Линклар

Шошилинч хабар
08 октябр 2024, Тошкент вақти: 03:43

Музей бош муҳофизи картина ўғирлаганликда айбланиб қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Расм оригинали ва копияси
Расм оригинали ва копияси

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмоновни 9 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилди. Музей бош мухофизи қамалишидан олдин Ўзбекистон Давлат санъат музейи ҳазинасидаги ўнга яқин картина ўғирланиб¸ ўрнига қалбаки нусхалари қўйилганига оид жиноят иши доирасидаги тергов давом этаëтгани ҳақида Озодлик мақола эълон қилган эди.

Тошкент шаҳар прокуратураси вакили Темур Нормуҳаммедовнинг Ўзбекистон расмий матбуотига билдиришича, музей мансабдори 1999 йилдан 2014 йилга қадар музейнинг кўплаб нодир асарларини сотиб юбориб, давлатга жуда ката миқдорда зарар келтирган.

Бош муҳофиз Мирфайз Усмонов музейнинг бошқа ходими – реставратор Абдураҳмон Мурановга картиналарнинг қалбаки нусхасини чиздириб, оригинал нусхани сотиб юборган. Шу тариқа Александр Николаевнинг “Рисунок мальчика”, “Девушка с фруктами”, Оганес Татевосьяннинг “Чайхана”, “Бухара”, “Море”, Николай Караханнинг “Девушки у хауза”, Рихард-Карл Зоммернинг “Мост через горную реку”, “Шашличная” картиналари пулланган.

Шунингдек, Усмонов музейнинг экспонатларни таъмирлаш лабораторияси мудири Бахтиёр Ботиров билан тил бириктириб, европалик рассомларнинг 25га яқин асарини ҳам сотиб юборган.

Қайд этилишича, суд Ботиров ва Мурановга ҳам 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини берган.

Музей бош муҳофизи қамалишидан олдин, шу йилнинг май ойида, Озодлик Ўзбекистон Давлат санъат музейи ҳазинасидаги ўнга яқин картина ўғирланиб¸ ўрнига қалбаки нусхалари қўйилганига оид жиноят иши доирасидаги тергов давом этаëтгани ҳақида хабар қилган эди.

Мақолада Озодликнинг Тошкентдаги манбалари "Давлат музейидаги расмлар қалбакисига алмаштирилган" деган иддаони саслантирган эди.

Жорий йилнинг 5 май куни Озодликка бир ҳужжат ва сифати унчалик яхши бўлмаган фотосуратлар илова қилинган мактуб келиб тушди.

Бу мактубда Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланган 7 дурдона асарнинг асл нусхаси қайтарилгани иддао қилинган эди. Бу иддаолар орадан олти ой ўтиб судда тасдиғини топди.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатда Оганес Татевосьяннинг – “Бухара” (Дорога на Ургут), “На рыбалке” ва Николай Караханнинг “Чойхона” асари. Шунингдек, Зоммернинг - “Девушки у хауза”, “Шашлычная” ва “Мост через реку” асари. Рассом Александр Николаевнинг – “Девушка с фруктами” ва бошқа асарлари алмаштириб қўйилгани айтилган эди.

Бу таниқли мўйқалам усталарининг асарлари муқаддам Давлат санъат музейи экспонати бўлган. Ҳозир ўз қадрдон музейига қайтарилган бу картиналар жиноятнинг ашëвий далили сифатида малакаланиб тургани ҳам Озодликдаги мақолада келтирилган эди.

Мақолада шунингдек шу вақтгача айни номда Ўзбекистон давлат музейида турган асарлар қалбаки бўлгани, уларнинг асл нусхалари ғойиб бўлишига президент қизи Гулнора Каримованинг алоқадорлиги иддао қилинган эди.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатлардан бирида “Гулнора Каримованинг буйруғи билан унинг одамлари музей хазинасидаги умумхалқ бойлиги бўлган дурдона асарларни бемалол ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб чиқишган. Пировардида бу асарлар Гугуша нигоҳини севинтирсин дея¸ унинг чет элдаги саройлари деворларига илиб қўйилган”, дейилган эди.

Музейдаги тафтишда камомад аниқланди

Ўзбекистон Давлат санъат музейида ўтган тафтиш мобайнида камомад аниқлангани хабарини ҳам ўз вақтида Озодлик эълон қилинган эди.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи Озодлик манбалари музейдаги асл асарлар ўғирланиб, ўрнига сохтаси қўйилгани суриштирув жараёнида аниқланганлигини айтишган эди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ 42 экспертдан иборат ва ўта замонавий ускуналар билан қуролланган ишчи гурух барча экспонатларни инвентаризация қилиш бўйича музейда бир неча ой давомида иш олиб борган.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги Озодлик манбаси иддаосига кўра¸ музей ҳазинасида сақланган Татевосьян Оганес Карапетович (1889-1974)¸ Карахан Николай Григорьевич (1900-1970)¸ Рихард-Карл Карлович Зоммер (1866-1939), Александр Васильевич Николаев (Усто Мумин) (1897-1957) каби рассомларнинг “Туркистон авангарди” услубида яратган ўнга яқин асари музейдан ўғирланиб, ўрнига қалбаки нусхалари қўйилган.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ шу кунларда асарларнинг оригиналлари музейга қайтарилгани ва бу картиналарнинг қалбакиси билан алмаштириб қўйишда гумон қилинган музей ходимлари сўроқ қилинаëтганлигини билдирган эди.

Эксперт: Қалбаки нусхалар "ўта уқувсизларча чизилган"

Озодлик тасарруфида музейда қалбакисига алмаштирилган етти нодир асарнинг репродукцияси бор. Шу билан бирга бу оригинал картиналарнинг қалбаки нусхалари фотосуратлари ҳам Озодликда мавжуд.

Бу репродукциялар билан танишган рассом ва тасвирий санъат эксперти¸ ҳозир АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик Сергей Игнатьев уларнинг сифати ëмонлиги боис хулоса бериш қийинлигини билдирди.

Игнатьев ўз тасарруфидаги айнан ўша 7 асарнинг сифатли репродукциясини таҳлил қилиб¸ бу асарларнинг бадиий ва тижорий қиммати юксаклиги, шу боис ўғрилар нишонида қолганини айтди.

Ўғирлик изи Гулнора Каримовага бориб тақалдими?

Ўзбекистон давлат музейидаги талон-тарожликлар ҳақида Озодлик радиоси бир йилдан бери ўз суриштирувини олиб бормоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига оид уйни ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси борлигини билдирган эди.

Бу суриштирувлар давомида Ўзбекистон Давлат санъат музейига оид бир нечта асарнинг Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Женевадаги вилласида экани аниқланди.

Бу уйни ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон эълон қилган картиналар фотосуратларини кўрган санъатшунослар бу картиналар орасида 1964 йили оламдан ўтган Виктор Уфимцев мўйқаламига оид учта рангтасвир асари борлигини аниқлашган эди.

Озодлик суҳбатлашган асли ўзбекистонлик рассом Сергей Игнатьев, ўзидаги маълумотларга асосланиб, бу асарларнинг музей фондларидан ўғирланган бўлиши мумкинлигини иддао қилган.

Гулнора Каримованинг Женевадаги уйидан чиққан Уфимцевнинг 3 дона асари Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланганми ëки йўқми, деган савол ҳали ўз жавобини топмади.

Аммо, Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ музейнинг тасвирий графика бўлимини инвентаризация қилиш жараёнида Уфимцевнинг 6 та асари сохта экани аниқланган.

"Тафтиш жараёни шаффоф эмас"

Озодлик билан суҳбатда Игнатьев тасвирий саънат дурдоналарининг ўғирланишига кўпчиликнинг қули борлини тахмин қилади.

- Ҳозирча ўғирлик юзасидан тергов олиб бораëтган мутасаддилар жараëннинг шаффофлигидан манфаатдор эмасдай туюлмоқда. Улар ҳозир Гулнора Каримованинг чўкиб қолганидан фойдаланиб миллий бойлигимизнинг талон-тарож бўлишига алоқадор бошқа одамларни яширишга уринишмоқда¸ - дейди рассом Сергей Игнатьев.

Озодлик ўз суриштируви мобайнида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигида ишлаган ва тасвирий санъат учун учун маъсул бўлган собиқ мулозимга ҳам мурожаат қилди.

Ўз исми эълон қилишини истамаган бу арбоб Озодлик билан ёзишмада музейларга оид санъат асарларининг мулозимлар тарафидан талон-тарож қилиниши схемаси тафсилотларини очиқлади.

“Она ўйлари” асарини ҳам ўғирлашга уринишган"

Ўз иддаосини facebook тармоғи орқали Озодликка йўллаган бу собиқ мулозим Ўзбекистон Давлат санъат музейидаги энг машҳур асар бўлган “Она ўйлари” асари ҳам махсус схема асосида мамлакатдан олиб чиқиб кетиб, сотиб юборилишига бир баҳя қолган:

"Москвада раҳматлик Раҳим Аҳмедовнинг катта шахсий кўргазмаси ташкил этилган, унга Ўзбекистон музейларидан ҳам бир қанча шоҳ асарларни зўравонлик билан Опанинг номидан олиб боришган (Опа дейилганида Гулнора Каримова назарда тутилган - Таҳр.). Хусусан, бутун дунëга машҳур булган "Она ўйлари” асарини ҳам Москвада хусусий коллекционерларга сотишга келишилган. Ўзбекистон ДСМнинг бебаҳо дурдонаси булган бу асарни 58 минг (АҚШ доллари)га сотиб олишга Э. (Исми сир сақланмоқда - Таҳр.) билан келишишган. Э. Раҳим акани бу асаридан Москванинг ўзида копия ишлаб беришга кўндирган. Бироқ кўргазма залининг бошлиғи бундан хабар топгач, қаттиқ жанжал рўй берган. Москвадаги кўргазмага асосий, музей фондидан олинган ишларни зудлик билан Тошкентга қайтариб жўнатишган. Олинган аванс эвазига рўйхатда бўлмаган ишларни бериб қутулишган.Тансиқбоев ва Уфимцев асарлари кўргазмалари ҳам шу каби хуфëна ва Опа топшириқ берди, деган темпларда ўтказиб келинган", деб ёзган собиқ мулозим бундай ҳолатлар камида бир марта Интерпол тафтишига мавзу бўлганини ҳам қўшимча қилди:

"Бундай схемада ташкил қилинган бир-икки кўргазмаларга Ўзбекистоннинг давлат музейларидан олиб чиқиб кетилган баъзи шедеврлар билан боғлиқ кўнгилбузар ЧП лар туфайли Вазир Рустам Қурбонов ишдан кетган, дейишади.(Маданият ва спорт ишлари собиқ вазири назарда тутилган - Таҳр.) музейидан олинди, дея гумон қилиниб текширилган эди", деб ёзди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигида ишлаган ва соҳа учун маъсул бўлган собиқ мулозим.

Мулозим иддаосига кўра, айнан бу схема асосида Ангрендаги Уфимцев галереясидан Кашина, Тансиқбоев, Лабас, Аҳмаров асарлари сирли тарзда ғойиб бўлган.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигига қўнғироқ қилиб, мамлакат музейларидаги ўғирлик ва камомадлар борасида сўраган изоҳига жавоб олмади.

Жавобсиз саволлар ëки ўғри фақат бир кишими?

Озодликка келиб тушган мактуб ва унга илова қилинган фотосуратлар билан танишган рассом Сергей Игнатьев мактубинг аноним муаллифларига бир нечта савол ҳозирлади.

Сергей Игнатьевнинг бу жавобсиз саволларини тингловчилар диққатига ҳам ҳавола қилишга қарор қилдик:

"Биринчи галда бу расмлар қандай қилиб чет элга чиқиб кетган, қайси қарор ва ҳужжат асосида бу расмлар чегарани хатлаган, картиналарнинг оригинали ўрнига музей фондида копия деб айтишга ҳам тил айланмайдиган ва арзимас савиядаги жўн чапламалар туриши билан боғлиқ факт бу жиноятнинг музей маъмурияти билан жиноий келишув асосида бўлганига ишоратдир.

Нусхаларнинг нопрофессионаллар тарафидан ўта малакасиз тарзда чизилиши фактидан келиб чиқиб¸ бу жиноят музей ходимлари иштирокида бўлган, дея олсак¸ навбатдаги саволлар келиб чиқади:

1) Бу расмлар айнан қайси музейга оид бўлган?

2) Оригинал картиналарнинг қалбакисига алмаштириб қўйилганидан ким хабардор бўлган?

3) Музей ходимлари ҳамда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги мулозимларининг бу жиноятга алоқаси қанчалик ўрганилди?

4) Бу картиналарни чет элга олиб чиқиш учун Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги изн берганми?

5) Бу картиналарнинг оригинали айнан қаердан топилди? Гулноранинг уйиданми? Агар шундай бўлса, қайси уйидан ва қачон?

6) Расмларни ким Ўзбекистонга ким қайтарди? Ҳуқуқ тартибот идораларими ëки “яхши ниятли одамлар”ми?

7) Ҳозир бу картиналар қаерда? Музейдами ëки ҳуқуқ-тартибот идорасидами?

8) Ўзбекистон миллий бойлигини ўғирланиши юзасидан жиноий иш очилганми? Агар очилган бўлса¸ ким томонидан ва қачон очилган?

9) Мактуб муаллифи картиналар ўғирланганига Гулнора Каримова алоқадор, деб ëзибди. Қайси асосга кўра бундай ҳулосага келинди?

10) Бу айблов мактубида айбни фақат Гулнора Каримова зиммасига ағдариб¸ ҳақиқий картина ўғриларни ўзини кўздан пана қилишни мақсад қилмаганми?

11) Менга маълум бўлишича¸ Алишер Навоий номли кутубхонадан нодир китоблар ўғирланган. Бу китоблар орасида Қуръони каримнинг ноëб нусхалари ва шарқ миниатюра усталари чизган расмлар билан безалган дурдона қўлëзмалар бор. Кутубхонадаги ўғирлик юзасидан жиноят иши очилганми?

12) Энг муҳими¸ шу пайтгача Гулнора Каримова устидан жиноят иши очилмасдан унинг зиммасига айблар юкланмоқда. Гулнора Каримова атрофида шовқин-суронли айбловлар процессуал нормаларга зид тарзда ўтмоқда. Нега шундай? Каримовлар оиласи шу тариқа ўз ўрнига келмоқчи бўлган юқори лавозимли амалдорлар билан муроса йўлини изламоқдами?

Рассом Сергей Игнатьевнинг бу саволларига орадан олти ой ўтиб Ўзбекистон Давлат музейининг бир нечта ходими қамоққа олиниб судга тортилганидан кейин қисман жавоб топилгани айтилади.

Ўзбекистон музейлари – ноëб асарларнинг қўриқланмаган сандиғи

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин мамлакат музейларида ўғирлик ва талон-тарож эпидемия каби тарқалгани эсланади.

Хива Ичан қалъа музейи бош муҳофизи Озод Каримов 1992 йилда музейда юз берган ўғирлик ҳануз очилмаганини айтади:

- Ҳозир ҳам ўшанда ўғирланган экспонатлар Интерпол қидирувида долзарб бўлиб турибди¸ - дейди суҳбатдош.

2001 йил охирида Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан рус рассомларининг бешта машҳур асари ўмарилган эди.

Айвазовскийга оид “Даштда кун ботиши”¸ Тропинин чизган “Оболенская портрети”¸ Брюлловнинг “Турк қизи”¸ Крамскойнинг ”Қизил дуррали қиз” ва Суриковнинг “Мерган қиз” асарлари ўғирлаб кетилган эди.

Кейинги икки-уч йилда Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан итальян рассоми Томазо Солари чизган “Олма ушлаган Венера” ва машҳур рассом Беллони мўйқаламига мансуб “Чўмилаëтган аëл” асарларини ўғирлашга уриниш бўлган.

Ўзбекистон музейларидаги кўп асарларнинг оригиналлари пулланиб¸ ўрнига қўлбола нусхаларини қўйиш амалиëти ҳам урчигани айтилади.

- Ўзбекистондаги Тасвирий санъат билим юртининг икки ўқитувчиси Давлат санъат музейдаги асарларни алмаштириб қўйиш мақсадида нусха ишлагани учун ўтган йили жиноий жавобгарликка тортилди¸ - дейди исми айтилишини истамаган яна бир санъатшунос Озодлик суҳбатда.

Ўзбекистон музейларида Пабло Пикассо¸ Василий Кандинский каби машҳур рассомларнинг асарлари мавжуд.

Бу асарларнинг жаҳон бозоридаги нархи бир неча миллион доллардан ошади.

XS
SM
MD
LG