Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:43

OzodlikOnline: Ҳукуматдан қочганлар учун таҳликасиз жой қолдими?


Таъқиб ва қийноқлардан қўрққан ўзбекистонликлар қочиб борадиган "запасной аэродром"лар кўламининг тобора кичрайиб бораëтгани айтилмоқда.
Таъқиб ва қийноқлардан қўрққан ўзбекистонликлар қочиб борадиган "запасной аэродром"лар кўламининг тобора кичрайиб бораëтгани айтилмоқда.

Ҳуқуқ тизимлари томонидан диний экстремизмдан тортиб то иқтисодий жиноятларга қадар айблангач¸ қийноқларга тўла тергов ва қамоқ эҳтимолидан қочиб кетаëтган ўзбекистонликлар учун бехатар бошпана топиш тобора қийинлашиб бормоқда. Душанба кунги жонли суҳбатда шу ҳақда гаплашамиз.

11 ноябрь куни Тошкентда Бирлашган Араб Амирликлари Адлия вазири ҳамкасби Неъматилла Йўлдошев билан амирлик ҳудудида юрган Ўзбекистон фуқароларини расмий Тошкент талабига кўра экстрадиция қилишни кўзда тутувчи келишувни имзолади.

Kелишув “ Жиноятчиларни экстрадиция қилиш¸ жазога ҳукм қилинганларни бериш ва жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ëрдам” ни кўзда тутади.

Имзоланган ҳужжатлар¸ айтилишича¸ БАА қамоқхонасида жазо ўтаëтган Ўзбекистон фуқаросининг жазонинг қолган қисмини Ўзбекистон қамоқхонасида ўташи учун ҳуқуқий асос яратган.

Келишув Ўзбекистон судлари тарафидан жиноий жазога тортилган¸ лекин БАА ҳудудида бекиниб юрган Ўзбекистон фуқароларини БАА адлия тизимлари кўмагида экстрадиция қилинишига ҳам ҳуқуқий база яратган.

Сешанба куни имзоланган келишув Ўзбекистон сўровига кўра БААда яшириниб юрган Ўзбекистон фуқароларини ортиқча бюрократиясиз бериб юборилишини кўзда тутади.

Ўзбекистонда катта ва ўрта бизнес эгалари қора маскалилар рейдларию турли иқтисодий жиноятлар нишонига айланганидан сўнг юзлаб тадбиркор Дубайда қочиб юргани инобатга олинса¸ бу ҳужжат асосида БААдан яқин кунларда қўлига кишан солиниб Тошкентга олиб келинадиган “қочоқ”лар сони кўпайишини тахмин қилиш мумкин.

Амирликнинг иқтисодий жиноятларда айбланиб қочган ўзбеклар учун бехавотир маскан мақомидан ажраши¸ уни Россия¸ Қозоғистон ва Туркия каби хавотирли давлатлар сафига қўшди ва қочаëтганлар учун яқин ва осон (визасиз) жуғрофий харитани торайтирди.

Фундаментал инсон ҳақлари тамойилига кўра¸ ҳатто энг оғир жиноятни содир этганлар ҳам қийноқ ва босимлардан холи тергов ва адолатли маҳкамага ҳақли. Ўзбекистонда мутлақ ҳамма (ҳатто президент қизи)нинг айнан шу фундаментал ҳақдан мосуво қолаëтгани¸ мамлакат ҳибсхоналаридан жазони ўташ муассасаларига қадар қийноқларнинг систематик тус олгани ҳақидаги инкор қилиб бўлмас факт-далиллар ўзбек ҳуқуқ тизимлари таъқибидан қочган ҳар қандай жиноятчини ҳам билвосита сиëсий қочқинга айлантиради. Шу боис уларни қийноқлар қўлланиладиган мамлакатга экстрадиция қилиш инсон ҳақларига оид БМТ конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатларга зид кўрилади.

Шунга қарамай¸ Ўзбекистон расмий идоралари қидирувга берганларни БАА билан имзоланган келишувда қайд этилган каби "ортиқча бюрократиясиз" Ўзбекистонга бериш юборишга рози бўлаëтган давлатлар сони кўпаймоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати ўзаро ҳуқуқий ëрдамга оид 1993 йилги Минск келишуви ва асосан 90-йилларда имзоланилган икки томонлама келишувлар асосида Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон¸ Туркманистон¸ Озарбайжон¸ Болгария¸ Чехия¸ Грузия¸ Украина¸ Латвия¸ Литва¸ Туркия¸ Жанубий Корея¸ Хитой¸ Ҳиндистон¸ Эрон ва Покистондан ўз фуқароларини олиб келишга эришиши мумкин.

Бу рўйхатга 2014 йил ноябрига келиб Бирлашган Араб Амирликлари қўшилиши сабабларини тақозо қилган омиллар¸ Сизнингча¸ нималар?

Ўзбекистон ҳукумати бугун қочиб кетганлардан айнан қайси тоифани мамлакатга қайтаришга уринмоқда?

Катта ўғирликларда айбланаëтганларнинг Ўзбекистонга топширилишига шахсан Сиз қандай қарайсиз - бу жиноятга яраша жазоми ëки адолатсиз қурбонлик?

Ўзбекистон ҳукумати тазйиқидан қочганлар учун бугун қайси давлатлар¸ Сизнингча¸ бехавотир?

Душанба¸ 17 ноябрь Тошкент вақти билан соат 19:05 да бошланадиган бир соатлик жонли суҳбатимизда шу саволларга оид жавобларингиз билан OzodSkype, OzodlikOnline ва OzodOvoz Skype манзиллари орқали қатнашишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG