада пахта қолмагани боис мактаб ўқувчилари бир чаноқ пахтани теришга мажбурланмоқда
Далада пахта қолмагани боис мактаб ўқувчилари бир чаноқ пахтани теришга мажбурланмоқда

Қашқадарё вилоятининг пахта тайёрлаш режаси расман бажарилган бўлса-да, 20 октябрдан бошлаб Нишон туманидаги аскар мактабларнинг 5-9 синф ўқувчилари оммавий равишда пахта теримига сафарбар этилди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган мактаб директори ва ўқитувчиларга кўра, мактабларда дарслар тамоман тўхтатилган. Ётоғи билан пахта теримига чиқарилган ўқитувчилар эса ҳамон даладан қайтмаган.

Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани марказидаги мактаблардан бошқа ҳамма мактабларнинг юқори синф ўқувчилари пахта теримига сафарбар этилди.

Бу ҳақда Озодликка исми сир қолишини сўраган мактаб директорларидан бири хабар қилди. Унинг айтишича, вилоятдан тайинланган вакил ҳамма ўқитувчию директорларни зир қақшатяпти:

“Мактабларни ёпиб, ўқувчиларни теримга сафарбар қилишнинг бошида Қашқадарё вилояти ҳокимининг Нишон туманидаги вакили, "Ўзагросуғурта" вилоят дирекцияси директори Омон Хушмуродов турибди. У мактабма-мактаб юриб ҳаммани пахтага ҳайдаяпти. Туман пахта кўрсаткичлари бўйича ортда қолмоқда. Шу боисдан вакил мактабларни ёптирди, маҳаллий фермерларни уриб, сўкиб бўлса ҳам пахта териб топширишга мажбур қилмоқда” дейди суҳбатдош.

Нишон тумани ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозими, Озодлик билан суҳбатда, мактаб ўқувчиларининг пахта теримига чиқрилаётганини тасдиқлади:

“Пахта сиёсати жуда қаттиқ бўляпти. Мактаб директорларига юқори синф ўқувчиларини пахтага чиқариш ҳақида оғзаки топшириқ берилгани рост. Вилоят ҳокими ҳар куни селектор йиғилишида бирорта ҳам ташкилот четда қолмасин деб фармойиш беряпти. Текширувчилар келиб кетганидан сўнг, ўқувчилар ҳам теримга жалб қилинди”, деди ҳокимлик мулозими.

Озодлик пахта тераётган ўқитувчилардан бири билан боғланишга муваффақ бўлди. Исми сир қолишини сўраган ўқитувчига кўра, мактабларда фақат бошланғич синф ўқувчилари қолган:

- Фақат тўртинчи синфгача дарс бўляпти. Қолган синфларнинг ўқувчию ўқитувчилари ҳаммаси далага сафарбар этилган. Ҳатто совуқ кунлари ҳам болаларни чиқаришди. Айрим ота-оналар болларимни чиқармайман деб жанжал қилишди, лекин уларга ялиниб-ёлвориб чиқаряпмиз. Бизнинг мактабга 4 тонна пахта териб берасизлар деган эди, беш тоннадан ҳам ошиб кетди, лекин жавоб беришмаяпти,- деди ўқитувчи.

Ўқитувчига кўра, мактабнинг юқори синф ўқувчилари ўтган ойларда ҳам теримга чиқарилган эди:

- Халқаро меҳнат ташкилотининг вакиллари текширишга келади экан деб, ўқувчиларни зудлик билан ортга қайтаришган ва мактабларда дарслар тўлиқ ўтилган эди. Улар келиб кетганидан сўнг яна ҳамма ўқувчилар пахтага чиқарилди. Мен сизга айтсам, 35, 11-мактаблар, борингки Нишон марказидаги мактаблардан бошқа ҳаммасида ўқувчилар пахтага чиқарилган,- деди ўқитувчи.

Нишон туманининг Ғафур Ғулом номидаги 10-ўрта мактабнинг юқори синф ўқувчилари ҳам пахтага чиқарилган, деди тумандаги Озодлик манбаси:

- Ёрдамчилар кетди, лекин мактабимизнинг юқори синф ўқувчилари пахта теряпти. Далада пахта қолмаган, чаноқларда қолган бир чигитли пахталарни териб юришибди. Кеча ўқитувчи ва ўқувчиларни далада эканлигини ўзим кўрдим,- деди манба.

Ўзбекистонда давлатга пахта хомашёси сотиш режаси бажарилгани эълон қилинганидан сўнг, аксарият ҳудудларда теримга сафарбар этилган бюджет муассасалари ишчи-хизматчилари, талабалар ва коллеж ўқувчилари даладан қайтган эди. Бироқ, Нишон туманида ҳашрчаилар кетгани боис терим суръати тушиб кета бошлагач, мактаб ўқувчилари ҳашарчилар ўрнини қоплаш учун теримга сафарбар этилган.

Пахта мавсуми бошида Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлашга кўрсатма берган, ҳатто бунга йўл қўйган амалдорларни жазолашни ваъда қилган эди. Бироқ, шунга қарамай Қашқадарё вилояти туманларида болаларни пахта теримига сафарбар қилиш, жажжи қуллар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG