Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:19

Мерос қандай тақсимланади?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида меросни тақсимлаш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Мерос тартиблари борасида қизиққан жиззахлик Санобар шундай ёзади:

“Яқинда дадам вафот этди. Ҳозир ундан қолган молу-мулкка биринчи турмушидан бўлган фарзанди ҳам давъогарлик қилармиш. Ахир эр вафот этса, унинг номидаги мол-мулк тўғридан-тўғри турмуш ўртоғига ўтмайдими? Нимага дадам 20 йил аввал ажралиб кетган оиласи ҳам меросга аралашади?”, дея сўради Санобар.

Тошкентлик Нозим эса “Нега марҳумнинг никоҳ давомида орттирган мол-мулкига турмуш ўртоғи ва болаларидан ташқари ота-онаси ҳам меросхўр бўлади?”, деган саволни йўллади.

Бухоролик Муҳаммад эса “Марҳумнинг турмуш ўртоғи ва болаларидан ташқари, унинг туғишган ака-опалари ҳам меросхўр саналиши мумкинми?”, дея сўради.

Аввало мерос ўзи нима деган саволга жавоб изласак:

Фуқаролик кодексига кўра, мерос таркибига мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчар ва кўчмас мулк, ашёлар, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар, жумладан, хусусий мулк ҳуқуқи, кредит муассасаларида сақланаётган омонатларга бўлган ҳуқуқ, деҳқон хўжалиги ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, ер участкасини ижарага олиш каби ҳуқуқлар киради.

Мерос тақсимлашнинг иккита тури бўлиб, биринчиси мол-мулк эгаси қолдирган вазиятнома асосида мерос бўлинади.

Бунда мулк эгаси вафотидан аввал кимга нимани мерос қолдириш борасидаги васиятномани нотараиал идорадан тасдиқлатади.

Васият қилувчи ўзининг хоҳишига кўра мол-мулкини исталган шахс, ҳатто қариндоши бўлмаган кишига ҳам васият қилишга ҳақли.

"Нотариат тўғрисида"ги қонунга кўра, васиятнома билан васият қилувчининг вафотига қадар унинг розилигисиз танишиш мумкин эмас яъни васиятнома мазмуни ҳеч кимга ошкор қилинмайди.

Васият қилувчининг вафотидан кейин васиятнома билан танишиш учун нотариал идорага мурожаат қилинади.

Тошкентдаги нотариал идораларидан бирининг ходимига кўра, васият қилувчининг вафотидан кейин нотариус мерос ҳақида меросхўрларни хабардор қилиши шарт:

“Зарур бўлса, нотариус мерос ҳақида матбуот орқали эълон бериб меросхўрларни чақириши мумкин. Васият қолдирувчи ўз васиятномасида мол-мулки кимга қолиши ҳақида аниқ ёзади. Уй бўлса, уйи кимга қолиши ёки машинаси бўлса, уни кимга қолдиришини васиятномада аниқ кўрсатади. Мерос очилган пайт васиятнома асосида мол-мулк тақсимланади”, деди исмини очиқламаётганимиз нотариус.

Васиятнома йўқ бўлган ҳолатда меросхўрлар қонун бўйича аниқланади.

Фуқаролик кодексига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (қандай никоҳданлиги аҳамиятсиз яъни биринчи ёки иккинчи никоҳдан туғилган болалар ҳамда асраб олинган болалар ҳам), эри (хотини) ва ота-онаси қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдуирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворис ҳисобланади. Уларнинг барчаси меросдан ТЕНГ УЛУШ олиш ҳуқуқига эга.

Мерос қолдирувчининг ака- укалари ва опа- сингиллари, шунингдек, ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси иккинчи навбатдаги ворислар саналади.

Амалдаги қонунларга кўра, агар меросхўр меросни олишдан аввал вафот этган бўлса, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтади. Бунда улуш меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Нотариал идора меросхўрга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради. Ушбу гувоҳнома мерос очилган кундан олти ой ўтганидан кейин берилади.

*****
Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG