Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:07

Yenı Şafak: “Муҳаммад Солиҳ ўлдириладиганлар рўйхатида”


Yenı Şafak газетасидаги мақола
Yenı Şafak газетасидаги мақола

Туркиядаги етакчи ва иқтидорга яқин Yenı Şafak газетасида Ўзбекистон мухолифат арбобларидан бири Муҳаммад Солиҳ ва унинг ўғли Темур Солиҳ ўлдириладиганлар рўйхатида борлиги ҳақида ëзди. Турк журналисти иддаосича, бу рўйхат ўзбек ва рус хавфсизлик хизматлари томонидан тайёрланган.

Шу йилнинг 10 декабрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳри Зайтунбурни мавзесида Абдуллоҳ Бухорий номи билан танилган Мирзағолиб Ҳамидовнинг отиб ўлдириши муносабати билан ëзилган мақолада ушбу суиқасд ортидан рус ва ўзбек махсус хизматларининг тўрт кишилик қатл рўйхати чиққанлиги таъкидланади.

Мақола муаллифи Ҳамди Қўч ўғлининг Озодликка билдиришича, уч ой илгари тайёрланган бу рўйхатда Муҳаммад Солиҳ, унинг ўғли Тимур Солиҳ, қирғизистонлик имом Рашод қори ва бир неча кун олдин ўлдирилган Абдуллоҳ Бухорийларнинг исмлари жой олган:

- Бу рўйхат ўзбек махсус хизматлари тарафидан¸ рус махсус хизматларининг кўмаги билан тайëрланган. Жиддий ва тахликали бу рўйхат мени қўлимга уч ой бурун тушди. Бу рўйхатдагилардан бири¸ яъни Бухорий ўлдирилди. Рўйхатда яна уч кишининг исми бор. Булардан бири Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ. Яна бири у кишининг ўғли Тимур Солиҳдир. Шунингдек бу ўлим рўйхатида қорасувлик Рашод қори ҳам бор. Қўлимдаги ҳужжатга асосланиб айтсам бу кишилар ҳаëти учун жиддий таҳлика мавжуд¸- деди Yenı Şafak мухбири Ҳамди Қўч ўғли Озодлик билан суҳбатда.

Газетанинг ич саҳифаси
Газетанинг ич саҳифаси

Суҳбатдошга кўра¸ рўйхатдагиларни бирлаштирувчи нуқта — Каримов режимига қаршиликдир:

- Рўйхатдаги одамларни бир-бирлари билан яқин муносабати йўқ. Уларни бирлаштирувчи нуқта Каримов режимига қаршиликдир. Абдуллоҳ Бухорий ўз маърузаларида Каримовга қарши гапиргани учун рўйхатга тиркалди. Рашод қорининг ўзбеклар ва қирғизлар тарафидан эҳтиром қилиниши, унинг диний мавзудаги маърузалари режимга таҳдид сифатида кўрилгани боис рўйхатга кирди. Қатл рўйхатига исми киритилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳга нисбатан илгари ҳам икки маротаба суиқасд тайёрланган ва янги қатл рўйхатига киритилган. Унинг ўғли Тимур Солиҳ эса илк маротаба қатл рўйхатига киритилган¸- дейди Ҳамди Қўч ўғли.

Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда бу рўйхатни Каримовнинг сайлов кампаниясидаги қўрқитиш тадбири эканини урғулади:

- Шу пайтгача рўй берган ҳодисалар мантиғидан келиб чиқиб шуни тахмин қиламанки, жиноятлар сайловлар арафасида қасддан содир қилинмоқда. 2007 йилда журналист Алишер Соипов ҳам сайловлар арафасида ўлдирилган эди. Алишер Соипов ўз мақолаларида Каримов режимини кескин танқид остига олган ва мухолифат билан яқин алоқада бўлган эди. Бундан ташқари, 2011 йилда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати аъзоси Фуад Рустамхўжаев ҳам ўлдирилган эди¸- дейди Муҳаммад Солиҳ.

"Қотилнинг қўлида Муҳаммад Солиҳ яшайдиган уйнинг чизмаси бўлган"

Yenı Şafak газетаси мухбири Ҳамди Қўч ўғлининг Озодликка билдиришича, қотилнинг қўлида Муҳаммад Солиҳ яшайдиган уйнинг чизмаси бўлган:

- Бу рўйхатдаги Бухорийга қараб ўқ отган киши ушланди. Унинг чечен миллатига мансублиги ва қўлида Украина паспорти борлигини айта оламан. Мендаги ҳужжатлар тўпламида Муҳаммад Солиҳ, Тимур Солиҳ, Рашод қори ва ўлдирилган Абдуллоҳ Бухорийнинг расми, улар ҳақида батафсил маълумотлар ва яшаётган жойлари ҳақидаги маълумотлар бор. Шунингдек, Муҳаммад Солиҳ яшаётган уйнинг харитадаги жойлашуви ҳам кўрсатилган¸- дейди суҳбатдош.

Тазйиқлар билан юзма-юз

Ўзбекистон мухолифати арбобларига нисбатан ҳужумлар илк бора бўлаëтгани йўқ. Жорий йилнинг 24 августга ўтар кечаси Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйи ўққа тутилган эди.

2011 йилнинг 24 сентябрь куни, ўзбек мухолифати фаолларидан бири Фуад Рустамхўжаев Иваново шаҳрида ўз уйи олдида отиб кетилган эди.

Фуад Рустамҳўжаев
Фуад Рустамҳўжаев

2012 йил 22 февраль куни Швециянинг Стромсунд шаҳрида Ўзбекистондаги Каримов режимини ошкора танқид қилиб келган таниқли уламо Обид қори Назаровга ўз уйи подъездида суиқасд уюштирилган эди.

Яқин тарихга назар солсак, ўзбек мухолифат етакчиларининг таҳдид билан юзма-юз бўлган ҳолатлари кўплигини кўрамиз.

2001 йил 15 июнида Қашқадарёлик мухолифатчи¸ парламент депутати Шовриқ Рўзимуродов қўлга олинди ва сал ўтмай жасади оиласига қайтарилди. Шовриқ Рўзимуродовнинг тергов давомидаги қийноқ оқибатида ўлгани айтилади.

1999 йили Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши бош бошқармаси бошлиғи полковник Ботир Турсунов ва Интерполнинг Ўзбекистон бўлими бошлиғи полковник Маҳмуд Хайитовлар, Россияда тадбиркорлик билан шуғулланадиган собиқ милиционер Баҳром Мўминохунов иштирокида Муҳаммад Солиҳга қарши амалга ошмай қолган суиқасд ҳақида Озодлик радиоси рус ҳизмати мақола эълон қилган эди.

Бу радиомақолада Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд қилишдан охирги дақиқада воз кечган собиқ милиционер Баҳром Мўминохуновнинг иқрори ўрин олган.

Муҳаммад Солиҳ ҳақида

Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ 1949 йилда Хоразм вилоятида туғилган.

Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Миллий Университет)нинг Журналистика факультетини, Москвадаги Олий Адабиёт курсини тугатган.

Муҳаммад Солиҳ
Муҳаммад Солиҳ

СССРнинг сўнгги йилларидаги ошкоралик сиёсати Муҳаммад Солиҳни ўткир публицистга айлантирди.

У Ўзбекистондаги пахта яккахокимлиги, Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик фожеа мавзуларида кўплаб мақолалар эълон қилди.

Муҳаммад Солиҳ 1988 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган илк норасмий мухолиф ҳаракат - "Бирлик"нинг асосчиларидан бири бўлди. Муҳаммад Солиҳ мухолифатдаги "Эрк" демократик партиясини 1990 йилда ташкил этди.

Муҳаммад Солиҳнинг номзоди Ўзбекистонда 1991 йил декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ислом Каримовга рақиб сифатида илгари сурилган, расман 12,7 фоиз овоз тўплагани хабар қилинди.

Ўзбекистонда мухолифатга қарши бошланган тазйиқлар 1993 йилда Муҳаммад Солиҳни ватанни тарк этишга мажбур қилди. Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Солиҳни 1999 йилги 16 февраль портлашларининг ташкилотчиларидан бири деб айблаган, лекин Ўзбекистон Олий судида кўрсатма берган ва кейин қамоқхонада ҳаётдан кўз юмган Зайниддин Асқаров Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги кўрсатмаларини қийноқлар натижасида олинганини Озодликка билдирган эди.

2011 йилдаги "Араб баҳори" дан руҳланган ўзбек мухолифатчиларини, Берлин шаҳрида қатор Ўзбек мухолиф гуруҳларини ўзида бирлаштирган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига асос солишди. Муҳаммад Солиҳ бу қурултойда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг раиси этиб сайланди.

XS
SM
MD
LG