Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:06

Қирғиз-ўзбек чегарасида олти киши ярадор бўлди


Қадамжойни Қизилқия шаҳри билан боғлаб турадиган автойўлнинг бир қисми.
Қадамжойни Қизилқия шаҳри билан боғлаб турадиган автойўлнинг бир қисми.

Қизилқия-Қадамжой автойўлида 10 ноябрь куни Ўзбекистон чегарачилари фуқароларга қарши қурол қўллагани оқибатида тўрт нафар ўзбекистонлик ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Марказ қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро тан жароҳати олди.

Бу ҳақда Озодликка воқеа гувоҳлари хабар қилишди.

Қирғизистон Чегара хизмати мулозимларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари сўзларига таянган ҳолда маълум қилишича, қирғизистонлик икки фуқаро Hyundai Porter русумли икки юк машинасида контрабанда юкини (товуқ ва ўрдак оёқларини) қирғиз-ўзбек чегарасидан ўғринча олиб ўтмоқчи бўлган. Айни пайтда гувоҳлари машинада беш нафар ўзбекистонлик ҳам бўлганини айтишмоқда.

Қирғизистонликлар машинасини Қизилқия-Қадамжой йўли четида тўхтатишиб, ундан контрабанда молини тушираётган пайтда бу ерга Ўзбекистон чегара наряди етиб келган. Қўлга олиш чоғида қаршилик кўрсатишгани учун ўзбекистонлик чегарачилар уларга қарши қурол қўллаган.

Пировардида қирғизистонликлардан бири ҳамда ўзбекистонликларнинг бешаласи ярадор бўлиб, Ўзбекистоннинг Водил қишлоғидаги касалхонага етказилган. Ярадорларнинг аҳволи қандайлиги тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.

Айни пайтда Фарғона туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари Озодликка кечаги ҳодиса чоғида ўзбекистонликлар ярадор бўлгани тўғрисида ўзларига ҳеч нарса маълум эмаслигини билдиришди. Водил шифохонасига бир қирғизистонлик ярадор олиб келинганини тасдиқлаган бирлашма ходими унинг жарроҳлик амалиётини бошдан кечиргани, амалиёт 10 соатча давом этгани, ҳозир қирғизистонлик фуқаро уйқуда экани, уйқудан 8-10 соатлардан кейин уйғониши мумкинлигини маълум қилди.

Қирғизистонлик фуқароларнинг иккинчиси эса қирғиз чегарачилари томонидан “Айрибас” назорат-ўтказиш масканида тутилиб, Давлат миллий хавфсизлик хизматининг Қадамжой туман бўлими ходимларига топширилган. Қирғизистон Чегара хизмати ҳозирда содир бўлган нохуш ҳодиса сабаб ва ҳолатлари ўрганилаётганини маълум қилади.

Қизилқия-Қадамжой автойўли Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтувчи транзит йўл бўлиб ҳисобланади. Бу йўлдан фақат Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўта олади. Айни пайтда қирғизистонликлар транзит йўлида тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга эмас.

XS
SM
MD
LG