Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:33

Қирғизистонда бола сотиб олиш ҳақидаги эълон баҳсларга сабаб бўлмоқда


Баҳсларга сабаб бўлган эълон “Томчи” газетасининг 16 декабрь кунги сонида чоп этилган.
Баҳсларга сабаб бўлган эълон “Томчи” газетасининг 16 декабрь кунги сонида чоп этилган.

Қирғизистондаги маҳаллий газеталарнинг бирида “бола сотиб оламан” деган эълоннинг чоп этилиши катта шов-шувга сабаб бўлмоқда. "Томчи" газетаси таҳририяти эълон хато кетганини айтмоқда. Кузатувчилар эса Қирғизистонда қонуний тарзда бола боқиб олиш ўта машаққатли бўлгани боис бола савдоси тез-тез учраётганини айтишади.

Қирғиз тилида чоп этиладиган “Томчи” газетасининг сўнгги сонида “бир ярим ёшгача бўлган қиз бола сотиб оламан” деган эълон чоп этилди. Эълоннинг сурати Фейсбук ва Твиттер тармоқлари фойдаланувчилари тарафидан кенг тарқатилиб, воқеа оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти фаоллари томонидан қизғин муҳокама этилмоқда.

Мамлакат Ички ишлар вазири матбуот хизмати ходими Эрнис Ўсмўнбаев вазирликнинг Жиноий тергов бошқармаси бу воқеа юзасидан текширувлар ўтказаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳозирча бола сотиб олиш ҳақидаги эълонни ким ва нима мақсадда бергани аниқланмаган.

- Жиноий тергов бошқармаси ходимлари ҳозир бу борада иш олиб боришмоқда. Ҳозирча эълонни берган шахс аниқланмаган. Газетанинг нима учун одам савдосига оид эълонни нашрга бергани ҳозирча тушунарсиз,- деди Ўсмўнбаев.

Эълонда буюртмачининг телефон номери ҳам кўрсатилган, бироқ Озодлик мухбирининг ушбу телефон рақамига қўнғироқ қилиш уринишлари бесамар кетди – қўнғироғимизга ҳеч ким жавоб бермади. Бунинг уддасидан чиққанини иддао қилган “24.kg” нашрининг билдиришича, буюртмачи ўзини 48 ёшдаги Венера исмли аёл эканини ва эри билан боқиб олиш учун қизча излаётганини айтган.

"Бизнинг оиламиз жуда яхши. Эрим милиционер, ўзим эса шифокорман. Ёшим 48да. Иккита боламиз катта бўлиб қолигани учун кичкина қизни боқиб олмоқчимиз", дея иқтибос келтиради “24.kg” нашри.

Нашрнинг ёзишича, Венера ўзини бола сотмочқи бўлган ёш жувон деб таништирган журналистга бола учун қанча пул беришини айтолмаган, бироқ унга қўнрғироқ қилаётганлар 10-15 минг қирғиз сўми (170-250 доллар) сўрашаётганини билдирган.

Баҳсларга сабаб бўлган эълонни чоп этган “Томчи” газетаси муҳаррири Жанар Қамбаралиев Озодлик билан суҳбатда, эълонда хато кетиб қолганини, газетанинг кейинги сонида бу борада тушинтириш берилиб, муштарийлардан кечирим сўралишини айтди.

- Реклама бўлимидаги қизимиз “боқиб оламан” деган жумлани “сотиб оламан” деб ёзиб олибди. Кейинги сонимизда халқдан кечирим сўраб, тўғрилаб чиқарамиз. Энди “бола боқиб оламан” деб эълон берса яхшида. Етим юрган болалар ота-онали бўлиб қолишади,- дейди Қамбаралиев.

Бироқ мутахассислар Қирғизистонда бола асраб олиш бўйича қонунлар борлиги ва уларга риоя қилмаганлар жавобгарликка торлиши айтишади.

Қирғизистондаги “Бедарак йўқолган болаларнинг ота-оналари” жамоатчилик уюшмаси раҳбари Бақит Эгембердиев Қирғизистонда ноқонуний бола савдоси чуқур илдиз ортганини айтади. Унга кўра, ҳукуматнинг ташландиқ ёки етим қолган болаларни асраш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича етарлича иш олиб бормаётгани бунга сабаб бўлмоқда.

- Ҳукуматнинг етим болаларни асраш бўйича сиёсати йўқ. Шунинг учун ҳам бизда бола савдоси ривожланиб кетган. Бола асраб олмоқчи бўлган ўзимизнинг фуқароларимиз қатор қийинчиликларга дуч келишади. Кўпчилик ота-оналар қўйилган шартлардан ўтолмай қолишади. Бизда етим болалар, йўқолиб қолган болалар хавфсизлигини ҳеч қим муҳофаза қилмайди. Бундай эълонларни болага мухтож бўлганлар иложсизликдан ёзишади. Ҳукуматнинг ягона дастур ишлаб чиқа олмагани сабаб бола савдосига чек қўйилмаяпти, - деди Бақит Эгемдердиев.

Қирғизистоннинг Ижтимоий тараққиёт вазири Қудайберген Базарбаев юқорида айтилган фикрга қўшилмайди. Унга кўра, вазирлик бу борада қатор чора-тадбирлар олиб бормоқда. Вазир газеталардаги “бола сотиб оламан” ёки “боқиб оламан” деган эълонлар қонунга зид эканини айтиб, бундай ҳолатларга нисбатан тегишли органлар чора кўришлари керак эканини таъкидлайди.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, Қирғизистонда бола асраб олмоқчи бўлганларнинг сони оз эмас. Янги туғилган болаларни асосан туғолмайдиган аёллар ёки бола кўрмаган ота-оналар боқиб олишади. Бундай фуқароларнинг бола асраб олишдаги асосий муаммоси қоғозбозлик экани айтилади.

Кузатувчилар бола савдоси ўзбекистонликлар, айниқса Россияда меҳнат қилаётан ўзбек муҳожирлари орасида ҳам кенг тарқалганини айтишади. Декабрь ойи бошида Сaнкт-Петербург шaҳридa 9 ойлик чaқaлоғини 25 минг рублга сотишгa урингaн 24 ёшли ўзбекистонлик aёл 3 ярим йилга қамалган эди.

XS
SM
MD
LG